Меню

Қашқадарё

05.04.2019 1858

"МАМЛАКАТ КУФР БИЛАН ТУРИШИ МУМКИН, ЛЕКИН ЗУЛМ БОР ЕРДА ТУРОЛМАЙДИ..."

Мустабид тузум буюк бобомиз шахсига номуносиб қанча туҳмат ва ҳақоратлар қилмасин, Соҳибқирон даҳосини халқимиз юрагидан суғуриб ташлай олмади. Истиқлолга эришганимиздан эътиборан Амир Темур   халқимиз учун яна Ватан ва миллат тимсолига айланди.

Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у хат-савод чиқариб, ўз даврининг риёзиёт, фалакиёт, тиббиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.

Сиёсий майдонга қадам қўйганида Амир Темур эндигина 24 ёшда эди. Мамлакат пароканда, маҳаллий сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олган, устига-устак Чингизхон авлодлари Мовароуннаҳрга тез-тез босқин уюштириб турарди. Бир асрдан зиёд вақт давом этган бу шароитда жамият учун озодлик ва тараққиётга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган халоскор зарур эди. Амир Темур ана шундай халоскор ва йўлбошчи сифатида тарих саҳнасида пайдо бўлди.

1370 йилда Балхда бўлиб ўтган қурултойда у Мовароуннаҳрнинг улуғ амири деб эълон қилинди. Ўз давлати пойтахти этиб Сўғдиёнанинг қадимий бошкенти бўлган Афросиёб харобалари ёнидаги Самарқандни белгилади. Амир Темур Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангдан то Сирдарё ва Зарафшонгача, Тян-Шандан то Босфоргача улкан империя барпо этди.

Амир Темурнинг Осиё, умуман, жаҳон тарихидаги хизматлари катта. У Марказий Осиёни мўғуллар исканжасидан озод этди. Ўша даврнинг қудратли ҳукмдорларидан саналган Йилдирим Боязидни тор-мор этиб,  Болқон ярим ороли ва Европа халқларига озодлик бағишлади. Олтин Ўрда хони Тўхтамишни мағлубиятга учратиб, Россиянинг мўғуллар ҳукмронлигидан қутулишини тезлаштирди. Немис олими ва тарихшуноси     М.Вебер "Темур ўз душманларига нисбатан жуда бераҳм эди, лекин саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк талантга эга эди", деб таърифлаган.

Темур тузуклари, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома", Ибн Арабшоҳнинг "Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари" ва бошқа тарихий манбаларда Соҳибқироннинг сурату сийрати, дунёқараши ва ибратли ишлари ҳақида жуда кўп маълумотлар келтирилганки, булар эл-юрт ва раиятнинг ташвиши билан яшаш, давлатни адолат ила бошқариш, инсонпарвар жамият қуриш, меҳр-мурувват, мардлик ва қаҳрамонликда шахсий намуна кўрсатиш Амир Темурнинг бир умрлик турмуш тарзига айланганидан далолат беради.

Амир Темур ва унинг авлодлари саъй-ҳаракати билан қурилган мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар, саройлар, бозорлар, қалъалар, каналлар, йўл ва кўприклар ва бошқа иншоотларнинг сон-саноғи йўқ. Амир Темурнинг бевосита раҳнамолигида бунёд этилган Бибихоним жомеъ масжиди, Гўри Амир, Аҳмад Яссавий, Занги ота мақбаралари, Оқсарой ва Шоҳи Зинда меъморий мажмуалари, Боғи Чинор, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт, Боғи Баланд сингари ўнлаб гўзал сарой-боғлар ва шу каби бошқа иншоотлар шулар жумласига киради.

Улкан ва бепоён мамлакатнинг пойтахти рутбасини олган Самарқанд, Амир Темурнинг ниятига кўра, куррайи заминдаги энг чиройли шаҳарга айланиши керак бўлган. Соҳибқирон ҳаётлик пайтида бунёд этилган ўнлаб меъморий ёдгорликлар инсон тафаккури, ақли ва салоҳиятининг беназир тажассуми эди.

Машҳур давлат арбоби ва саркарданинг ҳарбий санъатга, давлат тузилиши ва мамлакатни бошқаришга оид қарашлари акс этган "Темур тузуклари" унинг ҳаётлигида махсус ёзилган. Бу китоб бугунги кунда  ҳам ҳаётимизда ўзига хос дастуриламал вазифасини ўтайди. Негаки, давлатни оқилона ва одилона бошқариш санъати баён этилган бу асар чуқур мазмун-моҳияти ва долзарблиги билан маънавий мезон бўлишга арзийди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов "Амир Темур тузукларини ўқисам, худди бугунги замоннинг катта-катта муаммоларига жавоб топгандек бўламан", дея бежиз таъкидламаган эди.

