Меню

Қашқадарё

17.09.2019 1842

МАШҲУР БОЙЛАР ФАРЗАНДЛАРИ ҚАЕРДА ЎҚИЙДИ?

Россиядаги замонавий оналар "Менинг болам икки ёшида ўзи мустақил планшет ўйнай оларди", дея бир-бирига мақтанишади. Иккинчиси ҳам унга жўр бўлади: "Меники эса етти ёшида "Ютуб"да канал очган". Уларнинг барчаси биргаликда "Эвоҳ, нима учун ручкада ёзиб ўқитишади, ахир бу у қадар замонавий эмас-ку", "Эҳ, нега болаларни шеърларни ёд олишга мажбур қилишади - бу ахир ўтган аср-ку, яхшиси, компьютер орқали тақдимот қилишни ўргатишлари керак", дея максимал даражада компьютерлашган мактаблар ҳақида жар солишади. Аслида эса улар ўзларини алдашмоқда.

14 ёшгача смартфондан маҳрумлик

Ҳозирги кунда Силикон водийсининг гигант компаниялари ходимлари ўртасида "Waldorf of the Peninsula" номи остидаги мактаб асосий урфга кирган. Мазкур мактабнинг биноси Америка Қўшма Штатларига асос солиниши даврида барпо этилган, десак муболаға бўлмайди. Синфхоналарнинг ичкариси имкон қадар эскича кўринишда сақланган: одатий, худди совет давридагидек, доска рангли бўёқларда, китоб жавонлари турли адабиётлар билан тўлдирилган, ҳеч қанақанги планшетларсиз ёғоч парталар, улар ўрнини дарсликлар ва дафтарлар эгаллаб турибди. Ўқитиш даврида бу ерда одатий, замонавий технологияларга боғлиқ бўлмаган асбоб-ускуналардан фойдаланишади: ручка, қалам, чўтка, бўёқ, қоғозли алифбо ва бошқа дарсликлар. Айниқса, ҳеч бир гаджетсиз. Улардан синфхоналарда фойдаланиш тақиқланган ва уйда ҳам тавсия этилмайди. 

Болалар тарбиясида худди шундай йўлни бундан 10-15 йил аввал энг юқори мартабали даҳолар ҳам босиб ўтишган. "Microsoft" компанияси етакчиси Билл Гейтснинг уч нафар фарзанди - Женнифер Катарин, Рори Жон ва Фиби Адель 14 ёшгача смартфонга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишган. Жаҳоннинг энг бадавлат инсонларидан бири Гейтс мазкур ёшда болаларига гаджетларни харид қилар экан, уларнинг уяли алоқадан фойдаланиш вақтини кескин равишда чеклаб қўйди. У электрон ускуналар фарзандларининг соғлиғига зарар етказишидан қўрқишини бот-бот таъкидларди.

Китоб - ўйин-кулгидан аълороқ

"Apple" компанияси асосчиси Стив Жобс тўрт нафар фарзандини технологик мосламалар, хусусан, "iPad"га ҳаддан ташқари қизиқишидан кескин тарзда асраганди. У болалар учун тунги вақтда ва дам олиш кунлари гаджетлардан фойдаланишда тақиқ киритган. Бундан ташқари, кечқурун оила кечки овқатга йиғилганида ҳам уяли телефонлардан фойдаланиш ман этилган. Стив шу қадар жўшқин суҳбатдош эдики, унинг уч қизи ва ўғли мазкур тақиқни жудолик сифатида қабул қилишмас, аксинча, оталари билан бўлган мулоқотдан астойдил ҳузур қилишган.

