Меню
Қашқадарё
МАШИНА ОЛИБ БЕРАМАН ДЕБ...
Сир эмаски, кейинги вақтларда ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, хусусан, фирибгарлик жиноятлари сони ошиб бормоқда. "Ўқишга киритиб қўяман", "ишга жойлаб қўяман", "уй олиб бераман", "машина олиб бераман" каби алдовларга учиб, ўз мол-мулкидан айрилиб қолаётган юртдошларимиз, афсуски, учраб турибди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, жабр кўрган шахслар фирибгарлар таъсирига ўзларининг ишонувчанлиги, қонунни яхши билмаслиги ва энг асосийси, эришмоқчи бўлган мақсадларига ноқонуний йўллар билан тезроқ етишни хоҳлаганликлари учун тушиб қоладилар ва алданганликларини кеч англаб етадилар. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишдан олдин бир неча маротаба фирибгарга қўнғироқ қилиб, уй ёки иш жойига бориб, у билан мулоқотда бўладилар. Фирибгар томонидан берилган ваъдаларнинг пуч эканлиги, улар бажарилмаслиги, берилган моддий қимматликлар қайтарилмаслигини тушунганларидан сўнг тегишли идораларга мурожаат қиладилар.
Қамаши туманида яшовчи Сайди Сафаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам осон бойлик топиш илинжида фирибгарлик жиноятига қўл урди. У Нишон тумани Кўксой маҳалласида яшовчи Ражаб Мавлоновнинг машина сотиб олмоқчилигидан хабар топиб, унга Сафар Бешимовга тегишли "Нексия" русумли автомашинани сотмоқчи эканлигини айтади. Турли ваъдалар билан харидорни ишонтиради, машинани тез кунда номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, келишилган 21 миллион 400 минг сўм пулни олиб кетади. Аммо орадан йиллар ўтса-да, автомашинани унинг номига расмийлаштириб бермасдан, олинган пулни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Бел оғритмай пул топишни мақсад қилган Сайди Сафаров энди бу қилмиши учун қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.
Азамат НАБИЕВ,
Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси суриштирувчиси