Меню
Қашқадарё
“МАРДИКОР БОЗОРИ”ДАГИ ҚОТИЛЛИК ҚАНДАЙ РЎЙ БЕРДИ?
1991 йилда Нишон туманида туғилган, ҳеч қаерда ишламайдиган Хайрулла Ҳасанов Шаҳрисабзга келиб, туманнинг Яшил диёр маҳалласидаги 3-сонли ўрта мактаб рўпарасида жойлашган норасмий ёлланиб ишга чиқадиганлар бозори (мардикор бозори)дан қўним топади.
Жорий йил 13 август куни одатдагидек эрта тонгдан шу ерда пайдо бўлган Хайрулла яна бир шериги – Шаҳрисабз туманининг Ёмчи қишлоғидан келган, 1970 йилда туғилган Зокир Шерматов билан тортишиб қолган. Иш ҳақи ва шу каби арзимас масалалардан чиққан тортишув тезда авж олиб, жанжалга айланади. Жаҳлга зўр бериб, ўзини назорат қила олмаган Хайрулла ёнида олиб юрган пичоқ билан рақибига ташланади ва Зокир Шерматовнинг кўкрагига тиғ санчади. Оғир тан жароҳати олган жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.
Айни пайтда Хайрулла Ҳасанов қўлга олинган бўлиб, унга нисбатан Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан жиноят иши очилиб, тергов, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ирода РАСУЛОВА,
вилоят ички ишлар бошқармаси
матбуот гуруҳи раҳбари - бошқарма бошлиғининг матбуот котиби