Меню
Қашқадарё
МАРКАЗИЙ ОСИЁ БИРДАМЛИГИ ДУНЁ МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ
Аввало, Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари давлат раҳбарлари яқин йилларда бу каби таркибда йиғилмаганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Туркманистон Республикаси Мажлиси раиси Акжа Нурбердиева минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳатлашув учрашувида ҳамкорликнинг устувор йўналишларига тўхталди.
Биринчидан, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасида самарали минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун янги захира ва амалий механизмларни излаш.
Иккинчидан, савдо-иқтисодий, инновация, инвестиция, транспорт-коммуникация, банк-молия, сув-энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги шериклик бўйича аниқ дастурлар – “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш.
Учинчидан, энг долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича кенг фикр алмашиш, улар бўйича умумий позицияни келишиб олиш ҳамда уни кейин БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида илгари суриш.
Биламизки, Марказий Осиё минтақаси халқаро логистика, транспорт коридорини боғлаб турувчи нуқтада жойлашган, Россия, Хитой сингари йирик давлатлар билан чегарадошки, бу – минтақанинг қандай имкониятларга эгалигини кўрсатади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, минтақада ҳамкорликни таъминламасдан аниқ натижага эришиб бўлмайди.
Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга. Демак, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган муҳим ҳаётий масалаларини ҳал этиш минтақа давлатлари билан муносабатларимизга бевосита боғлиқ.
Аҳамиятлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган яқин ва яхши қўшничилик сиёсати натижаси сифатида бир неча йиллардан буён муаммоли масала сифатида қараб келинган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлат чегараларининг туташган нуқтаси ҳудуди ҳақида шартнома имзоланди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз чегараларининг 85 фоизи юзасидан келишувга эришди. Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик борган сари кенгаймоқда. Тожикистон билан тўғридан-тўғри авиа, темир йўл ва автомобиль қатнови тикланди. Амударёдан ўтадиган Туркманобод – Фороб янги темир ва автомобиль йўли кўприклари ишга туширилди. Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши бўйича келишувга эришилди.
Воқеликка кўра, шу вақтгача ҳар бир давлат ноёб ресурс – сувга эгалик ёки хавфсизлик талабларига кўра денгизда газ қувурлари жойлаштирилишига осонликча рози бўлмаган. Қолаверса, сув ресурсларидан босим қуроли сифатида фойдаланишни четдан туриб иштирок этувчилар қўллаб-қувватлаб келишган. Мавжуд вазият давлатлар чегаралари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишни якунлаш ва сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш муаммосини имкон қадар тезроқ тартибга солишни тақозо этаётганди.
Марказий Осиё – дунёнинг сув тақчил ҳудудларидан бири. Йирик дарёлар оқимининг боши Қирғизистон ва Тожикистонда, бироқ пастроқда жойлашган Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон сув захираларининг асосий истеъмолчилари сифатида сувга катта эҳтиёж сезади.
Шунга кўра Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев сув муаммолари энг асосий масала эканига тўхталаркан, Амударё ва Сирдарё оралиғида яшовчи 70 миллион одам тақдири учун ушбу масалада сиёсий савдо бўлиши керак эмаслигини қайд этди.
Амударё суви Вахш тоғларидан бошланишини ҳисобга олсак, бу борада кўп нарса Тожикистонга боғлиқлиги ойдинлашади. Марказий Осиёнинг барча давлатлари манфаатларини ҳисобга олиб сув-энергетик захиралардан самарали ва оқилона фойдаланиш минтақа давлатлари ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири экан, Имомали Раҳмон Тожикистон ўз қўшниларини ҳеч қачон сувсиз қолдирмаслигини таъкидлади.
Шу вақтгача айнан сувдан фойдаланиш минтақа давлатлари орасида айрим келишмовчиликларни юзага келтирган бўлса, биринчи маслаҳат учрашувида бу борада аниқ келишувларга эришилди. Бу юқорида айтганимиздек, Наврўз ҳамжиҳатлик байрами таснифига ҳам мувофиқ келади. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари энди Наврўз байрами арафасида ташкил этилишида ҳам ҳикмат мужассам.
Шунингдек, учрашувда мавжуд захиралар ёрдамида террорчилик, экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий жиноятчилик ва диний радикалликка қарши биргаликдаги курашни фаоллаштириш қўллаб-қувватланди.
Ўз навбатида Марказий Осиё – Форс кўрфази трансминтақавий йўналишидан самарали фойдаланиш, Жанубий Осиёга чиқадиган Трансафғон йўлагини шакллантириш, шунингдек, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль ва темир йўл магистралларини қуришга киришиш, россиялик шериклар томонидан таклиф этилган ШҲТ йўлларини ривожлантириш дастури бўйича келишишни тезлаштириш ва қабул қилиш бўйича ҳам муҳим қарорларга келинди.
Умуман олганда, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг самарали ва ишчан руҳда ўтган илк маслаҳат учрашуви ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.ХЎЖАЕВ