Меню
Қашқадарё
МАРРА ЮКСАК, ЛОЙИҲАЛАР ИСТИҚБОЛЛИ
Суюлтирилган газ ишлаб чиқариш салмоғи ортади
2019 йилги Инвестиция дастури доирасида "Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЧЖда пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасининг янги 4-ниткаси барпо қилиниши якунланади. Унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 38 минг тонна суюлтирилган газни ташкил этади. Корхона маҳсулдорлиги ошишига имкон берувчи ушбу иншоот жорий йил охирида тўла ишга тушиши керак. Умумий инвестициявий қиймати 73 миллион АҚШ долларига баҳоланган мазкур лойиҳа доирасида ушбу даврда 60,7 миллион доллар ўзлаштирилиши керак. Қўшимча равишда эса 66 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, жорий йилда ушбу йирик саноат корхонасидаги ишлаб турган пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасининг 1-, 2-, 3-ниткалари ҳам модернизация қилиниши даркор. Ташаббус муваффақиятли рўёбга чиқиши натижасида корхонанинг суюлтирилган газ ишлаб чиқариш кўрсаткичи 21 минг тоннага ортади. Бунинг учун 16,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилмоқда.
Айни шу йўналишдаги ўзгаришга "Шўртаннефтгаз" МЧЖда ҳам қўл урилади. Таклиф этилган лойиҳа асосида ҳозирда фойдаланишда бўлган пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмаларини янгилаш ишлари ниҳояланади. Умумий баҳоси 49 миллион АҚШ доллари бўлган бу тадбир доирасида 2019 йилда 46,7 миллион долларга тенг иш бажарилади.
Илк кластерда қайта ишлаш бошланади
Вилоятимизда биринчилардан бўлиб пахтачилик-текстиль кластери ташкил этаётган "Ғузор текстиль импекс" МЧЖда тўқилган газлама ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилади. Бу қувват ишга туширилгач, ҳар йили 11,5 миллион квадрат метр мато тайёрланади. Инвестиция лойиҳасини тўлақонли ҳаётга татбиқ этиш учун қарийб 15 миллион АҚШ доллари сарфланмоқда. Албатта, замонавий фабрика самарали ишлашини 100 нафар янги ишчи таъминлаб бериши аҳамиятлидир.
"Косон дон" МЧЖнинг анча эскириб қолган тегирмони ҳам техник қайта жиҳозланади. Ушбу корхонада 2019 йилда энергия самарадор ускуна ўрнатилиши белгиланган.
Темир йўлни электрлаштириш тўлиқ тугалланади
Дастурда 2019 йилда Қашқадарёда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган ишлар кўлами ҳам аниқ кўрсатилган. Жами 13 миллиард 929 миллион сўм харж этилиши эвазига бир қатор объектлар қурилади ва бошқалари реконструкция қилинади. Хусусан, қирғоқларни мустаҳкамлаш ва бошқа муҳофаза чора-тадбирларига 5 миллиард 35 миллион сўм маблағ ажратилган.
Чироқчи туманида "Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази"нинг маъмурий биноси янгидан бунёд этилади. Бу қурилишга 1 миллиард 92 миллион сўм маблағ сарфланади.
Дастурда Қарши-Китоб темир йўл участкасини электрлаштириш айнан 2019 йилда тугалланиши кўрсатилган. 124 километрга етадиган мазкур тармоқда бу даврда яна 20 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилади.
118 километр коллектор ҳолати яхшиланади
Бу йил ҳам вилоятда мелиорация тадбирлари сифатли бажарилиши учун қатор чоралар кўрилади. Инвестиция дастурида ушбу йўналишдаги лойиҳаларга 29 миллиард 633 миллион сўм сарфланиши белгилангани ҳам унинг кўламидан дарак бериб турибди. Ушбу жабҳада 15 объектда иш олиб борилади. Мисол учун, Миришкор туманидаги "Жанубий" магистраль коллектори 4 километри реконструкция (1 миллиард 900 миллион сўм) қилинади. Касби туманидаги вертикал дренаж қудуқлари ҳам реконструкцияга тушган. Косон тумани "Бобурдарё", "Чашма" ва "Фаровон" сув истеъмолчилари уюшмалари ҳудудида коллектор-дренаж тармоқлари қурилади. Шундай қилиб, йил якунига қадар воҳада 118 километр узунликдаги коллектор, 37,8 километр ёпиқ горизонтал дренажлар, 2 дона қудуқ яроқли ҳолда фойдаланишга топширилади.
