Меню
Қашқадарё
МАТЕМАТИКАНИ ЭРТАКДАЙ ТУШУНТИРАДИ
Ҳозирча 1 минг 183 та мактаб 18 минг 422 та замонавий компьютер жамланмаси билан таъминланди. Янги ўқув йили бошланишига қадар 31 минг 800 нафар ўқувчи ва 817 нафар ўқитувчи IT йўналишидаги халқаро сертификатларни қўлга киритган.
Таълим фидойилари
Шу йил олий ўқув юртларига кириш бўйича тест натижалари эълон қилинганида "Китобнинг 50-мактабидан бир синф ўқувчининг деярли ҳаммаси олий ўқув юртига кирибди", деган хабар тарқалди. Билмаганлар "Йўғ-е, рост эканми? Ўқитувчиси ким бўлса?", деб ажабланди. Билганлар "Ҳойнаҳой бу Парвоз муаллимнинг ўқувчилари бўлса керак", деб қўйишди. Негаки бундан 4 йил олдин ҳам бу педагог раҳбарлигидаги синфдан 21 ўқувчининг 19 нафари ўқишга кириб, 90 фоиз натижага эришилган эди.
Билганларнинг гапи тўғри чиқди: Парвоз Элмирзаевнинг синфидаги 22 ўқувчининг ҳаммаси талаба бўлди. Улардан 12 нафари бўлажак математика ўқитувчиси. Математика фанидан синф раҳбарининг ўзи сабоқ берган. Бундай натижа ихтисослаштирилган мактабларда бўлса кўп ҳам ажабланмайди киши, чунки болалар иқтидорли, танлаб олинган. Парвоз Элмирзаевнинг шогирдлари эса мактаб атрофидаги иккита қишлоқнинг болалари. Бир ўқитувчининг натижаси мактаб натижасига ҳам таъсир кўрсатган, албатта. 2022-2023 ўқув йилида мактаб битирувчиларининг 59 фоизи олий ўқув юртларига кирган бўлса, якунланган ўқув йилида 66 фоиз натижага эришилган.
Дарвоқе, Китобнинг узоқ қишлоғидаги оддий мактабда қўлга киритилган бу натижанинг сири нимада?
- Бу аввало ўқитувчига боғлиқ, - дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш шуъбаси мудири Анвар Умаров. - Парвоз Элмирзаевда ҳавас қилгулик икки жиҳат бор. Биринчидан, у ўз фанини яхши билади ва яхши кўради. Иккинчидан, методикаси кучли, билганларини ўқувчига етказа олади. Унинг фидойилиги эса бу ҳар икки жиҳатини тўлдириб туради.
Дарвоқе, бир синфдан 12 ўқувчининг математика ўқитувчиси бўлишни хоҳлаши бежиз эмас. Олдинги йилларда ҳам ҳар гал мактабнинг уч-тўрт ўқувчиси институтларнинг айнан математика факультетига ўқишга кирган. Баъзан Парвозга ҳазиллашиб, бу аҳволда қишлоқда математика ўқитувчиси кўпайиб, ўзингизга иш қолмайди, дейишади. "Майли" деб қўяди Парвоз ҳам жилмайиб.
Парвоз Элмирзаев аксарият шогирдларининг математика фанига меҳр қўйиши бу, биринчи навбатда унинг педагогик маҳорати натижасидир. Ўқитувчи ҳар бир дарсини кундалик ҳаёт билан боғлайди, мисоллар орқали мураккаб математик қоидаларни реал воқеликка айлантиради. Болалар қадамларида математикани кўра бошлайдилар.
Мисол учун геометриядаги Пифагор теоремасини ўтаётганда уни қурувчи фаолиятига боғлайди. Параболик антенналар, радарлар, прожекторлар, фонарлар ихтироси асоси математикадаги парабола функцияси эканини шу мавзуни ўтаётганида гапириб беради. Шогирдлар устозлари тушунтираётган мураккаб математик қоидаларнинг инъикосини ҳаётда кўришади ва тасаввурларида инсон математика билан нафас олаётгандай туюлади. Кўплар учун ўта мураккаб туюлган математикани болалар эртакдай осон тушунишади, ўзлари сезиб-сезмай фанга қизиқиб, яхши кўриб қолишади.
Парвоз Элмирзаев математика фанига барча фанлар боғлиқлигини ва математикасиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмаслигини амалиётда исботлаб, ўқувчилар онгига сингдиришни ўзига шиор қилиб олган. Шунинг учун дарсларида фанни мавзудан келиб чиққан ҳолда иқтисодиёт, биология, кимё, тиббиёт, физика, тарих, адабиёт ёки тасвирий санъат билан ҳам боғлайди. Оддийгина банкдан кредит олганда фоизлар ҳисобланишини математикасиз билиб бўлмаслигини содда қилиб тушунтиради.
Бир гал унинг очиқ дарсига кирганлар математикани адабиёт билан боғлаганидан ҳайратланишди. У рус шеъриятидаги ямб вазнида урғу шеърдаги жуфт бўғинларга 2, 4, 6, 8, ... тарзида тушишини айтиб, урғули бўғин сонлари арифметик прогрессияни ташкил этишини, бунда биринчи рақам 2 бўлиб, прогрессия тафовути 2 ни ташкил этишини тушунтириб берди.
