Меню
Қашқадарё
МАВСУМ ОХИРЛАМОҚДА, ОЧКОЛАР ЭСА МУҲИМ
Таъкидлаб ўтиш жоиз, чемпионат финишига 6 та тур қолган бир пайтда, жамоаларимиз учун ҳар бир ўйиндаги натижа жуда муҳим. Жумладан, Ўзбекистон Кубоги мусобақасини ярим финалдан тарк этган “Насаф” Осиё Чемпионатлар Лигаси йўлланмасидан батамом умидини узмаслиги учун буёғига мағлубиятга учрамаслиги керак. Агар жамоа 2-ўринни сақлаб қола олса, чемпионатнинг кумуш медаллари билан бир қаторда ОЧЛга чиқиш учун ўтиш ўйинларида иштирок этиш имконини ҳам қўлга киритади. Бунинг учун эса эртага “Динамо” ҳам мағлубиятга учратилиши керак. Шунингдек, “аждарлар”ни мусобақа сўнгига қадар “Машъал”, “Металлург”, “Шўртан”, “Пахтакор” ва “Навбаҳор” билан бўладиган муҳим ўйинлар кутиб турибди.
Ўтган турда Муборакда “Суғдиёна” билан мазмунсиз ўйин кўрсатиб, нурсиз дуранг қайд этган “Машъал” эса мухлислар ишончини қайтариш учун Олмалиқ шаҳрида ўзини кўрсатиши лозим. Акс ҳолда турнир жадвалида бир поғона қуйидаги ўринни эгаллаб турган рақибни олдинга ўтказиб юбориб, ўзи пастга шўнғийди.
“Шўртан”нинг айни вақтдаги ҳолати эса анча хавотирли “Обод”нинг мусобақадан четлатилганини инобатга олсак, Геннадий Кочнев шогирдлари 15 та жамоа ичида 14-ўринни эгаллаб турибди. Агар мусобақа низомига кескин ўзгартириш киритилмаса, “Обод”нинг ўрнига Биринчи лига чемпиони тўғридан-тўғри Олий лигага ўтади. 15-ўринни эгаллаган жамоа эса келгуси мавсум ҳам элитада қолиш учун Биринчи лигадаги 2-ўрин эгаси билан ўтиш баҳсида иштирок этишга мажбур бўлади. Айни вақтда турнир жадвалида 15-ўринни эгаллаб турган “Нефтчи” ҳамда 14-ўринни эгаллаган “Шўртан” жамоалари ана шундай хавф остида туришибди. Улар ўртасидаги фарқнинг бор-йўғи 3 очко эканини инобатга олсак, “Шўртан” хавфли вазиятдан чиқиб кетиш учун буёғига ҳар бир ўйинда максимал натижа сари ҳаракат қилиши лозим.
Ж.ҚИЛИЧЕВ