Айланма йўл қурилиши давом эттирилади
Вилоятда автомобиль йўллари қурилиши борасидаги ишлар ҳам фаол давом эттирилади. Жами 275 километр узунликдаги йўллар ҳолати яхшиланиши учун 99 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилади. Асосийси, халқаро аҳамиятга эга, воҳамиз ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларида қурилиш жараёни жадал тус олади. "Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз" М-39 автомобиль йўлининг 1240-1315-километри, "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау" А-380 автомобиль йўлининг 130-150-километри участкаларида реконструкция ишлари бажарилади. Қарши шаҳри айланма 4 полосали автомобиль йўлининг 29 километри (А-380 автомобиль йўли 43-километридан 70-километрига қадар) қурилади.
Шунингдек, давлат аҳамиятидаги 3 объектда ҳам қурилиш ишлари амалга оширилади. "Ғузор-Чим-Кўкдала" 4Р87 автомобиль йўлининг 35 километри, Қарши-Шаҳрисабз йўналишидаги автомобиль йўлининг турли участкаларидаги 17 ва 77 километр қисми тартибга келтирилади. Маҳаллий аҳамиятга эга "Шаҳрисабз-Мироқи" автомобиль йўли реконструкция дастурига киритилган. Ушбу транспорт тармоғининг 3 километри реконструкция қилинади.
2 та болалар мусиқа ва санъат мактаби янгиланади
Жорий йилда олий таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий таъмирлаш бўйича манзилли дастурдан фақат Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 2-сонли 108 ўринли талабалар яшаш жойи ўрин эгаллади. Ушбу бино 4 миллиард 668 миллион сўм маблағ сарфланиб, капитал таъмирланади. Яна ушбу дастурга асосан, Қарши ихтисослашган олимпия захиралари мактаб-интернати учун 200 ўринли янги ётоқхона биноси қуриб берилади. Қолаверса, вилоятдаги 2 та таълим муассасаси - Қамаши туманидаги "Қоратепа" ва Касби туманидаги "Қодиробод" болалар мусиқа ва санъат мактаби 8 миллиард 170 миллион сўм инвестиция ҳисобидан янада ободлашади. Улар замонавий талабларга мувофиқ реконструкция қилинади.
Вилоят перинатал маркази замонавий бинода иш бошлайди
Айтиш жоиз, Қашқадарёда анча эскирган, ночор аҳволга келиб қолган тиббиёт муассасалари жорий ҳолатини тубдан яхшилаш, янгиларини барпо этишга инвестиция дастури доирасида салмоқли маблағ - 51 миллиард сўм йўналтирилмоқда. Жумладан, 2018 йилда Қарши шаҳридаги вилоят перинатал марказида бошланган бунёдкорлик ишлари давомийлиги таъминланади. Жорий йилда 200 ўринли янги туғруқ мажмуаси, 50 қатновга мўлжалланган вилоят перинатал ҳамда она ва бола скрининг маркази, 50 қатновга мўлжалланган вилоят репродуктив маркази қуриб битказилади.
Мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, Деҳқонобод тумани Чучукқудуқ қишлоғида замонавий қишлоқ врачлик пункти барпо этилади. Бир мартада 50 қатновга хизмат кўрсатиши кўзда тутилган ушбу муассаса қурилишига 1 миллиард 350 миллион сўм атрофида маблағ ажратилади.
