Меню

Қашқадарё

02.06.2020 60

МАШИНАДА МАРИХУАНА ЧЕКИБ ТУРГАНДА ҚЎЛГА ОЛИНДИ

Тезкор тадбир

Гиёҳвандлик келтирадиган кулфатлар, унинг мудҳиш оқибатлари хусусида тинимсиз бонг уриб келинади. Аммо айрим нафс бандалари борки, инсон саломатлигига, ҳаётига, фарзандлар келажагига тузатиб бўлмас таъсир кўрсатадиган ушбу моддалар савдоси, истеъмолидан ўзларини тийиб тура олмайдилар.

Худди шундай ҳолатга 2020 йилнинг 30 май куни Яккабоғ туманида дуч келинди. Туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан соат 12:00 атрофида “Яккабоғ-Чироқчи-Шўрбозор” 4Р-84 автомобиль йўлининг Яккабоғ тумани Учтепа маҳалласидан ўтган йўл четида тўхтаб турган “Спарк” русумли 80 В 441 LA давлат белгили автомашина кўздан кечирилганида, олд ўриндиқда ўтирган, Бухоро шаҳри Газли шоҳкўчасида яшовчи М.Ш. гиёҳвандлик воситасини чекиб тургани аниқланди.

Автомашина кўздан кечирилганда, ўриндиқнинг таг қисмидан оқ целлофан пакетга жойланган 13,9 грамм миқдорда марихуана гиёҳвандлик воситаси топилиб, холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, автомашина салонидан олинган, яшил рангли, қўл билан ушлаб кўрилганда қуруқ ҳолдаги ўзига хос ўткир ҳидли ўсимлик таркибида фаол гиёҳванд модда – тетрагидроканнабинол мавжуд марихуана гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлган.

Айни пайтда М.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Н.ХЎЖАЕВ

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!