Меню
Қашқадарё
Матбуот котиби ўз вазифасини астойдил бажармаса, ҳокимлик ва ҳокимнинг иши ҳам панада қолиб кетаверади
Акс-садо
“Qashqadaryo” газетасининг 2020 йил 2 июнь сонида чоп этилган “Матбуот котиби ким: ҳокимнинг мақтовчисими, маддоҳми ё маслаҳатчи?” сарлавҳали мақолага Деҳқонобод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Қўлдошев ўз муносабатини билдирди. Унда, жумладан, шундай дейилади:
“Мақола муаллифи гап эгасини топади дегандек, вилоятдаги мавжуд 15 нафар ҳокимлик мабуот котибларининг айримларини “ҳокимнинг мақтовчиси, маддоҳи ва маслаҳатчиси” деб атабди.
Ҳақ гаплар. Тан олиш керак, орамизда ҳар учала тоифа вакиллари ҳам бор.
Шу ўринда мақолада ҳокимлик вакилининг “ҳамма ишни биз қиламизу, мақтовни матбуот котиби эшитади”, “3-4 та хабар ёзиб, биздан кўп ойлик олади”, деган сўзларига муносабат билдиришни лозим топдим.
Тан оламиз, барча ишни ҳокимлик масъуллари амалга оширади. Берилган вазифалар уларнинг саъй-ҳаракати билан якунига етади. Аммо қилинган ишларни кўрсатиб бериш матбуот котиби зиммасидаги иш. Агарда матбуот котиби ўз ишини астойдил ва уддалаб бажармас экан, Сиз ва сизнинг ҳамкасбларингиз ва ҳатто ҳоким қилаётган иш ҳам панада қолиб кетаверади. Аҳоли билмайди. Кўрмайди. Ва ҳатто, ўрни келганда Сиз ва ҳокимлик жамоасини ишламаганга чиқаради.
Унутманг, Сиз ва ҳамкасбларингиз, шунингдек ҳоким ишига ҳам бугунги кунда ХАЛҚ баҳо беради. Буни Президент ҳам бот-бот такрорламоқда.
Энди ўйлаб кўринг, Сиз ва сизнинг ҳамкасбларингиз амалга ошираётган ишни оммалаштириб, аҳолига кўрсатган ходим бундайин эътиборга ҳақлимасми? Балки, Президент қарорида таъкидланганидек ва белгилаб берилганидек бундан ортиғига ҳам лойиқдир.
Ўйлаб кўринг ва хулоса чиқаринг...”