Меню

Қашқадарё

30.03.2021 1719

Мавжуд бўлмаган институтга “ўқишга киритиб қўйиш” учун 18 минг доллар?!

Куни кеча вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати 13 нафар фуқарони 18 минг 100 АҚШ долларига чув туширган фирибгар қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, Ғузор тумани Совбоғ маҳалласида яшовчи П.М. ва Буюк карвон йўли маҳалласилик Х.Н. ўзаро жиноий тил бириктириб, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани Сарабий маҳалласида яшовчи А.А.  ва олий маълумотга эга бўлишни истаган жами 13 нафар фуқаронинг ишончига киради. Уларни “Қарши инфокоммуникация” нодавлат институтига ўқишга қабул қилиш ҳамда олий маълумотга эга бўлишгани ҳақида диплом беришни ваъда қилиб, алдов йўли билан жами 18 минг 100 долларни қўлга киритишади.

Ўзларининг жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида қалбаки диплом ва талабалик гувоҳномалари ҳам тайёрлаб беришади.

Мазкур холат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, 2016 йилда бир қатор интернет нашрларида “Қарши инфокоммуникация” нодавлат таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, Хоразм вилояти Хазорасп туманидаги фуқародан 200 доллар олган фирибгар ҳақида хабарлар чиққанди.

Ўша хабардаги исм-фамилия ва манзилларга назар солсак, хоразмлик кимса Ғузорда яшовчи П.М. билан тил бириктиргани ойдинлашади. Демак, илгари нодавлат таълим муассасасида ишлаган ғузорлик кимса қонунга зид қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган.

“Қарши инфокоммуникация” нодавлат таълим муассасаси эса вилоят хўжалик судининг 2012 йил 18 апрелдаги қарори билан давлат реестридан чиқарилган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!