Меню
Қашқадарё
МАМЛАКАТ КУФР БИЛАН ТУРИШИ МУМКИН, ЛЕКИН ЗУЛМ БОР ЕРДА ТУРОЛМАЙДИ...
Сараланган сатрлар
Тартиб-интизомсиз, қонунсиз давлат ҳеч қачон ривож топмаслиги, жамият олдинга бир қадам қўя олмаслиги маълум. Шу боис илғор фикрли кишилар, одил ҳукмдорлар томонидан қонунлар, тузуклар мажмуаси ишлаб чиқилиб, жамият тараққиётга хизмат қиладиган ғоялар илгари сурилган.
Орадан йиллар, асрлар ўтса-да, мазкур қарашлар аҳамияти, долзарблигини йўқотмаган. Демакки, бугун ҳам ўша фикрлар, ғоялардан унумли, ўрнида фойдаланса бўлади. Ҳечқурса, фикрдан фикр унишида теран ғоялар ўрни катта.
Бугун Бош қомусимизнинг 30 йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Ҳеч кимга сир эмаски, Конституциямиз лойиҳасини ишлаб чиқишда дунёнинг ривожланган давлатлари асосий қонунлари, эскирмаган, ўзгармаган мажмуалар, давлатчилик, қонунчиликнинг миллий, тарихий илдизларига таянилган.
Бу борада биз учун мумтоз намуна "Темур тузуклари"дир. Аниқки, Бош қомусимизни яратишда Тузукларга ҳам атрофлича назар солинган, ўрганилган, улги олинган. Хўш, Тузукларда давлат ва жамият бошқарувига, инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашга доир қандай қарашлар бор? Қуйида саралаганларимиз шу ҳақда.
* * *
Адолат ва инсоф билан Тангримнинг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм-шафқат билан, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамларнинг кўнглидан жой олдим. Сиёсат ва инсоф билан сипоҳларимни, раиятни умид ва қўрқинч орасида тутиб турдим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, аскарларимга инъомлар улашдим.
Золимдан мазлумнинг ҳаққини олдим. Золим етказган моддий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин, уни шариатга мувофиқ иккиси ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм етказмадим.
Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим. Улар билан муомалада шундай йўл тутдимки, агар хотираларида менга нисбатан шубҳаю қўрқув бўлса, бутунлай унутишар эди.
* * *
Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир ўлка ва шаҳар аҳлининг ашроф-улуғлари билан дўст тутиндим. Мизожларига, табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларни уларга ҳоким қилиб тайинладим. Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни хатга битиб, менга билдириб туришлари учун диёнатли, тўғри ёзувчи кишиларни белгиладим. Бордию эгри ёзганлари менга билдирилса, уларни жазоладим. Ҳокимлару сипоҳдан қай бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим.
* * *
Ўз тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину тартиб асосида қурилмас, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшайдирким, кўрган ҳар кимса (ундан) нигоҳини олиб қочади. Ёхуд ҳар хил қаланғи-қасанғи одамлар тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди.
* * *
...шундай амр қилдимки, сармояси қўлидан кетиб қолган савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан етарли миқдорда олтин берилсин. Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ, асбоб (меҳнат қуроли) тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналар билан таъминлансин ва ёрдам берилсин.
* * *
Уруш кунларида ва салтанат ишларини бошқаришда мингбошининг ҳукми юзбошига, юзбошиники ўнбошига, ўнбошиники (эса) қўл остидагиларга жорий этилади. Агар бу тузукка қаршилик қилсалар жазога тортилсинлар. Агар уруш ишларида ким камчиликка йўл қўяр экан, уни четлатиб, ўрнига бошқани қўйсинлар.
* * *
Вазирлар ушбу тўрт сифатга эга кишилардан бўлишлари лозим: биринчиси - асиллик ва тоза насллик, иккинчиси - ақл, фаросатлилик, учинчиси - сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалалик, тўртинчиси - сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик.
