Меню
Қашқадарё
Марта Стюарт: ҲАММАСИ НИЯТГА БОҒЛИҚ
Ота-она унинг ҳаракатларини кузатиб, қизда қандайдир қобилият борлигини пайқашар, аммо буни ошкор қилишмасди. Сабаби, қизчани яхши мактабда ўқитиш, нуфузли даргоҳларда таълим олишини таъминлаш учун етарли маблағ йўқ эди. Улар буни орзу деб билишар ва орзулигича қолиб кетишига ишонишарди. Ахир кўп фарзандли, камбағал оиланинг куни биргина отанинг боғбонлик ҳунари орқасидан аранг ўтиб турибди-ю, Мартани яхши мактабга беришга йўл бўлсин! Шу боис, ота-она Марта фақат яхши уй бекаси бўлиши учун ҳаракат қила бошлашди. Қизалоқ онаси ва бувисидан сабзавот ҳамда мевалардан консерва тайёрлаш, отасидан эса боғдорчилик сирларини пухта ўрганди. Оқила, моҳир ва пазанда уй бекаси учун керакли фазилатларнинг барчасини ўзлаштирди.
Орадан йиллар ўтиб ота-онанинг ана шу саъй-ҳаракатлари ўз самарасини берди. Марта айнан ўзининг оқилалиги, тиришқоқлиги, пазандалиги билан ҳурмат-эътибор қозонди. Кейин эса...
ПАЗАНДА УЙ БЕКАСИ
Мактабда ўзининг иштиёқи, тиришқоқлиги билан ажралиб турган Марта Бернарддаги коллежга йўлланма олди. У коллежда ҳам астойдил ўқишга ҳаракат қила бошлади. Шу ерда ўз бахтини учратди: Эндрю Стюарт исмли йигитча Мартани севиб қолди.
Эндрю аслзода оиланинг фарзанди бўлса-да, камбағал, одмигина кийиниб юрадиган Мартадаги оқилалик уни ўзига мафтун айлади. Зеро, Марта Эндрю шу вақтга қадар учратган бошқа қизлардан фарқли ўлароқ, содда, беғубор, нигоҳлари маъсум эди.
Эндрю шу ерлик таниқли брокерлардан бирининг ўғли эмасми, аслзода оила қизлари унинг атрофида доимо парвона бўлишар, аммо йигит уларнинг кўзларида Мартаникидаги сингари беғуборликни кўрмасди. Шунинг учун ҳеч иккиланмай унга уйланишга қарор қилди.
Эндрю адашмаган эди. Марта турмушга чиққач, ажойиб уй бекаси ва меҳридарё рафиқа сифатида энг чиройли сифатларини намоён эта бошлади. У биржа брокери бўлиб ишлаш билан бирга уй ишларини ҳам аъло даражада уддалашга вақт топарди. Уйда бирор кун йўқ эдики, кечки дастурхон байрамона тузалмаган бўлса...
Марта эринмасди, уй тутиш, рўзғор юмушлари ва пазандаликка доим ижодкорона ёндашарди. Ўзи севган қўшиқни майин овозда хиргойи қилганча ҳаммаёқни саришта, саранжом қилиб қўярди.
МУВАФФАҚИЯТЛАР ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ
Эндрюни уйдаги саришталик ва Мартанинг ширин таомлари шу қадар ўзига боғлаб қўйгандики, оқибатда шаҳардаги ҳеч бир ресторан унинг талабларига тўғри келмай қолди.
Бир сафар ўзи ишлаётган нашриётдаги ҳамкасбларига туғилган кунида зиёфат бериш учун жой қидирганида бу нарса яққол сезилди. Бирорта ресторанда уйдаги каби байрамона кайфият, озодалик, ширин таомлар йўқ эди. Узоқ ўйлаган Эндрю охири Мартага ҳеч бир ресторанда уники каби ширин таомлар йўқлигини айтиб, ҳамкасблари учун байрам дастурхони тайёрлаб беришини илтимос қилди.
Бундай ишончдан руҳланган Марта эрининг ишхонасида ажойиб оқшом тадоригини кўрди. Хона безаги, дастурхон, ундаги таомлар, ёқимли мусиқа... Ҳамма-ҳаммаси аъло даражада эди.
Ҳайратини яшира олмаган Эндрюнинг дўстларидан бири: «Пазандалик бўйича китоб ёзсангиз бўларкан», деди. Fайрати ичига сиғмас аёлга шунчаки мулозамат юзасидан айтилган гап ҳам қаттиқ таъсир қилди: шу кундан эътиборан бўлажак бизнес-леди ўрганган-билганларини кўпчилик билан баҳам кўришга интилди. Газета ва журналларда аёлларга аталган маслаҳатларини чоп эттирди, сўнг ўша пайтдаги машҳур телебошловчи Опра Уинфрининг шоуларида эксперт сифатида қатнаша бошлади.
ТАДБИРКОРЛИККА ЙЎЛ
Орадан бир қанча вақт ўтиб, оилада фарзанд дунёга келди. Эндрю ва Марта чақалоққа Алексис деб исм қўйишди. Алексиснинг туғилиши, қолаверса, янги уй сотиб олиниши муносабати билан яна бир нечта базм уюштирилди. Уларнинг барчасида меҳмонлар Мартанинг диди ва пазандалик санъатига лол бўлиб кетишарди. Ҳатто энди улар ўз уйларида бирорта тадбир уюштирмоқчи бўлсалар, Мартадан маслаҳат сўрай бошлашди.