Шу билан бирга, воҳамиздаги 11 та тиббиёт маскани - Қарши шаҳри, Китоб, Чироқчи, Касби, Муборак, Шаҳрисабз, Деҳқонобод ва Қамаши туман тиббиёт бирлашмалари тасарруфидаги таъмирталаб бўлим ва филиаллар реконструкцияси бажарилади. Мисол тариқасида Китоб туман тиббиёт бирлашмасининг 100 ўринли болалар бўлими қайта чирой очишини қайд этиш мумкин. "Обод қишлоқ" дастури доирасида эса 2 та объектни (Косон тумани Майдаёбу қишлоғидаги тез тиббий ёрдам станцияси ва Деҳқонобод тумани Қум қишлоғидаги ҚВП) капитал таъмирлашга киришилади. Жараён 2020 йилда тугалланиши лозим.
64 та мактаб ва 40 та боғчадаги ночор шароит ўнгланади
Инвестиция дастурида тегишли даврда вилоятимиздаги қанча умумтаълим мактаби биносида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиши ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган. Биринчи йўналишда 52 мактаб, иккинчисида 12 та мактаб қамраб олинган. Шу мақсадда харжланадиган 86 миллиард 196 миллион сўм мазкур таълим даргоҳларида мақбул шароитларни яратишга имкон бериши даркор. Хусусан, 2019 йилда Ғузор тумани Батош қишлоғидаги 21-мактабнинг 120 ўринли филиали реконструкция қилинади. Шаҳрисабз тумани Амир Темур маҳалласидаги 8-мактаб эса капитал таъмирга муҳтож. 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши эвазига ушбу таълим муассасасидаги аҳвол ўнгланиши кутилаяпти.
Бугун Қашқадарёдаги аксар мактабгача таълим муассасалари ҳолатини қониқарли, деб бўлмайди. Улардаги шароитлар эса талабга тўлиқ жавоб бермайди. Шу маънода вилоятда бу борада ҳам жиддий иш олиб бориш лозим бўлади. Тегишли дастур доирасида амалга ошириладиган ишлар эса бунга кенг имкон беради. Жами 5450 ўринга эга қарийб 40 та ишлаб турган боғчани реконструкция қилишга ажратилган 134 миллиард сўм ҳар ҳолда кичик маблағ эмас, албатта. Мактабгача таълим муассасаларининг 3400 ўринга мўлжалланган бинолари эса қайтадан қурилади, 2050 ўринли мавжуд блокларнинг ҳолати тубдан яхшиланади. Мисол учун, Қамаши туманидаги 125 нафар болани ўз бағрига қабул қилувчи 14-боғча янада обод бўлишига 3 миллиард сўмдан ошиқ маблағ сарфланади.
Сариқ аҳоли пунктига сув келади
Сир эмас, вилоятда аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси қониқарли эмас, мавжуд инфратузилма эса анча эскириб қолган. 2019 йилда ушбу муаммони баҳоли қудрат бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Бу йўналишга 71 миллиард сўмдан зиёд пул жалб қилинади. 157,5 километр узунликдаги қувурлар янгиланади, 35 та сув таъминоти иншоотида қурилиш ишлари олиб борилади. Ичимлик суви етиб бориши қийин бўлган Муборак туманидаги Сариқ аҳоли пунктида янги таъминот тизими бунёд этилади. Шу мақсадда 10 километр масофага қувур тортилиб, бир дона сув иншооти қурилади. Яккабоғ туманидаги "Марказий" сув тақсимлаш узели эса реконструкция қилинади. Умумий ҳисобда шу йўналишга тегишли 39 та объект манзилли дастурга киритилган.
Чет эл кредити жалб қилинади
Инвестиция дастурида 2019 йилда чет эл кредитларини жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган лойиҳаларга ҳам батафсил тўхталиб ўтилган. Жумладан, 2020 йилда тўлиқ ишга тушиши лозим бўлган синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш қуввати учун ушбу даврда халқаро кредит ташкилотлари тақдим этадиган 820 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилади.