* * *
Камолотга эришган вазир улким, давлат муомалаларини тартибга келтириб, мулкий ва молиявий ишларни тўғрилик билан, асли-насли тозалигини кўрсатиб, ажойиб тарзда бажаради. Олгулик жойидан олиб, бергулик ерга беради. Рухсат этувчи ва тақиқловчи буйруқларида унинг асиллиги билан тоза насллиги кўриниб туради. (Ҳеч кимга) душманлик ва жабр-зулм қилмайди. Хоҳ сипоҳдан, хоҳ раиятдан бўлсин, ҳар кимнинг номини яхши сўзлар билан тилга олади. Бировдан ёмонлик ахтармайди, айтсалар эшитмайди. Агар бировдан ёмонлик кўрган бўлса, унга нисбатан шундай муомала қиладики, у (охири) ёмонлигидан қайтади. Ўзига ёмонлик қилган одамга нисбатан шундай яхшилик қиладики, у (охири) олдига бош эгиб келади.
* * *
Қайси бир сипоҳий ўзини кўрсатган бўлса, рағбатлантириб ҳақини адо этсинлар. Қайси бир сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етаркан, уни ойлик-ҳакдан маҳрум этмасинлар ва мартабасидан туширмасинлар. Ҳеч бир сипоҳийнинг хизмати назардан четда қолмасин. Чунки улар давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганининг ўзи ҳам инъомга ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради. Уни инъомидан маҳрум қилиб, хизматларини кўрсатмасалар, ноинсофлик қилган бўлурлар.
* * *
Амир Худойдод менга шундай деди: "Душманингни лаълу жавоҳирдек сақлагил, қачонки бирон тошлоқ ерга келиб қолсанг, уни олиб тошга шундай ургинки, талқони чиқиб, ундан нишон ҳам қолмасин". У яна шундай деди: "Агар душманинг бош уриб паноҳингга келса, раҳм қилиб, яхшилик ва мурувват кўрсатгил". Чунончи, мен Тўхтамишхонга қилганим каби. У паноҳимга сиғиниб келганда унга яхшилик ва мурувват кўрсатдим. Агар душман сендан мурувват ва хайр-эҳсон кўрсаю, яна қайтадан душманлик йўлини тутса, уни парвардигорнинг (ҳукмига) топшир. Чин дўст улдирки, дўстидан ҳеч қачон ранжимайди, агар ранжиса ҳам узрини қабул қилади.
* * *
Пирим менга ёздиким: "Худонинг ва пайғамбарининг ҳукмига амал қилгин, расулуллоҳнинг зурриётига ёрдам бер, Тангрининг неъматларини еб, яна унга ва унинг пайғамбарларига душманлик қилган подшоҳларни Аллоҳнинг мулкидан чиқар. Парвардигорнинг мулкида адолатли иш тутгилким, шундай демишлар: "Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди..."
* * *
Ва яна буюрдимки, йўл устига кузатувчилар, зобитлар тайинласинларки, йўлларни қўриқлаб, йўловчилар, савдогарлар, мусофирларни кузатиб, мол-мулки ва бошқа нарсаларини манзилдан-манзилга етказиб қўйсинлар. Йўл устида бирортасининг нарсаси йўқолса, ўзи ўлдирилса ёки бошқа кор-ҳол юз берса, булар учун жавобгарлик уларнинг зиммасида бўлсин.
* * *
Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақлансинлар. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағаллашувига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги, ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб боради.
* * *
Яна амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (эса олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар.
* * *
Тўғри сардор улким, у шошма-шошарлик қилмай, (аввал) лашкарини ишга солади. Бордию лашкарбошининг ўзи қилич чопишга мажбур бўлса, иложи борича, ўзини ўлимдан сақласин, чунки лашкарбошининг ўлими ўрдуга иснод келтириб, ғаним лашкарининг ғалабасига сабаб бўлади.
Шундай қилиб, сардор ақлу тадбиркорлик билан иш юритиб, шошма-шошарлик қилмасин, чунки шошқалоқлик шайтоннинг ишидир. Чораси бўлмаган ишга киришмасин, чунки ундан қутулиб бўлмайди.
* * *
Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлсаю, (лекин) обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин.
* * *
Яна амр этдимки, катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар, фақиру мискинларга лангархона солсинлар, касаллар учун шифохоналар қурсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласинлар. Ҳар бир шаҳарда сарой ва қозихона бино қилсинлар. Ва раияту зироатни қўриқловчи қўриқчилар ҳам тайинласинлар.
* * *
Ўлганларнинг молларини ўз ворисларига етказсинлар. Агар вориси йўқ бўлса, уни хайрли ишларга сарф қилсинлар ёки Маккайи муаззамага юборсинлар.
НАСРИДДИН тайёрлади.