Бундан ташқари, рус шеърий нутқидаги урғусиз ҳижо, яъни урғули ҳижодан кейин келадиган икки бўғинли туроқлардан иборат хорей вазнида бўғин рақамлари 1, 3, 5, 7… тарзида ортиб бориши ҳам арифметик прогрессия эканини тушунтирди. Бунинг учун рус шоири Пушкин ижодидан мисоллар келтирди.
Дарвоқе, у Пушкиннинг буюклиги ўз ижодида математикадан устамонлик билан фойдаланганида, ҳатто шоирнинг 5, 8, 13, 21 ва 34 мисрали шеърлари тузилиши математикадаги Фибоначчи кетма-кетлиги қоидасига мувофиқлигини асослаб берди. Фибоначчи кетма-кетлиги табиатда ҳам кўп учрашини айтиб, буни дарахт шохларининг ўсиши, япроқлар жойлашиши ва асаларилар кўпайиши жараёнига боғлади.
Парвоз Элмирзаев шогирдларини "фанлар қироличаси" билан бирга бошқа барча фанлар асосини чуқур ўрганишга ундайди, бобокалонларимиз қомусий олим ўтганликларини эслатади, ёшликда ўрганганлари ҳаётларини мунаввар қилиб, умрларини безашини, Ҳазрат Алишер Навоий бежизга: "Йигитликда йиғ илмнинг махзанин, Қарилик чоғида харж қилғил ани", деб ёзмаганини ўқтиради.
У ўзининг математика хонасини бугунги кун талабларига мос жиҳозлаб олган. Фанга доир барча ўқув воситалари, кўргазмали қуроллар, электрон дарслик ва қўлланмалари мавжуд. Муҳими, у янгиликка, инновацион ғояларга ўч ва ўта меҳнаткаш. Ўзи ҳам тинмайди, шогирдларини ҳам тиндирмайди. Ютуқлари замирида ҳаловатсиз кунлари, бедор тунлари ётади. Бундай устозга ким ҳам шогирд бўлишни хоҳламайди дейсиз, шу сабаб унинг математика тўгарагига нафақат ўзининг мактабидаги, балки туманнинг тоғли ҳудудларидаги бошқа мактаблардан ҳам ўқувчилар қатнашади. Кўплаб шогирдлари билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларида фаол иштирок этишмоқда.
Парвоз Элмирзаев фақат ўқувчиларни эмас, ёш ўқитувчиларнинг ҳам устози. У мактабда аниқ фанлар методика бирлашмаси раҳбари сифатида ёш ўқитувчиларга илмий ва амалий ёрдам кўрсатади. Унинг "Арифметик ва геометрик прогрессияларга доир масалалар ечишнинг фанлараро боғлиқлиги ва тарихий маълумотларни қўллаш методлари" мавзусидаги дарс ишланмаси вилоятда оммалаштирилган. Бундан ташқари, "Квадрат тенгламаларни ечиш", "Келтирилган квадрат тенглама, Виет теоремаси", "Тенгсизликларни ечишнинг интерваллар усули", "Тригонометрик айниятлар", "Арифметик ва геометрик прогрессияларга доир масалалар ечишнинг фанлараро боғлиқлиги ва тарихий маълумотларни қўллаш методлари", "Айни бир бурчакнинг синуси, косинуси ва тангенсини ҳисоблаш" каби намунавий дарс ишланмалари ҳам кенг жамоатчиликка тақдим этилган. "Энг яхши дарс ишланмаси" туман кўрик-танловида "Қавсларни очиш қоидалари" мавзусидаги иши билан ғолиб бўлган. Бошқа кўплаб танловларда ҳам муваффақиятли қатнашиб, совриндорлар сафидан ўрин олган. Илғор иш тажрибаси вилоят ва республика миқёсида оммалаштирилган. "Геометрик прогрессия дастлабки n та ҳадининг йиғиндиси" мавзусидаги дарс ишланмаси "Умумтаълим фанлари методикаси" журналида чоп этилган.
Бугунги кунда 50-умумтаълим мактабининг олий тоифали математика фани ўқитувчиси, республика халқ таълими аълочиси Парвоз Элмирзаевнинг 500 га яқин шогирди мамлакатимиз олийгоҳларини битириб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилмоқда. 200 дан ортиқ шогирди эса айни пайтда талаба. Айтмоқчи, шу ўқув йилида унинг ўғли Жаҳонгир ҳам Ўзбекистон Миллий университети математика факультети талабаси бўлди. Қизлари Муштарий, Малика ўқувчи, Камола эса боғчага боради. Турмуш ўртоғи Зулайхо билан тинч ва осойишта ҳаёт кечириб келишмоқда.
Парвоз Элмирзаев алгебра фанининг асосчиси ва отаси ҳисобланмиш Ал-Хоразмийнинг "Агар темир ишлатилмаса, занглайди. Агар сув ҳаракатланиб турмаса, айнийди. Агар киши фикрламаса, ақлда ҳам шундай ҳолат юз беради", деган сўзларини бот-бот такрорлаб туради. Шунинг учун у ҳамиша ҳаракатда, изланишда ва шогирдларидан ҳам шуни талаб қилади.
Лола ЎРОҚОВА,
Китоб тумани