Меню
Қашқадарё
МАШИНАЛАРНИ ШУ ЕРГА ҚАМАШАРКАН-ДА?!
Биламизки, жарима майдони сифатида пулли хизмат кўрсатувчи юридик шахс мавжуд қоидаларга энг тўлиқ риоя қилинишини таъминлашга қодир бўлса, танлов асосида танлаб олинади.
Мазкур жарима майдони “Насаф бунёдкор транс” МЧЖга қарашли бўлиб, жамият Қарши тажриба-таъмирлаш механика заводига тегишли бу ҳудудда ижара асосида фаолият кўрсатар экан. Савол туғилади: хўш, у қандай хусусиятлари учун ТАНЛАБ олинган?
Маълумки, Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан майдонда ёритиш, ахлат тўплаш учун контейнерлар, сувни тиндирадиган ёмғир канализацияси, ёнғинга қарши воситалар, ҳудудга кириш ва ундан чиқиш учун махсус ажратилган жойлар, камида иккита кириш (чиқиш) йўли, агар ҳудуд бир неча қаторга жойлаштириладиган транспорт воситаларини сақлаш имконини берса, у ҳолда ҳудуд ичида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун полосалар мавжуд бўлиши керак.
Шунингдек, кириш (чиқиш)нинг ажратилган жойига назоратчи кассирнинг хонаси туташган бўлиши, у ерда кўринарли жойда ташқи томонга ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатишнинг тарифлари ва шартлари тўғрисида йирик ҳарфларда (ҳарфларнинг катталиги камида 3 сантиметр) маълумот жойлаштирилиши, битта транспорт воситасининг тўхташ жойи учун ҳисобланган майдон 20 квадрат метрга тенг деб қабул қилиниши ва ҳоказо талаблар белгиланган.
Бироқ эски завод биносида (унинг ёпиқ иншоот экани танловда юқори балл беради, албатта) бу талабларнинг аксариятини кўрмайсиз. Дераза ойналари синган, юқоридан чакка томиб турибди, соатига “пул туғиб” турганига қарамай, прейскурантни ким тасдиқлагани ва бу майдон кимга тегишли эканини тасдиқловчи бирор белги йўқ.
Бир транспорт воситасидан кунига 10-15 минг сўмдан келиб турибдими, демак, етарли шароит ҳам яратиш керак-да. Бироқ етарли шароит бўлмай туриб, бу МЧЖ қайси мезонга таяниб танлаб олингани ҳам кишида савол туғдиради. Йўл-патруль хизмати ходимлари ҳам қонунбузарлик учун ушланган транспорт воситаларини, сўрамай-нетмай, мавжуд талабни суриштирмай, бу ерга келтиришаётгани ажабланарли.
Бундан ким наф кўраяпти? Албатта, зарур шароит яратмаган бўлса-да, “Насаф бунёдкор транс” МЧЖ мутасаддилари. Йўл-патруль хизмати ходими эса... Унинг бу жараёнда нима манфаат кўраётгани бизга қоронғи. Аниқ билганимиз шуки, жарима майдончаси фаолиятини қонун талаблари доирасида ташкил қилиш даркор. Қонун талабими, у барчага баробар...
Шу ўринда яна бир мулоҳаза: бир пайтлар Қарши тажриба-таъмирлаш механика заводи жуда катта миқёсда ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган. Бугун ўша бинолар ҳувиллаб ётибди. Шу сабаб кимлардир ундан жарима майдончаси сифатида ҳам фойдаланаяпти. Энди бир ўйлаб кўрайлик, завод биносини жарима майдонига айлантириш кўпроқ фойда келтирадими ё ундан ишлаб чиқаришда фойдаланиш? Аҳоли ва ишлаб чиқарувчи учун иккинчиси манфаатли экани муқаррар.
Жарима майдончаси-чи, дейсизми? Унга ҳам жой топилади. Бироқ у бугунги замонавий талабга ҳар томонлама жавоб бера оладиган бўлиши керак. Эски бинолар ичида “яшириниб” туриш ҳар бир ишда шаффофликни таъминлашга қараб борилаётган бугунги кун учун маъқул эмас-ку. Тўғрими?
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.