Меню
Қашқадарё
Матбуот ва ОАВнинг фаол ходимлари эътироф этилди
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа фахрийлари, фаол журналистлар ва блогерларни қабул қилди.
Матбуот ва ОАВ ходимларини касб байрами билан самимий табриклар экан: “Бугун юртимизда жамоатчилик фикрини эшитиш, уларнинг мамлакатимиз ҳаётида кечаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жамиятда учраётган камчилик ва муаммоларни дадил кўтариб чиқиш орқали аҳолининг мурожаат маданияти ошиб бормоқда. Натижада одамларни ўйлантираётган муаммоларни тезкор ўрганиш ва бартараф этиш имконияти яратилмоқда. Бу жараёнда сизларнинг хизматларингиз алоҳида таҳсинга сазовор”, деди вилоят ҳокими.
Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида таъкидланганидек: “Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда”. Бундай шароитда жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи, кўп қиррали профессионал билим ва малакага, юксак маънавий-интеллектуал фазилатларга эга бўлган замонавий журналист кадрлар ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Очиқ мулоқот тарзида кечган тадбирда ана шулар ҳақида гапирилди ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, вилоят ҳаётини ёритишда, мавжуд муаммоларни кўтариб чиқишда, аҳолини холис ва ҳаққоний ахборот билан таъминлашда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ фаол журналистлар ва блогерлар, соҳада ўз мактабини яратиб, ёш кадрларни ҳамон касбга оид маслаҳатлари билан қўллаб-қувватлаб турган соҳа фахрийлари меҳнатлари эътироф этилиб, улар вилоят ҳокимлиги фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Таклиф этилганлар вилоят ҳокимига самимий қабул ва соҳа ходимларига кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, ўзларининг қатъий позицияси, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларининг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишда янада фаол бўлишларини изҳор этишди.
Ўз мухбиримиз