Бу эса Мартага яна бир янги ғоя берди. У кўпчилик одамлар тадбир уюштиришда профессионал маслаҳатга муҳтож эканлигини сезганди. Бу ҳақда кўп ўйлаган Марта турли кечалар, тадбир ва байрамлар уюштиришда кўмаклашадиган кичик фирма ташкил қилди.
Фирмада Марта дугонаси билан биргаликда мижозларга хизмат кўрсатар, уларга уй интерьери, байрам дастурхонини безаш, сабзавотларни консервалаш, гул экиш ва энг муҳими, меҳмонни очиқ чеҳра билан қарши олишни ўргатарди. Бора-бора фирмага нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам тез-тез мурожаат қиладиган бўлишди. Марта уларга гулдаста танлаш, бўйинбоғ тақиш, уй-рўзғор юмушларида рафиқаларига ёрдамлашиш бўйича маслаҳатлар берарди.
Марта ҳар доим ўз ишига профессионал тарзда ёндашишга ҳаракат қиларди. Фирмани ташкил қилгач, у мижозларнинг барча саволларига жавоб бера олиши учун жуда кўп изланишига тўғри келди. Бу борада кўплаб адабиётларни ўқиди, ўрганди.
Аста-секин Марта ўз соҳасининг барча сир-асрорларини шу даражада мукаммал ўзлаштирдики, бу борада етук мутахассисга айланиб улгурди. Шундан сўнг Марта ўз билимларини китоб ҳолида чоп этишга қарор қилди.
Унинг илк китоби бестселлер даражасига кўтарилди. Ажойиб рецептлардан тортиб, боғдорчилигу уй тутуми сингари ҳамма учун керакли маслаҳатларни жамлаган китоб катта фойда келтирди. Муаллиф китобдан тушган яхшигина қалам ҳақи ва фирма даромадларини тўплаб, «Martha Stewart Living» номли журналга асос солди.
Бу муваффақиятлар Мартани янада илҳомлантирар, янги ғоялар устида бош қотиришга ундарди. Бироз ўтиб ўзи анчадан буён режалаштириб юргани - «Martha Stewart Living Omnimedia» компаниясини ташкил қилиб, кўп йўналишли фаолиятини бирлаштирган медиаимперияни тузди.
СИНОВЛАР СИНДИРА ОЛМАДИ
Марта муваффақиятларга эришгани сари унинг рақиблари сони ҳам ошиб борарди. Зеро, ҳамма нарсага ўз меҳнати, топқирлиги ва кучли иштиёқи билан эришаётган бу соддадил аёлни «қулатиш» илинжида типирчилаб қолганлар кўп эди. Мартанинг беғубор ва самимий қалби эса улар билан кураша олмасди. Охири рақиблар ўз режасини амалга оширди. Бировнинг айби сабаб суд уни фонд биржасидаги фирибгарликда айблаб, беш ойлик қамоқ жазосига маҳкум этди.
Доимо меҳнат қилишга ўрганган, қалби иштиёққа тўлиб-тошиб турган Мартани қамоқхонанинг тор ва зах босган хоналари ҳам синдира олмади. Бу ерда ўзи қиладиган иш ниҳоятда кўплигини кўриб, қайтага севиниб кетди.
У торгина турма камерасида синиқ-ямоқ идишларда шоҳона таомлар тайёрлаб, барчанинг олқишига сазовор бўла бошлади. Бундан руҳланиб, янги-янги таомлар ўйлаб топди. Қамоқхонада ҳар куни байрамона кайфият ҳукм сура бошлади.
Бу ердаги аёлларни у шундай пардоз қилиб қўярдики, улар кўзни қувнатадиган гўзал маликага айланишарди. Беш ой давомида қамоқхонадаги эркакшода маҳбус аёллар аслида ким эканликларини англай бошлашди. Бу ҳаётий ҳодисадан таъсирланган машҳур фотограф Мартин Мерианос «Қамоқдаги пазанда Марта» номли фотоальбомини нашр эттирди. Бу альбом кутилганидан ҳам кўпроқ машҳурликка эришди. Мартани аввал танимаганлар ҳам энди таниб қолишганди.
ҲАММАСИ БОШИДАН
Орадан бироз вақт ўтиб, Марта Стюарт катта бизнесга қайтди ва барини бошидан бошлади. Нафақат бошлади, балки имкониятларини янада кенгайтирди. Интернетда ўз саҳифаларини ташкил қилди. Хусусан, унга тегишли машҳур «Martha’s Circle» номли ижтимоий тармоқ энг яхши пазандалик сайтлари ва блогларини ўзида жамлагани билан кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
75 ёшли Марта Стюарт ўзи эришган муваффақиятлар ҳақида сўзлар экан, бунга сабаб орзулари эканлигини таъкидлайди. У ҳар доим эришганларидан каттароқ нарсалар ҳақида орзу қилган ва бунга кучли иштиёқ билан интилганди. Бугун эса ана шу орзулар камбағал оилада туғилган оддий қизалоқни мамлакатнинг энг бой ва обрўли хонимларидан бирига айлантирди.
ЖАҲОНГИР тайёрлади.