Меню
Қашқадарё
МАСЪУЛЛАРГА НИСБАТАН ТАҚДИМНОМАЛАР КИРИТИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралдаги тегишли қарори ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларга асосан ушбу масканларни жорий йилги пахта қабул қилиш мавсумига тайёрлаш учун бир қанча вазифалар бажарилиши белгиланган эди.
Аммо Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишларда ушбу масканларнинг аксариятида бу талаблар тўлиқ бажарилмагани қайд этилди.
Хусусан, Ғузор туманидаги “Қамаши пахта тозалаш” АЖга қарашли Ғузор марказий пахта қабул қилиш ҳамда “Пачкамар” пахта қабул қилиш масканларидаги шарт-шароит ўрганилганда мавсумга саноқли кунлар қолган бўлса-да, бу ерда ҳунузга қадар олиб келинган пахтани қабул қилиш китоби мавжуд эмаслиги, электрон тарози кўрсаткичи носозлиги, пахта тўкиш майдончаларидаги таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмагани, ёнғинга қарши курашиш воситалари билан етарли даражада таъминланмагани аниқланди.
Халқимизда “Балиқ бошидан...” деган нақл бор. Афсуски, мазкур масканлардаги тартибга жавобгар бўлган “Қамаши пахта тозалаш” АЖнинг ўзида ҳам ишлар анча орқага ташлаб қўйилган кўринади. Ўтказилган ўрганишлар давомида ушбу маскандаги пахта қабул қилиш майдончалари жуда бетартиб ҳолатда эканлиги аён бўлди. Бундан ташқари, жамиятдаги толани қуритиш ва саралаш цехлари мавсумга тайёрланмаган, ҳаво қувурлари носоз ҳолатда, тарозилар қиёслов кўригидан ўтказилмаган ва мувофиқлик сертификати олинмаган. Жамиятга қарашли, Қамаши туманидаги “Қоратепа”, “Оқробод” ҳамда “Чим” пахта қабул қилиш масканларида ҳам худди шундай ҳолат.
Бундан ташқари Қарши, Косон, Муборак, Чироқчи, Яккабоғ, Шаҳрисабз туманларидаги пахта тозалаш корхоналарига қарашли 20 дан ортиқ пахта қабул қилиш масканларида ҳам мавжуд электрон тарозиларнинг қиёслов кўригидан ўтказилмагани, лаборатория ускуналарининг талабга жавоб бермаслиги, транспортёр ленталарнинг носозлиги, ёнғинга қарши курашиш воситалари билан тўлиқ таъминланмагани, фавқулодда вазиятларда қутқарув режаларининг йўқлиги каби қатор камчиликлар аниқланди.
Албатта, бундай шароитда юқори қийматга эга хом ашёни қабул қилиш, сақлаш, унинг дахлсизлиги ва сифатини таъминлаш имкони тўлиқ кафолатланмайди. Масъул раҳбарларни эса бу жиҳатлар қизиқтирмаган кўринади.
Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан вилоятдаги пахта тозалаш корхоналари ҳамда уларнинг тасарруфидаги пахта қабул қилиш масканларида аниқланган барча камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш, бу борада қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилишини сўраб ваколатли органларга тақдимномалар киритилди.
Жамшид АБДУЛЛАЕВ,
Инспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори,
Ойбек ҲАКИМОВ
инспектор