Меню

Қашқадарё

29.07.2021 1349

Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги – барқарор ривожланишга элтувчи йўл

Муносабат

Тарих – бу вақт деб аталмиш чексиз ўлчамда тўхтовсиз давом этадиган жараён. Унинг иштирокчилари – халқлар, миллатлар, давлатлар, цивилизациялар ўз фаолияти билангина тарихий тараққиётга таъсир кўрсатиши мумкин.  

Буюк ипак йўли йўналишида жойлашган Марказий ва Жанубий Осиё алоқалари асрлар давомида халқлар дўстлиги ва тамаддунга хизмат қилиб келган. Қолаверса, минтақалар халқлари бир неча бор умумий давлатчилик тузилмалари таркибида, шу билан бирга сиёсий, иқтисодий ва гуманитар маконда ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечирган. Бу ҳақда юзлаб тарихий-илмий манбалар мавжуд, ҳудудда эришилган илм-фан ютуқлари, ихтиролар, буюк мутафаккирлар ва олимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи мерослари иккала минтақа халқлари учун ҳам хизмат қилиб келган.

Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқини тинглаб,  фахр-ифтихор туйдик.

Ўзбекистон ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва янгиланишлар билан бирга, мамлакатнинг минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантирмоқда. Давлатимиз раҳбари кўп бор юксак халқаро форумларда ва нуфузли минбарларда дунё ҳамжамиятига глобал муаммоларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш, имкониятларни бирлаштириш, ўзаро ишонч ва тенг манфаатли алоқаларни ривожлантиришга қаратилган дастурий маърузалар қилган. Ўзбекистон раҳбари ташаббуслари БМТ, ЖССТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа кўплаб тузилмалар томонидан қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Президентимиз яқинда бўлиб ўтган конференцияда илгари сурган навбатдаги ташаббусларни минтақалар мамлакатлари раҳбариятига чақириқ сифатида баҳолаш мумкин.  

Ўзбекистон Президенти форум иштирокчилари эътиборини тарихий вазият тақозоси билан икки қўшни минтақанинг узилиб қолган алоқаларини тиклаш, ўзаро ишонч ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бугуннинг долзарб вазифаси эканига қаратди. Маълумки, бундан беш йил олдин давлат раҳбарининг илк ташаббусларидан бири Марказий Осиё минтақаси – қўшни давлатлар билан кўп асрлик ўзаро ишонч ва дўстлик, яқин қўшничилик қадриятларига асосланган ҳамкорлик муносабатларини қайта тиклаш, кучайтириш ва янада мустаҳкамлаш бўлиб, бу қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янги ва юксак босқичга олиб чиқди. Қайд этиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди, давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари йўлга қўйилди. Натижада минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди.  

Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий алоқаларни тиклаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни ташкил этишга хизмат қилувчи Тошкент конференцияси эса, яқин икки аср давомида кузатилмаган янги ва долзарб, айни пайтда тарихий ва минтақалар давлатлари учун жуда фойдали мулоқот бўлди. Конференцияда Президентимиз томонидан Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ва кўп томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган жуда муҳим ташаббуслар ва минтақалар ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг тамал тоши вазифасини ўтовчи бир қатор аниқ ва конструктив таклифлар илгари сурилди.  

Минтақа давлатлари ҳудудида ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлларини излаш, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш, яшил иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалаларига эътиборни кучайтириш борасидаги даъватлар глобаллашув даврида инсон саломатлиги, хавфсиз ҳаёти ва қолаверса, оламни мусаффо ва соғлом тарзда авлодларга қолдириш йўлидаги минтақалар мақсадларининг ифодаси бўлиб янгради.

Бугун хавфсизлик масаласи ҳар қандай халқаро учрашув, халқаро анжуманнинг асосий мавзуларидан бирига айланган. Ўзбекистон ҳамиша ҳар қандай муаммони муроса билан, музокаралар орқали ҳал қилиш тарафдори бўлиб келган. Хусусан, Афғонистон муаммосига тўхталадиган бўлсак, Президентимизнинг бу мамлакатдаги вазиятни ўнглаш тўғрисидаги фикрлари бугун халқаро майдонда кенг эътироф этилмоқда. Давлатимиз раҳбари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун қарама-қарши томонларни муросага келтириш, заминда кўпдан буён кутилаётган тинчликка эришиш учун можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш ва бу жараён халқаро ҳамжамият томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиши принципиал муҳим аҳамиятга эгалиги, қатор иқтисодий ва гуманитар масалаларни ҳал қилиш, халқнинг урф-одатларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлиги, бу мамлакатни умумминтақавий жараёнларга интеграцияси учун янги истиқболлар эшиги очилишини таъкидлади.

2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида давлатимиз раҳбари БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этган эди, мазкур форумда ҳам минтақаларимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этган ёшларни жалб этган ҳолда, таълим ва илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш,  ёш авлоднинг таълим ва тарбия олиши учун қулай шарт-шароит яратиш масалалари ўртага ташланди. Бутун дунёда келажак ворислари бўлган ёшларга қаратилган эътиборни янада ошириш масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Президенти доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузишни таклиф қилди.

Ушбу форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилган таклифлар қаторида илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик ушбу минтақадаги давлатлар учун сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда асосий омиллардан биридир. Бугунги кунда бутун дунё жамияти ўзаро ҳамфикр бўлиб XXI асрда глобал муаммоларнинг ечимларини инновациялар, техник ва технологик тараққиёт, илмий тадқиқот фаолиятларнинг мувофиқлаштириш орқали самарага эришиш мумкин. Шундай экан, давлатимиз раҳбарининг қўшма тадқиқотлар ва инновацион ишларни олиб бориш, илмий ва ўқув стажировкаларини, тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш глобал муаммолар ечими учун фундаментал ва амалий таклифлардан биридир. Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратиш ҳақидаги таклифлар, айниқса минтақалар давлатларидаги олий таълим ва илмий муассасалар алоқаларида янги даврни бошлаб беради ва давлатларнинг илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликларининг самарадорлигини янада оширади, десак хато бўлмайди.

Мазкур халқаро форум ўтган даврларда минтақани эгаллаган қарама-қаршилик, ишончсизлик муҳити ўрнида яна аввалги тарихий дўстона ҳамкорлик ва бир-бирини англаш даврининг бошланиши бўлиб хизмат қилади.  

О.БАЗАРОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори

Ю.ЭРГАШЕВА,

профессор

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!