Меню
Қашқадарё
МАМЛАКАТ МУДОФАА САЛОҲИЯТИНИ ЯНАДА ОШИРИШ, АРМИЯ ВА ХАЛҚ ЯКДИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ - АСОСИЙ МЕЗОН
2018 йил 9 январда имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида"ги Қонун дунёда ва минтақамизда содир бўлаётган воқеаларнинг мамлакат хавфсизлиги, унинг манфаатлари, халқаро ва минтақадаги вазиятга кўрсатадиган таъсирига мутаносиб равишда ҳаракат қилишни назарда тутиши, Мудофаа вазирлиги ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда уларнинг масъулиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги фармон эса мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, миллий армиянинг жанговар қобилияти ва шайлигини ошириш, армия ва халқ якдиллигига эришишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
"Миллий армиямиз - бизнинг ифтихоримиз ва ғуруримиз" тамойили асосида ҳудудларда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий секторлар мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, армия ва халқ якдиллигини таъминлаш мақсадини кўзлаб, ушбу секторларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари бевосита раҳбарлик қилади.
Шунга мувофиқ, вилоят ҳудудида ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари сифатида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Қуролли Кучлар қўшилма ва ҳарбий қисм командирлари ҳамда муассаса бошлиқларига уларнинг кундалик фаолиятини самарали ташкиллаштиришда кўмаклашиш, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, шунингдек, ҳарбий шаҳарча ва полигонлар инфратузилмасини ривожлантириш масалалари доимий эътиборимиздадир.
Вилоят маъмурий ҳудуди чегарасида сектор аъзолари томонидан давлат органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини жалб қилган ҳолда 2018-2021 йилларда ташкиллаштириш бўйича амалий ҳаракатлар стратегияси ҳамда у асосида 2018 йил учун аниқ манзилли тадбирларни ўз ичига олган "Йўл харитаси" ишлаб чиқилганди.
Унга асосан, ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва таълимоти йўналишида 112 та учрашув ва давра суҳбатлари, ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан ёшларни яқиндан таништириш мақсадида ҳарбий қисмларда "Очиқ эшиклар куни" тадбирлари ўтказилиб, уларга 32 мингдан ортиқ ўғил-қиз жалб қилинди. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-сиёсий тайёргарлигини, билим ва кўникмаларини ошириш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш мақсадида 126 марта маънавий-маърифий тадбирлар ва 32 та спорт тадбирлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин албатта Ўзбекистон тарихи ва "Темур тузуклари" фанидан синов топшириши кераклигини, илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларимизнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши боболаримиз ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратишга кўрсатма берганликларини таъкидлаб ўтиш жоиздир.
Шунга ҳамоҳанг, вилоятдаги ҳарбий қисм ва муассасалар кутубхоналарини бадиий, тарихий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар билан янада бойитиш, ҳарбий хизматчиларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида 2018 йил январь ойида вилоят ҳокимлиги томонидан 220 миллион сўмлик жами 10 минг 683 дона китоб Нуристон, Муборак ва Пачкамар гарнизонлари ҳарбий қисмларига тантанали равишда топширилди. Электрон кутубхона ташкил қилиш мақсадида 3 ҳарбий қисмга 165 миллион сўмлик 65 дона компьютер берилди.
Йил давомида Қарши тумани Хонобод қўрғонида жойлашган 2 ҳарбий қисмда 573,9 миллион, Нишон тумани Нуристон қўрғонидаги ҳарбий қисмда 4 миллиард 120,5 миллион, яна бирида 1 миллиард 78 миллион, Қарши шаҳрида жойлашган, Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисмда 1 миллиард 731,2 миллион сўмлик (бундан ташқари отлиқ гуруҳлар ташкил қилиш учун 8 бош от олиб берилди) жиҳозлаш, ободонлаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
Нишон ва Муборак туманларидаги 2 ҳарбий қисм информация бўлимларини капитал таъмирлаш ва компьютерлар билан жиҳозлаш ишларига 630 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
"Йўл харитаси"га қўшимча тарзда сентябрь-октябрь ойларида Нишон ва Ғузор туманларидаги ҳарбий қисмларга 15 километр узунликдаги газ қувурларини ўтказиш учун 570 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий-ҳаво кучлари жанговар қобилиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига асосан Қарши шаҳридаги ҳарбий шаҳарчага Олий ҳарбий авиация билим юрти жойлаштирилиши муносабати билан 7 та объектда маҳаллий бюджет ҳисобидан ободонлаштириш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунгача лойиҳа қиймати 18 миллиард 457 миллион сўм бўлган ушбу ишларга маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 500 миллион сўм ва республика ҳарбий-маъмурий секторларни ривожлантириш жамғармасидан 10 миллиард сўм ажратилди.