Соҳибқирон тузукларида: "Яхшиларга яхшилик қилдим, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширдим… Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, илтижо билан тавба-тазарру қилиб келгач, ҳурматлаб ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим", дейилади. Жазолар адолатли бўлгани боис, раиятда эътироз ва норозилик туғилмаган. Бугун саъй-ҳаракат қилаётганимиз - қонун устуворлиги тамойили Соҳибқирон давлатида кенг амалда бўлган.

Амир Темур қонунларга риоя қилинишини таъминлашга шу қадар эътибор берганки, қонунни бузгани учун юқори лавозимдаги мансабдорлар, ҳатто ўзининг энг яқин қариндошлари ва фарзандларини ҳам аяб ўтирмаган. Бу ўз навбатида тинчлик ва осойишталик қарор топишини таъминлаган.

Соҳибқироннинг ҳаёт шиори бўлган "Рости - русти" (Куч - адолатда) сўзлари ёзилган узукни унга Шайх Зайниддин Абу Бакр Тайободий ҳадя этган. У Амир Темурга йўллаган мактубида шундай таъкидлаган: "Худонинг мулкида адолат ила иш тутгилким, шундай демишдирлар: "Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди".

Амир Темур ўз салтанатини бошқаришда шариат қонунларига бўйсунган, фиқҳга оид муаммоларни ҳал қилишда фақиҳ-олимларнинг маслаҳатларига таянган. Шариат қозиларини танлаш ва тайинлашга, қозилик ишларига, бугунги кун таъбири билан айтганда, одил судловга катта аҳамият қаратган. "Лашкарлар учун махсус қозий ва раият учун алоҳида қозий тайинладим, ҳар мамлакатга шайхулислом юбордимки, токи мусулмонларни гуноҳ ишлардан қайтариб, уларни яхши ва савоб ишларга ундасин", дейилади "Темур тузуклари"да.

Модомики шайхулислом одамларни гуноҳ ишлардан қайтариб, яхши ва савоб ишларга ундашга буюрилган экан, унинг иймон-эътиқодли, ҳақгўй, маърифатпарвар, маънавий олами бой бўлиши талаб этилган. Бу ҳақда мушоҳада қилар экансан, бу талаблар замонлар оша ўз аҳамиятини йўқотмаганини, унга ҳамоҳанг Шавкат Мирзиёевнинг "Судьянинг онгида - адолат, тилида - ҳақиқат, дилида эса поклик устувор бўлиши керак", деган хитобларини юракдан ҳис этасан.

Буюк аждодимизнинг муҳим фазилатларидан бири шуки, у зот 600 йил аввал давлатлараро ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, узоқ ва яқин халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш ўз салтанати ёрқин истиқболини таъминлашнинг муҳим омили эканини теран англаган. Шу сабабли, Европа ва Осиёни боғлашга хизмат қилган улкан ишларни амалга оширган. Бир томондан - Хитой, Ҳиндистон, иккинчи томондан - Франция, Испания,  Англия ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатган ва шу муносабатларни мустаҳкамлашга интилган.

Ҳозирги кунда Амир Темур ва    темурийлар мавзуига бағишлаб яратилган йирик асарлар сони Европа тилларида 500 дан, Шарқ халқлари тилларида эса мингдан ортиқни ташкил этади. Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо "Самарқандга Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403-1406)" асарини ёзган бўлса, буюк рассом Рембрандт Бобурийлар замонидаги ҳинд миниатюраларидан илҳомланиб, Амир Темур суратини ишлаган. ХVI асрда яшаган машҳур инглиз шоири ва драматурги Кристофер Марлонинг "Буюк Темур" трагедияси юз йилдан ошиқ вақт саҳнадан тушмаган. Вивалди, Сколари, Гендел ва бошқа бастакорлар Амир Темурга бағишлаб мусиқа асарлари яратишган.

Мамлакатимизда ҳам 1996 йил Амир Темур йили деб эълон қилинди. Шу тадбирлар доирасида Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида бобокалонимизнинг ҳайкаллари ўрнатилди. Тошкентда Темурийлар тарихи давлат музейи барпо қилиниб, "Амир Темур" ордени таъсис этилди. Амир Темур ва унинг даврини ўрганишга бағишланган қатор манбалар, китоблар, жумладан, Бўрибой Аҳмедовнинг катта роман-хроникаси дунё юзини кўрди. Албатта, буюк аждодимиз шахсига бўлган юксак эътибор ва эҳтиром у зотнинг ворислари сифатида қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдиради.

Саддам ОРЗИҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди малака ҳайъати котиби

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!