Меню

Қашқадарё

28.06.2024 7738

“Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланганлар сафи кенгайди

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшаётган иқтидорли йигитлар қаторида Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг информатика ва уни ўқитиш методикаси кафедраси ўқитувчиси Жураев Сухробжон Салохиддин ўғли ва Косон туманидаги 19-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Нурматов Мироншох Нуриддин ўғли ҳам “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлишди.

Президентнинг тегишли қарорида қайд этилишича, 28 нафар иқтидорли йигит “фан, таълим, тиббиёт, маданият, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун” тақдирланган. Тез орада уларга тантанали вазиятда “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилади. Айни пайтда давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти ҳам берилади.

Қарорда кўрсатилганидек, у мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан юртимиз тараққиётини юксалтириш, жонажон Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, халқ манфаати ва юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!