Меню
Қашқадарё
МАСТ ҲАЙДОВЧИ ФАЛОКАТГА САБАБ БЎЛДИ
Йўл қоидаси - умр фойдаси
Бугун йўлларимизда машиналар серқатнов. Бу эса ҳайдовчидан янада ҳушёрлик ва эътибор, йўл қоидаларига масъулият билан ёндашишни талаб этади. Бунга амал қилмаганлар эса бир кун келиб афсус чекиши муқаррар.
Нишон туманида яшовчи Саидаҳмад Муродов (исм ва фамилияси ўзгартирилган) 50 ёшни уриб қўйган. Оилали, 4 нафар фарзанднинг отаси. Ёшларни тўғри йўлга бошлаш, ўзгаларга йўлларда ҳушёр бўлиш, белгиланган тартибларга амал қилиш лозимлигини уқтириши мумкин бўлган бу кишининг ўзи спиртли ичимлик ичиб, машина бошқарувига ўтиргани ачинарли.
У ўзининг "Матиз" русумли енгил автомобилини Қарши-Талимаржон йўли бўйлаб бошқариб борар экан, мастлик оқибатида ҳушёрликни йўқотиб, қарама-қарши ҳаракатланиб келаётган "Нексия" автомашинасининг йўлига чиқиб кетади. Натижада йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, Саидаҳмад Муродов билан бирга "Матиз" салонида келаётган Х.В. оғир тан жароҳати олади. Ўз вақтида шифохонага етказиб борилгани ҳамда тиббиёт ходимлари томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Ушбу ҳодисага сабаб бўлган Саидаҳмад Муродов қонуний жазони-ку олди, аммо маст ҳолда машина бошқараман деб, бир инсонни бутун умр ногиронга айлантиргани унинг учун энг оғир жазо аслида. Бу воқеа спиртли ичимлик таъсирида машина бошқаришга бепарво бошқа инсонларга ҳам сабоқ бўлиши лозим.
Мафтуна ШОКИРОВА,
Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси суриштирувчиси, лейтенант