Меню

Қашқадарё

13.04.2021 1490

МАРРА ЮКСАК, НАТИЖА ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?...

Матбуот анжумани

Жорий йилда вилоятимизда турли дастурлар доирасида 1905 километр узунликдаги умумфойдаланув автомобиль йўллари ва ички хўжалик йўллари таъмирланади.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Бекмурод Раҳимов маълум қилди.

Масъулнинг таъкидлашича, 2009–2016 йиллар давомида вилоятда 2523 километр умумфойдаланувдаги автомобиль  йўллари ва ички хўжалик йўллари таъмирланган бўлса, 2017-2020 йиллар давомида бу миқдор 2649 километрни ташкил этган. Шунга таққосан олинса, жорий йилда йўлларни таъмирлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар салмоғи қанчалик катталиги кўзга ташланади.

Матбуот анжуманида, шунингдек, қайси йўлларнинг қандай кўринишда таъмирланиши, вилоятдаги носоз кўприкларни таъмирлаш бўйича олиб бориладиган ишлар ҳақида  ҳам кенг маълумот берилди.

Журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга соҳа мутасаддилари жавоб қайтаришди.

Матбуот анжуманидаги умумий фикр-мулоҳазалардан шу нарса англашиладики, жорий йилда вилоятда йўлларни таъмирлаш бўйича кўзланаётган марра жуда юксак. Натижа қандай бўлиши эса йил сўнгига бориб аён бўлади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

С.НАРЗИЕВ олган суратлар

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!