2017-2021 йилларда "Шўртан газ-кимё мажмуаси" МЧЖ ишлаб чиқариш қувватини кенгайтиришни кўзда тутувчи лойиҳа доирасида Россиянинг "Газпромбанк" ва Хитой давлат тараққиёт банкининг 100 миллион АҚШ долларилик молиявий кўмаги жалб этилади.
2019 йилда якунланиши белгиланган Қарши насос станциялари каскади капитал таъмирига ҳам 6,2 миллион доллар миқдорида хорижий кредит йўналтирилади. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида вилоятимиздаги 400 минг гектардан зиёд экин майдонида суғориш ишлари яхшиланади.
Пайпоқ заводида энди сочиқ ҳам ишлаб чиқарилади
Тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида ҳаётга татбиқ этиладиган лойиҳалар манзилли рўйхатига вилоятимиз бўйича 4 та субъект ташаббуси киритилган. Хусусан, "Муборак текстиль сифат" МЧЖ негизида сочиқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Жанубий Кореянинг "Геола Ко ЛТД" компанияси чет эллик сармоядор сифатида майдонга чиққан. Бу йўналишга олиб кирилаётган маблағ 2,5 миллион долларга тенг. Лойиҳа 2019 йилда тўлиқ амалга ошиши керак, бунинг самарасида йилига 5 миллион дона сочиқ ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилади.
Хитойнинг "Анчун конч цемент" компанияси эса воҳамизнинг қурилиш саноатига қарийб 200 миллион долларлик инвестиция йўналтиришни мақсад қилган, шу асосда Чироқчи туманида янги фаолият бошлаган "Қарши конч цемент" хорижий корхонаси негизида цемент ишлаб чиқариш ташкил этилади. Қувват эса йилига 1,2 миллион тонна. Лойиҳа 2022 йилга келиб муваффақиятли ниҳояланиши кўзда тутилган.
Туркия технологияси асосида - замонавий иссиқхона
"Биг агро" МЧЖ томонидан илгари сурилган ерости иссиқ сувларидан фойдаланган ҳолда иссиқхона ва боғдорчилик комплекслари барпо қилиш ташаббуси ҳам тегишли дастурда қўллаб-қувватланган. Шу лойиҳа доирасида туркиялик ҳамкорлар - "Ижан Сера" компаниясининг 12,5 миллион долларлик инвестицияси эвазига 100 гектар майдонда боғ, 400 гектар жойда эса инновацион иссиқхона яратиш кўзда тутилган.
Корея бизнеси вакили - чиллер ускунаси ишлаб чиқаришда етакчи саналган "Сенчири" компанияси ҳам вилоятимизда инвестициявий фаолият кўрсатишга истак билдирган. Бу фирма ҳудудда саноат кўламида қўлланадиган совитиш ва иситиш қурилмалари тайёрлашни ташкил этади. Янги корхона учун Қарши шаҳри танланган. 2 йил давомида 5 миллион доллар инвестиция жалб қилингач, лойиҳа ўз самарасини беришни бошлайди.
Талимаржон ИЭС қуввати ортади
Тегишли дастурдан ҳали тўла мукаммал ишлаб чиқилмаган, техник-иқтисодий асосланмаган, аммо 2019 йилда бажаришга киришилиши лозим бўлган инвестиция лойиҳалари рўйхати ҳам жой олган. "Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЧЖда олтингугурт олиш ускунаси ишдан чиқаёзган қувватларини компенсация қилиш масаласи шулар сирасига киради. Сентябрь ойига қадар тасдиқланадиган лойиҳанинг прогноз қиймати 143 миллион долларга баҳоланган. Ушбу рўйхатда Талимаржон иссиқлик электр станциясини умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган навбатдаги буғ-газ қурилмаларини барпо этиш ҳисобига кенгайтириш борасидаги лойиҳани ҳам кўриш мумкин. Техник-иқтисодий асоси апрелда тасдиқдан ўтса, лойиҳани амалга ошириш учун тахминан 910 миллион доллар атрофида маблағ сарфланади.
