Меню
Қашқадарё
МАРКЕСНИНГ ЯККА-ЁЛҒИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ
ТАНҲОЛИК ГИРИФТОРЛАРИ
Бир қарашда, роман шунчаки маиший асардай кўринса, яна бир қарашда, гўё эротикани тарғиб қилаётгандай кўринади. Синчиклаб, адиб мақсадини англашга уриниб мутолаа қилинганидагина унинг асосий моҳияти юз кўрсатади. Аввало асарни ўқишга киришган китобхон олдида илк савол кўндаланг бўлади: “Нега асар номи “Ёл-ғизликнинг юз йили” деб номланган?” Бу савол ўз ортидан кейингиларини етаклаб келаверади. Бир сулоланинг юз йиллик ҳаётини бу қадар батафсил тасвирлашдан мақсад нима? Маркес ўз қаҳрамонларини ёлғизлик, танҳолик гирдобига ғарқ қилар экан, бу билан нима демоқчи бўлади? Такрорланиб келаверадиган Хосе Аркадио, Аурелиано, Хосе Аурелиано ва Хосе Аркадиолар, булардан ташқари, Аурелиано Иккинчи, Аркадио Иккинчилар, Амаранта, Урсула, Ребека, Амаранта-Урсулалар тақдирида ҳамиша бир жиҳат такрор ва такрор кўзга ташланади – бу қаҳрамонларнинг бари ёлғизлик шайдолари, танҳолик гирифторлари. Улар гарчи гавжум дунёда, гавжум шаҳарда, гавжум уйда яшасалар-да, ўзларини ёлғиз ҳис қилишади ва шу танҳолик оғушида ўлим топадилар.
Маркес асарни бошдан-охир ҳикоя усулига қурган, у ўзининг хулоса ва қарашларини, ғояларини узундан-узоқ фалсафий гап-иборалар орқали асарига сингдиришга уринмайди, фақат қаҳрамонлар ҳаётини ҳикоя қилади, шу асосда аччиқ қисматларнинг, баъзида одамда шафқат, баъзида эса ҳазар қилиш туйғусини пайдо қиладиган воқеаларнинг ровийси бўлишни мақбул топиб, хулосани китобхоннинг ўзига қолдиради. Адибга хос бироз киноявий бўлса-да, холисона услуб баъзан сизни чалғитади, Маркес ўз қаҳрамонларини гоҳида оқлаётгандай, уларнинг ҳаёт тарзини тарғиб қилаётгандай ҳам туюлади. Лекин унинг тасвир услуби бешафқатлик даражасида реал: айниқса, инсоний ожизлик, ҳиссий муносабатларни ёритишда у одам боласига анча юқоридан туриб қарайди ва унинг энг арзимасдай туюлган, бир зумлик ҳиссиёт исканжасида йўл қўйган хатоларини раҳмсизларча совуққонлик билан, ҳатто бирмунча жиркантирадиган тарзда тасвирлайди. Маркес учун инсон – табиатнинг энг нозик хилқати ва у шу номга лойиқ бўлмоғи керак. Ҳисларига ҳаддан ортиқ эрк берган, айниқса, бетийиқ эҳтирослар оғушида қолган ва уларга тобе бўлган одам унинг наздида энг тубан махлуқ. Буэндиалар авлодининг энг сўнггиси чўчқа думи билан туғилишини ҳам у шунга боғлайди. Инсон чин маънода инсон аталмоғи учун дилида иймони, эътиқоди бут бўлиши, шунга кўра юксак даражада ахлоқ-маънавият соҳиби сифатида шаклланиши керак.
Буэндиалар сулоласининг аввали – Хосе Аркадио Буэндиа ва унинг рафиқаси, оиланинг асосий устуни бўлган Урсула образлари асарнинг бошидан то охирига қадар иштирок этганини кўриш мумкин. Ўзлари ҳақида айтилган ёмон кароматларга қарамасдан севганига уйланган Хосе Аркадио ҳам, муҳаббатида собит, аммо бир умр авлодида думли махлуқ туғилишидан қўрққан Урсула ҳам, гарчи роман воқеалари давомида ҳаётдан кўз юмишган бўлса-да, аслида сулоланинг ҳар бир вакилида мужассамдай: такрор-такрор уларнинг номи оилада туғилган ўғиллар, қизларга берилаверади ва улар туйган ёлғизлик ҳиссини авлодлари руҳига олиб ўтаверади. Дарахтга боғланганича қолган Хосе Аркадио, қартайганида бориб-бориб болаларга тирик қўғирчоқ бўлган Урсула ўзларини қанчалик якка-ёлғиз ҳис қилишса, қолганлар ҳам худди шу ҳис оғушида жон беришга маҳкум этиладилар. Урсуланинг бу гирдоб ичидаги ҳолатини адиб шундай тасвирлайди:
“Аммо шунчалик матонатига қарамай, Урсула холи қолган пайтларида ўз толейидан йиғларди. У ўзини шу қадар ёлғиз ҳис қилардики, охири каштан остида эсдан чиқаёзган эрининг суҳбатидан таскин излай бошлади...”
Кейинчалик бу момо сезган ёлғизлик ҳиссига ўғли Аурелиано, қизи Амаранта, тутинган акасига турмушга чиққан Ребека ҳам мубтало бўлади. Буэндиа асос солган шаҳар – Макондода бир пайтлар тарқалган уйқусизлик касали сингари бу ҳиссиёт авлоднинг барчасида вақти-замони билан бош кўтараверади.
