Меню

Қашқадарё

05.05.2020 1168

МАШИНАНИ СОТИБ ОЛАМАН, ДЕБ КЕЛИШИБ, РУЛГА ЎТИРГАЧ ҚОЧИБ КЕТДИ

Қинғир иш – келтирар ташвиш

Айрим воқеалар борки, уларни фақат ур-йиқит кино ва китобларда кўрамиз, кўришга кўникиб қолганмиз. Ҳар ҳолда бировнинг машинасини ўғирлаб қочиш, бошқа автомобиль рақамини ечиб олиб, бунисига тақиш ҳаётда ҳар кун дуч келинадиган ҳолат эмас-да.

Касби тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Р.И. Қарши шаҳар Арабхона маҳалласида яшовчи Қ.С. “Нексия”сини сотишидан хабар топиб, шу йилнинг 28 апрель куни Арабхонага келади. Ўзаро келишув асосида 53 миллион 500 минг сўмга баҳоланган машинанинг пулини Касбига бориб, уйидан олиб беришини айтади. Тумандаги Талишбе қишлоғидаги суюлтирилган газ баллонлари тарқатиш шохобчаси олдига келганда эса автоулов эгасига “Энди буёғига машинани ўзим ҳайдай, қишлоқдошларим машина олганимни кўришсин”, деб айтиб қолади ва у рози бўлгач, жой алмашиб олишади.

Машина рулига ўтиргач Р.И. “қуённинг расмини чизиши” кимнинг хаёлига келибди, дейсиз. Табиийки, автоулов эгаси ҳайронлигича қолаверади.

Қинғирлик қонига сингиб қолган чамаси И.Р. 29 апрель куни  Муборак тумани Бобур маҳалласида турган “Ласетти” русумли автомашинанинг олд ва орқа қисмларидаги 80 Е 794 NA давлат рақам белгисини атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб ечиб олганини қандай изоҳлашга ҳайрон қоласан киши.

Шу куннинг ўзида Бобур маҳалласидаги кўп қаватли уйлар ёнида турган “Матиз”ни ҳам “номер”сиз қолдиради.

Аммо ҳар ненинг якуни бор, бузоқнинг югургани сомонхонагача, дейдилар. Вилоят ИИБдан хабар беришларича, И.Р.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, машина ва давлат рақам белгилари тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!