Меню

Қашқадарё

07.02.2020 1949

МАРҲУМНИНГ ТИЛЛА ТИШИНИ ЎМАРИШГА УРИНГАН АЁЛ КИМ ЭДИ?

Интернет оламида ҚАШҚАДАРЁ

Шу йилнинг 4 февраль куни ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган "Қарши шаҳрида қабрда ётган марҳумларнинг тилла тишини ўмараётган аёл қўлга тушди ва фуқаролар томонидан калтакланди" сарлавҳали видеотасвир юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси қуйидагича муносабат билдирди:

"2019 йилнинг 1 сентябрь  куни соат 13:30 ларда  Шаҳрисабз тумани Сарой МФЙ Сарой қишлоғи 4-уйда  яшовчи фуқаро Шаҳрибону Усмонова Китоб тумани Улуғбек МФЙ ҳудудида жойлашган "Қабри Охун" қабристонига бориб, ўзига нотаниш марҳум А.Т.нинг қабрини қўлида бўлган тешача билан қазимоқчи бўлганида, шу маҳаллада яшовчи  фуқаролар томонидан ушлаб олинган. Мазкур ҳолат Китоб тумани ИИБ навбатчилик қисмидан рўйхатдан ўтказилган.

Ҳолат юзасидан суриштирувчи томонидан 2019 йил 1 сентябрь куни ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилганида,  қабр устки қисми бузилган ҳолатда эканлиги, ярмигача очилгани, қабристондан      3 дона ёғоч кавлаб олингани, қабрнинг ёнида кавлаш учун мўлжалланган тешача ва қора рангли товуқ ҳам боғланган ҳолда тургани аниқланган.

Судга оид психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, текширилувчи Шаҳрибону Усмонова мутахассислар кўригида бўлишига қарамасдан, муқаддам асаб-руҳий касалликлар шифохонасида даволанмагани, диспансер ҳисобида турмаслиги, текширув вақтида руҳий ҳолатидаги айрим клиник белгиларида ноаниқликлар  кузатилгани боис, амбулатор-судлов экспертизаси ҳайъатида шубҳа уйғотганлиги сабабли текширилувчининг руҳий ҳолатига аниқлик киритиш ва руҳий ҳолатини илмий асослаб бериш лозим бўлганлиги учун  клиник руҳий касалликлар шифохонасида стационар тартибда суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш тавсия этилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрибону  Усмонованинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 134-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари аниқланган бўлса-да, у томонидан содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш, кам аҳамиятли қилмиш деб баҳоланиб, мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан 2019 йил 18 сентябрь куни жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Ўз навбатида Шаҳрибону Усмонова тан жароҳати олганлиги юзасидан ички ишлар органларига шикоят ёки ариза билан мурожаат қилмаган.

Видеотасвирда Шаҳрибону Усмонованинг ҳаракатларидан норози бўлган фуқаролар уни калтаклагани ҳолати акс этган. Шу сабабли  унга нисбатан етказилган тан жароҳати ва ҳақорат ҳолати 2020 йил 4 февраль куни Китоб тумани ИИБ навбатчилик қисмида рўйхатдан ўтказилиб, мазкур ҳолат бўйича ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда".

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!