ИШОРА, БЕЛГИ ВА РАМЗЛАР ТИЛИ
Дарвоқе, адиб ўз асарида реал воқеа-ҳодисаларни рамзлар, ишоралар, белгилар ёрдамида ифодалаб боради. Худди шу қоида асосида шаҳарда яхши замонлар кечаётган бир пайтда Ребека бошлаб келган уйқусизлик касали ва унинг оқибати – хотирасизлик тарқалгани ҳам бежиз эмасдай. Зеро, хотира – инсон маънавияти асоси, унинг ўтмиши ва келажагию бугунидан ўтадиган қизил ип. У йўқолса, инсон ўзлигидан мосуво бўлади. Худди шу каби ишоралар романда анчагина. Тутинган акага кўнгил қўйган Ребеканинг охир бориб топгани ёлғизлик; бетийиқ эҳтирослар оғушида қоврилган авлодларнинг топгани ҳам шу; дунёдан узилиб чиққан бир гуруҳ одамлар қурган шаҳар – Макондо ҳам аслида рамздай туюлади, йўқ ердан бошланган, Буэндиаларни ўз домига тортган уруш ҳам бир ишора, кечаю кундуз тўхтовсиз ёққан ёмғиру бир замонлар Урсуланинг саъй-ҳаракатлари билан қурилиб, асар сўнгида нураб тушган уй ҳам белги.
Макондо қандай шаҳар эди? Асар бошида Хосе Аркадио Буэндиа ўз туғилган маконидан бош олиб кетади. Унга бир гуруҳ дўстлари эргашади. Улар тарк этган кўҳна шаҳар – Ўзлик эмасмикин? Бу одамлар янгича ҳаёт барпо этиш учун ҳаракат қилиб, аслида ўзликдан йироқлашмадиларми? Ёки урушни олсак. Уруш қаҳрамонлардан бирининг таърифига кўра, “ўзининг матонатсизлиги важидан” юзага келган бўлса, яна бирови унга шундай таъриф беради:
“Ахир, биз нега попларга қарши курашаяпмиз? Кимки, истаса, ўз онасига ҳам уйланиши учун курашаяпмиз-да!..”
Хуллас, бу уруш аслида одамларнинг пароканда бўлган маънавияти, таназзулга юз тутган ўзлиги туфайли келиб чиққанини шу бемаъни ва даҳшатли ҳукмдан ҳам пайқаш мумкин.
Тинимсиз ёққан ёмғир Буэндиалардан бирининг бор йиққан сарватию мол-ҳолини чиритиб битиради. Аввалига ўз маҳбубасининг унга омад келтиришига ишониб, никоҳидаги рафиқасию оиласини тарк этган бу қаҳрамонга бора-бора ўша соҳибжамолнинг омад тилсими ҳам ёрдам бермайди. Кўкдан ёғдирилган ёмғир унинг молларини оқизиб кетади, заволга бошлайди. Шу ўринларни ўқиётганда киши беихтиёр кўҳна ва муқаддас ривоят – Нуҳ тўфонини ёдга олади. Ўша тўфон каби Макондодаги ёмғир ҳам илоҳий жазо, кўкнинг ғазаби эди...
Бир пайтлар одамлар билан гавжум бўлган Урсуланинг уйи асар сўнгида бутунлай нураб, вайронага айланади. Авлоднинг сўнггисига ота бўлмиш ва бу гўдакни ўзининг яқин қариндоши – холасидан кўрган бахтсиз ва якка Буэндиа бу пайтда оилага алоқадор бор сирдан, яъники ҳақиқатдан огоҳ бўлган эди. Бу ҳақиқат эса шу қадар аччиқ, шунчалик шафқатсиз эдики, унинг адолатига уй, яъни сулола дош бера олмайди – бутунлай қурийди, заволга юз тутади. Чунки унинг энди яшамоққа, умр кечирмоққа маънавий ҳаққи ҳам қолмаганди: бор муқаддас қонунлари ер билан яксон бўлган, бу мўътабар қоидалар юзига тупурилган, оёқ босилган эди...
УЛАР НЕГА ЁЛҒИЗ?
Файласуфлар инсон моҳиятини унинг икки кўриниши – сурат ва сийрат орқали англашга уринадилар. Сурат ва сийрат уйғун бўлса, айниқса, ҳар иккиси гўзал бўлса, бир-бирини инкор этмаса, инсон бир бутун ва мукаммал хилқатга айланади. Шарқ фалсафасига кўра, сийрат шундай гизли хазинаки, унинг тажаллиси суратда акс этади, сурат, яъни жисм сийрат, яъни руҳнинг моддийликда жам бўлиши ҳисобланади. Эртакларда эзгу қаҳрамонларнинг гўзал юзли, хушқад, ёвузлик элчиларининг эса баҳайбат, келишмаган кепатада тасвирланиши бежиз эмас.
Агар руҳ қашшоқлашса, қуруқ жисмнинг ўзи қолади, сийрат суратдан айрилади, демакки, сурат ёлғиз қолади. Одам танҳо ўзи кимсасиз оролда қолиб кетса, жамиятдан узилиб қолса, бу қўрқинчли эмас. Агар у руҳан яккаланиб қолса, бу энди унинг интиҳоси, дегани. “Ёлғизликнинг юз йили” романи мутолааси давомида руҳи қашшоқлашган, фақат жисм майллари, эҳтиёжлари етовида яшаётган, иймони, эътиқодидан айро тушган одамларнинг сўнгги манзили интиҳо, таназзул бўлишини англагандай бўлади киши...
2006 йилда Маркес туғилган шаҳар ҳокими шу ерга асардаги шаҳар – Макондо номини беришни таклиф қилган, аммо ўтказилган сўров натижалари бунга монелик қилганди. Адибнинг ўзи эса бу таклифга бирор бир муносабат билдирмаган. Зеро, Макондо – аслида биз ҳозирга келиб “оммавий маданият” деб атайдиган маънавий хатар ўчоғи эди...
Хуршида АБДУЛЛАЕВА