Меню

Қашқадарё

18.07.2024 5556

МАШИНА ОЛДИ-СОТДИСИ НЕГА СУСАЙДИ?

Автоолам

Ҳозирги кундалик ҳаётда автомобиль транспорти хизматига иши тушмайдиган киши камдан-кам топилади. Кимдир бирор манзилни кўзлаб, йўловчи ташиш хизматига мурожаат этса, яна биров йирик харидини элтиш учун юк транспортидан фойдаланади.

Шунингдек, кўпчиликнинг режасида автомобиль харид қилиш ёки борини янгисига алмаштириш масаласи тургани ҳам бор гап. Бири сотади, бири олади. Шу тарзда автомобиль бозори "ғилдираги" айланаверади. Унда пасайиш ёки аксинча, ўсиш кузатилиши эса талаб ва таклифдан келиб чиқиб шаклланадиган ҳолат.

Ана шунга кўра, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотлари бўйича, якунланган июнь ойида республикамизда автотранспорт воситаларининг умумий савдолари 13,6 фоизга пасайиб, қарийб 87 минг донани ташкил этган. Бозорда фаоллик йиллик ҳисобда 1,4 баравар қисқарган, бу қисман мавсумий омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилади.

Шу билан бирга, янги енгил автомобилларнинг бирламчи бозори иккиламчи бозорга қараганда анча барқарор динамикани намойиш этган. Электрда ҳаракатланувчи автомобиллар сегментига эса алоҳида қизиқиш бор, бу йўналишда бирламчи бозорда сотувлар 28 фоизга пасайганига қарамасдан, иккиламчи бозор 2,4 фоизлик ўсишни намоён этган.

Енгил автомобиллар

Марказнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими тақдим этган маълумотларга кўра, апрель ойига нисбатан 14 фоизга ўсиш кузатилган майда енгил автомобиллар савдолари йил бошидаги бир оз пасайишдан сўнг тикланиш белгиларини кўрсатаётган эди. Бироқ июнь ойидаги сотувлар ҳажмида яна 13,3 фоизга (77,6 минг донагача) пасайиш юз берган.

Ҳудудлар кесимида енгил автомобиллар савдосининг динамикаси шуни кўрсатганки, июнь ойида энг катта пасайиш Сурхондарё ва Андижон вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган -  ўртача 22 фоиз.

2024 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича, Ўзбекистонда енгил машиналар савдоси 580 минг донани ташкил этган, бу эса ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 19 фоизга пастдир.

Бирламчи бозордаги вазият

Июнь ойида енгил автомобилларнинг бирламчи бозорида савдолар ўтган ойга нисбатан 9 фоизга камайиб, 26 минг донадан ошган. Йиллик ҳисобда фаолликнинг 5,3 фоизга пасайиши қайд этилган.

Шундай қилиб, янги енгил машиналарнинг бирламчи бозори иккиламчи бозорга нисбатан анча барқарор динамикани намойиш этган.

Июнь ойида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан таклиф этилаётган янги автомобиллар сотувининг қисқариш тенденцияси давом этган. Хусусан, бундай машиналар сотуви май ойига нисбатан қарийб 10 фоизга пасайган. Ушбу тенденция маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдосининг май ойида бошланган ўсишига барҳам берган.

Хориж енгил автомобиллари

"Ўзбекистон бозорида хориж енгил автомобиллари бозори турғунлик белгиларини намоён этмоқда. Июнь ойида ушбу сегментдаги сотувлар атиги 0,4 фоизга ўсди ва 2,4 минг дона атрофидани ташкил этди", дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларида.

Иккиламчи бозор

Июнь ойида енгил автомобилларнинг иккиламчи бозоридаги фаоллик ундан аввалги ойга нисбатан 15,3 фоизга пасайган, бу кўрсаткич майда 3,4 фоизни ташкил этган эди. Ҳисобот даврида ушбу сегментда 51,5 мингта атрофида машина сотилган. Умуман олганда, сотувлар йиллик ҳисобда 1,6 баравардан кўпга қисқарган.

Электромобиллар сегменти

Июнда енгил электромобиллар сегменти ҳам сотувларнинг пасайишини намоён этган. Сотувлар ҳажми 3 минг донага етиб, май ойидагига нисбатан 800 дан ортиққа камдир. Шунга қарамасдан, электромобиллар савдоси ўтган йилнинг июнь ойи даражасига нисбатан 1,3 бараварга ошган.

Агар Ўзбекистонда электромобиллар бирламчи бозорида сотувлар бир ой ичида сезиларли даражада - 28 фоизга қисқарган бўлса, иккиламчи бозорда бунинг акс тенденцияси кузатилган. Яъни бу сегментда март ойидан буён фаолликнинг ўсиши қайд этилмоқда. Июнь ойида бу кўрсаткич 2,4 фоизни ташкил этган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!