Меню
Қашқадарё
МАСЪУЛЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТСИЗЛИГИ НАТИЖАСИ
Танқидий назар
Президент қарорига асосан жорий йилда Қашқадарёда 23,7 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган бўлса-да, амалда шу пайтгача атиги 12,4 минг гектар майдонда бундай ишлар бошланган. Сув тежовчи технологиялар эса бор-йўғи 3,8 минг гектарда ишга туширилиб, белгиланган режа 16 фоизга уддаланган, холос.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартдаги "Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросига доир бу рақамлар вилоят ҳокимининг жорий йил 4 июлдаги фармойишида акс эттирилган.
- Айниқса, пахта суғоришнинг оптимал муддатлари ўтиб бораётган, сувнинг танқислиги кузатилаётган бир вақтда масъулларнинг қарор ижросига бўлган масъулиятсизлиги натижасида қурилиш ишлари бошланган 10,2 минг гектар майдонларнинг 7,8 минг гектари ёки 77 фоизида технология ҳанузгача ишга туширилмаган, - дейилади ҳужжатда. - Ҳисоботларда вилоятда 2021 йилда 9,1 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган, шундан 3,4 минг гектаридаги технологиядан жорий йил ҳосили учун фойдаланилмасдан қолмоқда.
Фармойишда бу борадаги қолоқликнинг сабаблари ҳам кўрсатилиб, хусусан, сувни тежайдиган суғориш тизимларини ишлаб чиқариш, етказиб бериш, харид қилиш, жойларда лойиҳалаштириш ва ўрнатиш, электр энергияси билан таъминлашдаги камчиликлар, айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг бу борадаги кўникмалари, зарур мутахассислари етарли эмаслиги хусусида сўз юритилган. Айни пайтда фойдаланувчиларнинг тегишли қўлланмалар билан таъминланмагани ва туман ҳокимлари томонидан ишлар мувофиқлаштириб борилмагани ҳам мазкур жараённинг амалга оширилиши ва унинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган экан.
Вилоят ҳокимининг фармойишига кўра, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг вилоят бўлими, "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, тижорат банклари ҳамда туман ҳокимликлари ва мутасадди қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилган ишлари қониқарсиз деб топилди.
Айни пайтда, ҳужжатда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишдаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, вилоятда кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув ресурсларидан янада самарали фойдаланишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, 2022 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, 2021 йилда жорий қилинган технологиялардан жорий йил ҳосили учун фойдаланилиши аҳволини жойида ўрганиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни тезкор бартараф этилишига амалий ёрдам кўрсатувчи вилоят ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди. Унинг аъзолари ва соҳага алоқадор вилоят ташкилотларининг раҳбарлари ҳудудларда бу борада амалий ёрдам кўрсатиш учун туманларга бириктирилди. Туман ҳокими раҳбарлигида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишга кўмаклашувчи намунавий туман ишчи гуруҳи таркиби ҳам тасдиқланди.
Фармойишда, шунингдек, масалага оид кунлик маълумотларни умумлаштириб, вилоят ҳокимлигига доимий ахборот киритиб бориш, соҳада инновацион технологияларни кенг жорий қилиш, уларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий этилган пахта ва бошоқли дон экин майдонларини суғоришда харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тизими яратилганини кенг тарғиб қилиш талаблари ҳам қўйилган.
Ўз мухбиримиз