Кўплаб технологик компанияларнинг раҳбарлари Гейтс ва Жобснинг бола тарбиясидаги ибратли йўлини танлашни маъқул кўришади. Масалан, "3D Robotics" компаниясининг ижрочи директори Крис Андерсон ота-она назоратини қўллаган ва уйидаги барча электрон мосламаларда вақтни чеклаб қўйган. У ўз мисолида электрон гаджетлар билан ҳаддан ташқари мустаҳкам алоқа ўрнатиш қандай сабабларга олиб келишига ишонч ҳосил қилди. Андерсоннинг фикрича, янги технологиялар болада электрон янгиликларга қарамликни вужудга келтиради.

IT соҳасида инқилоб қилишга муваффақ бўлган бир қатор лидерлар ҳам озодлик "душманлари" сифатида намоён бўлишган. Мисол учун, "Твиттер" асосчиси Эван Уильямс болаларига планшет ва смартфонлардан фойдаланишда фақатгина кунига бир соат рухсат берган. Агарда, улар бунинг учун отасига қатъий норозилик билдиришадиган бўлса, у "Уйда бир қанча юзлаб қоғозли китоблар мавжуд. Агар истасангиз вақтичоғлик қилинг - қанча сизга қулай бўлса, ўқинг!" дея жавоб қайтаради.

Гаджетсиз шаҳзода

Яқинда Англия тахтининг ёш вориси - шаҳзода Жорж мактабга йўл олди. У Лондоннинг жануби-ғарбида жойлашган "Thomas's Battersea" номли нуфузли тайёрлов хусусий мактабида ўқийди. Оммавий ахборот воситалари мактаб ошхонаси таомномасига катта эътибор қаратишди: у ерда болаларни гамбургерлар ўрнига беданалар ва маракуй мевалари билан сийлашар эмиш, бироқ, бу мактаб Буюк Британиянинг энг нуфузли мактабларидан бири экани ва ушбу таълим масканида компьютер гаджетларидан фойдаланиш ҳуқуқига ялписига тақиқ киритилганига жуда кам киши эътибор қаратди.

Ахборот технологияларисиз таълимни ёқловчилар компьютерлар болада ижодий фикрлашни, серҳаракатлиликни, инсоний ўзаро муносабатлар ва зийракликни ўлдиришига ишончлари комил. "Таълим - бу энг аввал инсоний кечинмалар, тажрибанинг ортиши, - дейди педагог-новатор Пол Томас. - Болада саводхонлик, санаш маҳорати ва танқидий фикрлаш қобилияти зарур бўлганда технология уларни фақатгина чалғитади". IT соҳаси даҳоларининг болалари ўқийдиган мактабга йўл олсангиз, улар умуман ўзларини технологиялар ва замонавийликдан маҳрум бўлган, дея санамаслигига гувоҳ бўласиз.

 

Эксперт фикри

- Ота-оналаримиз тўхтовсиз тарзда китоблар ўқисак, бундай қизиқишни меъёридан ошиб кетган, деб ҳисоблашиб, қаттиқ ҳаяжонга тушишади, - дея таъкидлайди психолог Анна Маслова. - Интернетнинг бу қадар муросасиз душмани бўлиш ярамайди. Хўш, агарда интернет бўлмаганида, улар шундай ҳам вақтларини ўзгача тарзда бекор ўтказишарди - дарвоза остонасида санғиб юриши мумкин эди. Гап шундаки, бунинг салбий эканлиги номаълум. Интернетга қарамликка қарши бундай тарздаги кураш ва тақиқни бу борадаги ягона панацея (алхимиклар томонидан гўё ҳар қандай касалга даво деб қаралган дори) деб ҳисоблаш керакмас. Аввало, интернетга қарамлик пайдо бўлишининг ички сабабларини излаш зарур. Балки бу боланинг ҳақиқий ҳаётда тенгқурлари билан мулоқот етишмаслиги сабабидандир. Балки, у сизлар - ота-оналар билан қай тариқа мулоқотга киришни билмас. Шундай ҳолатларда гўдак тушунишни, қўллаб-қувватлашни ва мақтовни айнан интернет-гуруҳлардан излайди.

Муаллиф: Юлия ТУТИНА

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!