Меню
Қашқадарё
МАТОНАТ, МАРДЛИК ВА ФИДОЙИЛИК САБОҚЛАРИ
Болалар мазкур боғда амалга оширилган улкан миқёсдаги бунёдкорлик ишлари билан таништирилди.
- Сизлар мураккаб турмуш ташвишларига жуда эрта дуч келдингиз, шу боис ҳам ҳаётга бошқалардан кўра ўзгача ва теран нигоҳ билан қарайсиз, - деди тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Зафар Рўзиев. - Қийинчиликлардан қўрқмасдан, матонат ва бардошга суяниб, улғаймоқдасиз. Келгусида ҳам ҳаёт машаққатларини дадил туриб енга олишингиз учун албатта ўқишингиз зарур. Илм олиб, ҳунар ўрганиб, ҳаётда ўзингизнинг муносиб ўрнингизни топишингиз лозим. Элга нафи тегадиган асл фидойи ва ватанпарвар бўлиб камол топишларингиз керак. Бунинг учун барча имкониятларни яратиб бериш - бизнинг вазифамиз.
Шундан сўнг ватанпарварлик мавзуидаги бадиий-мусиқий дастур намойиш этилди. Саҳнада Соҳибқирон Амир Темур сиймоси, Ватан ҳимоячилари ҳаётидан лавҳалар акс эттирилди. Она юрт, дўстлик, жасорат, мардлик, матонат ва фидойилик улуғланган қўшиқлар янгради, дилбар рақслар ижро этилди.
- Болажонларимизнинг юз-кўзларида акс этаётган ҳайрат, завқ ва қувонч тадбир ёрқин таассуротларга бой бўлаётганидан дарак, - дейди Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тарбиявий-мафкуравий ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Файзулла Шерматов. - "Бу маскан ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактаб ўқувчиларининг ҳарбий касбга бўлган қизиқиши ортишига хизмат қилиши керак", деб таъкидлаган эди Президентимиз мазкур боққа ташрифи чоғида. Боғни барпо этишдан кўзланган мақсад ёшларда тарихимиз ва маданиятимиздан ғурурланиш туйғусини кучайтириш, Ватан равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз номини абадийлаштириш, миллий армиямиз қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтиришдан иборат эди. Бугунги тадбир ҳам мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
- Бу боққа илгари ҳам келгандим, аммо бу сафар кўриб, кўзларимга ишонмай қолдим, - дейди Нишон туманидаги 4-ўрта мактабнинг 7-синф ўқувчиси Камолмурод Тоғаев. - Айниқса ҳарбий техникалар, махсус тайёрланган ҳарбий ҳандақ, Ўзбекистон миллий харитаси макети бизда жуда катта таассурот қолдирди. Чегара ҳудудида, олис Талимаржон шаҳрида яшаймиз. Ёшлигимдан шаҳримиз кўчаларида ҳарбийларга дуч келсам, ҳавас билан қараб қоламан. Ниятим - келгусида Миллий гвардия сафида Ватанимга хизмат қилиш.
Тадбир ресторанда бир пиёла чой устида давом этди. 386 нафар болага Президент совғалари - иссиқ кийим-кечаклар топширилди. Шундан сўнг ўқувчилар шаҳар аҳоли дам олиш масканида ҳарбий ватанпарварлик мавзусидаги "Ҳаёт" фильмини томоша қилишди.
Нуриддин ЭГАМОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.