Меню

Қашқадарё

10.07.2020 1516

МАСЪУЛИЯТ БЎЛСА, ҳар қандай муаммони ҳал этиш мумкин

Мурожаат ва натижа

Қарши шаҳри Батош маҳалласи Зиёкор кўчасида жойлашган 6 та кўп қаватли уйнинг канализация тизимида носозлик бўлиб, уйлар ертўласида оқова сув ва канализация чиқиндилари тўпланиб қоларди. Натижада яшаш учун ўта ноқулай, санитария-гигиена талабларига мутлақо зид ҳолат юзага келганди.

Шу уйларда яшовчи аҳоли муаммони бартараф этиш илинжида ёрдам сўраб турли идораларга югурган. Хусусан, "Қашқадарё сув таъминоти корхонаси, Қарши шаҳар "Сув таъминоти" бўлими, халқ депутатлари вилоят ва  шаҳар Кенгашлари депутатлари, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бошлиғига  ва яна бир қатор мутасаддиларга хат билан мурожаат этишган. Аммо бу бўйича бирорта масъул муаммони ўрганиб, уни бартараф этиш чорасини кўрмади.

Шундан сўнг чорасиз қолган фуқаролар турли инстанциялар, оммавий ахборот воситалари, Халқ қабулхонасига мурожаат этишди.

Қарши шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан сектор штаби ишчи гуруҳи иштирокида муаммо ўрганилгач, у масъул ташкилотлар томонидан қисқа фурсатда бартараф этилди.

Ёки бошқа бир ҳолатни олайлик. Қарши шаҳри Нуристон маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида юқори кучланишли электр кабели очилиб, деворга осилиб қолган. Натижада шу ерда яшовчи одамлар ҳаёти учун жиддий хавф манбаи юзага келган.

Бунга бефарқ бўлмаган аҳоли кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиши керак бўлган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси, Қарши шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими, шаҳар электр таъминоти корхонасига ва бошқа мутасадди идораларга мурожаат этишган. Аммо ушбу идораларнинг барчаси масалани ҳал этиш ўз вазифасига кирмаслигини айтиб, отангга бор, онангга бор, қабилида йўл тутди.

Бу борада Қарши шаҳар Халқ  қабулхонасига мурожаат қилингач, муаммо жойига чиқиб ўрганилди ва масъул ташкилотлар томонидан қисқа фурсатда бартараф этилди.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади: муаммони ҳал этиш чораси бор экан, бунга нега вақтида эътибор қаратилмади? Нега фуқаролар шунча вақт мобайнида     идорама-идора югуриб, сарсон-саргардон бўлишди?

Президентимиз "Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади", дея   таъкидлаган эди. Буни барча масъуллар юракдан ҳис этиб, ўз вазифасига масъулият билан ёндашса, аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммоларни қисқа фурсатда ва жойида ҳал этиш имкони мавжуд.

Дурдона БЕРДИЕВА,

Қарши шаҳар Халқ қабулхонаси мутахассиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!