Бундан ташқари, Шаҳрисабз шаҳрининг канализация тизимини реконструкция қилиш ва кенгайтириш, Косон ва Муборак туманлари марказлари ичимлик суви таъминотини яхшилаш режаси ҳам ҳали ечимларга эга эмас. Жами 55 миллион доллар ажратиладиган бу инвестиция лойиҳаси юзасидан жорий йил март ойида аниқ тўхтамга келиниши кутилмоқда.
Истиқболдаги истиқболли лойиҳалар
Кенг кўламли ушбу дастурга мувофиқ, бир қатор истиқболли инвестиция ва инфратузилма тармоқ лойиҳаларини кўриб чиқиш белгиланган. Мазкур рўйхатдан эса вилоятимизга дахлдор қуйидаги лойиҳалар ўрин олган. Жумладан, МТО технологияси асосида олефин ишлаб чиқариш. Яъни пластмасса тайёрлашда ишлатиладиган бу маҳсулот метанолдан олинади. Потенциал инвестор сифатида АҚШнинг UOP компанияси кўрсатилган. Лойиҳа прогноз қиймати 3 миллиард доллардан ошади.
Қолаверса, Қашқадарёда қуёш фотоэлектр станциялари қуриш бўйича ҳам лойиҳалар ишлаб чиқилади. Бундай станцияларнинг электр энергияси ҳосил қилиш қуввати 100 МВтдан 2 минг МВтгача етиши мумкин.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ эса Шаҳрисабз туманида бажарилиши лозим бўлган 3 қувватни барпо этишга ташаббус билдирган. Осиё тараққиёт банки маблағлари (қарийб 100 миллион доллар атрофида) ҳисобидан ушбу ҳудуддаги Оқсув ва Оқдарё дарёларида кичик-кичик гидроэлектрстанциялар ишга туширилиши даркор. Мазкур энергоблоклар ҳар бирининг маҳсулдорлиги 10 МВтдан зиёдни ташкил қилади.
Калий ўғитини гранулалаш ўзлаштирилади
Келгусида "Деҳқонобод калий заводи" МЧЖ негизида ҳам 2 та лойиҳани рўёбга чиқариш мўлжалланган. Бу саноат корхонасида бугунги кунда талаб юқори бўлган сульфат калий ва калий тузининг бошқа турларини (йилига 20 минг тонна), шунингдек, гранулаланган калий хлорид (йилига 180 минг тонна) ишлаб чиқаришни ўзлаштириш мақсад қилинган. Бунинг учун тахминан 25 миллион доллар сарф этилади. Ҳозирча потенциал инвестор ёки кредитор аниқланмаган.
Яна бир йирик саноат гиганти - Қарши шаҳридаги "Qarshi leather" қўшма корхонаси модернизация қилинади. Ушбу мақсад рўёби учун 4 миллион доллар йўналтирилади. Аммо лойиҳа қуввати қандай бўлишига ҳалича аниқлик киритилмаган.
Франция тараққиёт агентлиги Қамаши ва Ғузор туманлари ичимлик суви таъминоти тизимини янада такомиллаштиришга кўмаклашади. Молиявий кўмак миқдори эса 39 миллион доллар бўлиши кутилаяпти. Натижада мазкур ҳудудларда аҳолига сув етказиб бериш имконияти суткасига 33,2 минг куб метрга етади.
Хулоса ўрнида айтганда, мазкур инвестиция дастурида Қашқадарё халқ хўжалигининг барча соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар қамраб олинган. Уларнинг кўлами кенг, ижтимоий-иқтисодий аҳамияти юқори. Бу борада зарур самарадорликка эришиш эса ҳар бир манзилли чора-тадбирнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига боғлиқ. Юз беражак салмоқли ўзгаришлар воҳамиз аҳолиси турмуши юксалиши, ҳудуд жадал равнақи таъминланишига хизмат қилиши муқаррар.
М.ШУҲРАТОВ