Меню
Қашқадарё
МАТБУОТНИНГ ТАЪСИРЧАН КУЧИ НЕГА СЕЗИЛМАЯПТИ?
Тадбир давомида соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, жумладан, ахборот алмашиш, ноширлик, матбаачилик, китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш каби масалалар муҳокама этилди.
- Бугун мамлакатимизда 118 та нашриёт, 1 минг 760 та матбаа корхонаси фаолият юритаяпти, улар томонидан ҳар йили 7 та тилда 60 миллион нусхадан ортиқ китоб чоп этилаяпти, - дейди Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош мутахассиси Муҳиддин Омонов. - Бироқ чоп этилаётган китоб маҳсулотларининг барчасини ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди. Ноширликдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уни янги сифат босқичига кўтариш бўйича бугунги тадбирда муҳим фикрлар билдирилди.
Бугун вилоятда 38 та газета, 3 та журнал, 2 та телевидение ва 2 та радио фаолият юритаётган бўлса, уларнинг барчаси ҳам самарали ишлаяпти, деб бўлмайди. Туман ҳокимликлари муассислигидаги ижтимоий-сиёсий газеталарнинг аксарияти жуда кам нусхада чоп этилаяпти ва бу ҳолат мутасаддиларни ташвишлантираётгани йўқ. Газеталар саҳифаларида соҳалар тўлиқ қамраб олинмай, айрим жанрлар йўқолиб кетмоқда. Ўз навбатида матбуотнинг таъсирчан кучи билинмаётир. Қолаверса, журналист кадрлар етишмаслиги, жойларда ахборот хизмати яхши йўлга қўйилмагани каби ҳолатлар ҳам таҳририятлар ишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Йиғилишда тилга олинган муаммолар, хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, вазифалар белгиланди.
Давра суҳбати доирасида вилоятдаги нашриётлар томонидан чоп этилган китоблар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
М.МУРОДОВ