Меню
Қашқадарё
МАШИНА ЮВГАН ЖАРИМА ТЎЛАЙДИМИ?
Табиат ва биз
Оби ҳаёт она табиатнинг ажралмас қисми, шундай экан, уни асраб-авайлаш барчамизнинг вазифамиз бўлиши керак. Азалдан ота-боболаримиз айтган “Сувга тупурма, ахлат ташлама” деган насиҳатлар замирида ҳам бебаҳо неъматни қадрлаш мақсади мужассам.
Чунки хоҳ оқова, хоҳ ичимлик суви бўлсин, томчиси тиллога тенг дея баҳоланаётгани ушбу ресурсга дунё миқёсида эҳтиёж ошиб бораётганидан далолатдир.
Бироқ айрим кишилар борки, ичимлик сувидан гилам, машина ювишда фойдаланади, табиат қўйнига чиқиб, турли чиқиндиларни, ҳатто ўлган жониворларни оқар сувга улоқтиришдан ўзини тийиб туролмайди.
Китоблик А.Х. ҳам шундай кишилар сирасидан бўлиб чиқди. Ҳартугул у дарёга чиқинди ёки ҳайвон жасадини ташлагани йўқ. У Бешқазоқ маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Оқ сув дарёси бўйига бориб, ўзига тегишли “Дамас” автомашинасини ювган ва бу орқали дарё сувини ифлослантирган.
Маълумки, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун 19-моддасида сувлар ва сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартлари сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ер усти, ер ости ва денгиз сувларидан зарур миқдордаги сувнинг табиий айланишини сақлаш, унинг нормативда кўрсатилган даражада тозалигини таъминлаш, сув ўсимликлари ва ҳайвонларини асраш, сув ҳавзаларининг ифлосланишига йўл қўймаслик, уларда экология мувозанатини сақлаш ва сув ҳавзасига ландшафт элементи сифатида зиён етказмаслик шарти билан йўл қўйилиши, маҳаллий ҳокимият идоралари, ўрмон ва сув хўжалиги идоралари дарё ирмоқлари ҳосил бўладиган жойларда, сув ҳавзалари соҳили минтақаларида дарахтзорларни тиклашлари ва дов-дарахтни кўпайтиришлари ҳамда уларнинг сақланишини таъминлашлари шартлиги белгиланган.
Шунга мувофиқ, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Китоб тумани назорат инспекцияси инспекторлари қонун талабларига риоя қилмаган фуқарога нисбатан 669 минг сўм жарима ёзишди.
Н.ХЎЖАЕВ