Меню
Қашқадарё
МАСИҲ АНФАСИ ИЛА…
Манбаларда айтилишича, Алишер Навоий даврида араб, форс, туркий тиллар кўпроқ муомалада бўлган. Бироқ уларга муносабат ҳам турлича, яъни илмий асарлар араб тилида, бадиий адабиётлар форс тилида битилган. Туркий тил эса фақат сўзлашув тили сифатида муомалада бўлган. Ўз навбатида, она тилига бўлган бундай эътиборсизлик Алишер Навоийни бефарқ қолдирмади ва у туркий тил имкониятлари ҳақида батафсил сўз юритилган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарига қўл урди.
Асарда туркий-ўзбек ва форс-тожик тилларини қиёсий ўрганиш орқали туркий-ўзбек тилининг ўшанда Шарқда машҳур бўлган араб ва форс-тожик тиллари даражасидаги мавқеи ҳақида сўз юритилади. Хусусан, туркий тилнинг форс-тожик тилидан фарқ қилувчи хусусиятлари турли мисоллар, жумладан, “юз лафз” (юзта сўз)ни келтириб, талқин қилиш билан исботланади. Буни Навоий қуйидагича изоҳлайди:
“Бу юз лафздурки, ғариб мақосид адосида тайин қилибдурларки, ҳеч қайси учун сорт тилида лафз ясамайдурларки, барчаси муҳтожун илайҳдурки, такаллум чоғида киши анга муҳтож бўлур. Кўпи андоқдурки асло анинг мазмунин тафҳим қилмоқ бўлмас…”
Шу ўринда асарда юзта феъл сўз туркумига кирувчи сўзни келтириб, уларнинг маъноларига тўхталади. Мисол учун, туркийча “ўкурмак” сўзи “кучли овоз билан ҳаддан ортиқ ҳаяжонли йиғи”ни англатишини айтади:
Ишим тоғ узра ҳар ён ашк селобини сурмакдур,
Фироқ ошубидин ҳардам булут янглиғ ўкурмакдур.
Мутафаккир бу сўз берадиган маънони англата оладиган сўз форсий тилда йўқлигини алоҳида таъкидлайди:
“Чун ўкурмак муқобаласида форсий тилда лафз йўқтур, форсийгўй шоир мунингдек ғариб мазмун адосидин маҳрумдур”.
Навоий ўзбек тили луғатининг бойлигини кўрсатган ҳолда, айрим ҳолларда бу тилдаги сўзларнинг бадиий-эстетик ролини кўрсатиб, уларни айнан форс тилига таржима қилиш мумкин эмаслигини исботлайди. Бу орқали туркий тилнинг гўзал жиҳатларини очиб беришга ҳаракат қилади. Шунингдек, шоир иккала тилдаги сўзларнинг ўзига хос фарқловчи маъноларини топар экан, шундай фикр юритади:
“Ва улуқ қардош ва кичик қардошни иккаласин “бродар” дерлар ва турклар улуғни – “оға” ва кичикни “ини” дерлар, ва алар улуғ, кичик қиз қардошни ҳам “хоҳар” дерлар. Ва булар улуғни – “эгачи” ва кичикни “сингил” дерлар. Ва булар отанинг оға-инисин “опаға” дерлар”.
Алишер Навоий юқоридаги сингари фикрлари билан ўзбек тилининг ҳар томонлама бой эканлигини гўзал намуналар асосида далиллаб беради. Қолаверса, шоирнинг туркий тилдаги бемисл ғазаллари, рубоий ва сўз ўйини асосига қурилган туюқлари тилимизнинг бор имкониятини очиб, бор нафосатини яққол кўрсатиб берди. Унинг тил тараққиёти, ривожига қўшган улкан ҳиссаси замондошлари ва кейинги авлод мутахассислари томонидан эътироф қилингани бежиз эмас. Жумладан, ўз давридаёқ унинг тил ва адабиёт тараққиётидаги хизматлари юқори баҳоланган, тан олинган эди. Алишер Навоийнинг маслакдоши, темурийзода шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаро мутафаккирни “сўз мулкининг соҳибқирони” дея, ижодига юксак баҳо беради:
Эрур сўз мулкининг кишварситони,
Қаю кишварситони хисрав нишони.
Дема Хисравнишонким, қаҳрамони
Эрур гар чин десанг соҳибқирони.
Ҳусайний эса машҳур “Рисола” асарида форсий тилда ижод қилган шоирларни санаб ўтар экан, навбат туркий тилга келганда, шоирлар бу тилда ижод қилмаганига афсусланади, аммо бу ўринда Алишер Навоийни ҳурмат билан тилга олиб, “Турк тилининг ўлган жасадиға Масиҳ анфоси ила руҳ киюрди”, деб ёзади.
Дарҳақиқат, буюк шоирнинг туркий тил ривожидаги ўрни беқиёс. Унинг ғазалу рубоийлари, достонлари, илмий-адабий асарлари бунинг ёрқин далилидир. Бу асарларни ўрганиш асносида тилимиздаги сўзларнинг янгидан янги маъноларини кашф этиш, тарихий тараққиётига гувоҳ бўлиш мумкин.
Сурайё ШОДИЕВА, Косон туманидаги “Сурхон” қишлоқ хўжалиги коллежи ўқитувчиси