Вилоят ҳудудидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда овқатланишни ташкил қилишда аутсорсинг тизими жорий қилинди ва ҳарбий хизматчиларнинг ошхона ишларига жалб қилинишига барҳам берилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28-29 январь кунлари вилоятга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактаб ўқувчиларида ҳарбий касбга ҳавас уйғотиш мақсадида Қарши шаҳрида "Ватанпарвар боғи" ва музейи ташкил этилмоқда. Боғни реконструкция қилиш лойиҳа қиймати 30,6 миллиард сўм бўлиб, ҳозирги кунга қадар 20,68 миллиард сўмлик ишлар бажарилди.
Боғ ҳудудидан музей, амфитеатр, турли аттракционлар, автодром, электрон тир, лукадром, парашютдан сакраш майдончаси кабилар жойлаштирилиши кўзда тутилган бўлиб, Мудофаа вазирлиги тақдим этган ҳарбий техника ва самолётлар намуналари экспонат сифатида ўрин олди. Ушбу боғ нафақат мароқли дам олиш маскани, балки ёшларни ҳақиқий Ватан ҳимоячилари этиб тарбиялашда ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлади.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, Қуролли Кучлар пенсионерлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича 9 йўналишда иш олиб борилиб, бунда 2015 нафар ҳарбий ва уларнинг оила аъзолари қамраб олинди. Хусусан, 1148 киши "Соғлом авлод учун" жамғармаси мутахассислари иштирокида замонавий диагностика ва даволаш тиббиёт ускуналаридан фойдаланилган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 109 ҳарбий оила аъзолари турли ўқув курслари ва тўгаракларга, 304 нафари мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинди. 90 нафар нафақадаги ҳарбий ишга жойлашди. Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандларига совғалар берилди, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига моддий ёрдам кўрсатилди.
Ҳарбий хизматчиларни замонавий уй-жой билан таъминлаш мақсадида Қарши шаҳрида ипотека кредитлари асосида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун лойиҳа қиймати 17 миллиард 586,8 миллион сўмлик 4 та 5 қаватли (120 хонадонли), Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун лойиҳа қиймати 4 миллиард 393 миллион сўмлик 1 та 5 қаватли (30 хонадонли), фавқулодда вазиятлар ҳарбий хизматчилари учун лойиҳа қиймати 4 миллиард 393 миллион сўмлик 1 та 5 қаватли (30 хонадонли) уй бунёд этилмоқда. Ушбу уйлар Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги байрами арафасида тантанали равишда топширилади.
2019 йилги "Йўл харитаси"га Нишон тумани Нуристон қўрғонидаги ҳарбий қисмда шахсий таркибнинг маданий ҳордиқ чиқариши ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш учун 600 ўринли маданият маркази қурилиши, ДХХ чегара қўшинларининг ҳар бир чегара пости 500 донадан бадиий ва тарихий китоблар билан таъминланиши белгиланган.
Шунингдек, вилоятдаги барча ҳарбий қисм ва муассасаларда ободонлаштириш, жиҳозлаш, қурилиш ҳамда таъмирлаш ишлари, маънавий-маърифий тадбирлар давом эттирилади. "Ватанпарвар" боғи музейи замонавий инновацион технологиялар асосида жиҳозланиб, фойдаланишга топширилади.
Умуман олганда, тинч ва осойишта, озод ва обод Ватанимиз дахлсизлигини таъминлаш учун бутун халқимиз, миллий армиямиз билан ҳамкорликда, бир тану бир жон, огоҳ ва сергак бўлиб фаолият олиб борамиз. Зеро, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз суверенитети, тинчлиги ва осмонимиз мусаффолигининг гаровидир!