Меню
Қашқадарё
МАКТУБЛАРНИ ЎҚИГАНДА
Қарши шаҳрилик Ҳусанхон Амиров томонидан йўлланган мақолада муборак Рамазон ойида фарз қилинган рўза амалининг маънавий фойдалари ҳақида сўз юритилади. Тиббий жиҳатдан организмга фойдаси катта бўлган бу амалнинг инсон маънавиятига таъсири ҳам улкан. Кишини сабрга чорлайдиган, ўз нафси устидан ғалаба қозонишга ўргатадиган, табиатига мулойимлик, ҳалимлик бахш этадиган рўзадорликнинг нафларини мақола муаллифи қуйидагича келтиради:
“Очлик ҳолати қалбдаги ғуборларни кеткизади. Мутакаббирлик ва манманликни кесади. Гуноҳ амалларга мойил бўлишнинг олдини олади. Очлик ҳолатини бошидан кечирган одам бехосдан қийинчиликка учраб қолса, сабр-тоқат билан уни осон енгади. Доим маишатда қорни тўқ юрган одам эса ҳаётда озгина қийинчиликка учраб қолса, талвасага тушиб, ўзини йўқотиб қўйиши мумкин.
Рўза инсонни тил офатларидан тияди, кўз, қулоқ, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳ ишлардан сақлашга ундайди...”
Дарҳақиқат, рўзанинг бу каби афзалликлари инсонни камолот сари бошлайди. Камолотга эришган инсон эса азиз ва мукаррамдир. Бизнинг ўтмиш боболаримиз орасида ўз илми, тақвоси билан азизлик даражасига етишган улуғлар кўп бўлган. Шундайлардан бири Абул-Муъин Насафийдир. Республика Маънавият тарғиботи маркази вилоят бўлими ходими Эргаш Даминовнинг мақоласи шу буюк зот фаолияти, яратган асарларига бағишланган. Унда шундай фикрлар келтирилган:
“Ҳозирги маълумотларга кўра, Насафийнинг “Табсирату-л-адилла”, “Ат-Тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” ва “Баҳру-л-калом фи илми-л-калом”дан бошқа асарлари бизгача етиб келмаган, деб ҳисобланади ва қувонарлиси, бу айтилганларнинг нодир нусхалари юртимизда – Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида ҳам сақланмоқда...”
Шундан сўнг буюк алломанинг “Табсирату-л-адилла” номи билан машҳур асарига тўхталиб ўтилган. “Абул-Муъин Насафийнинг ушбу асари катта илмий ва амалий аҳамиятга молик бўлиб, алломанинг энг йирик асари ҳисобланади, - дейилади мақолада. - Шу боисдан ҳам Абул-Муъин Насафий кўпинча “Соҳибу-т-Табсира” (“Табсирату-л-адилла” асарининг муаллифи”) номи билан ҳам шуҳрат қозонган. Бу асарда калом илмининг турли масалалари атрофлича чуқур шарҳланиб, улардаги муаммоли, мунозарали фикрлар ушбу илмнинг буюк алломаси Абу Мансур Мотуридий таълимотига асосланган ҳолда ислоҳ қилинади...”
Албатта, бу каби буюк аллома, шоиру адиб бўлган аждодларимиз билан ҳамиша фахрланамиз, уларнинг номи жаҳон миқёсида янграганини эшитганда, чексиз ифтихор туямиз. Улар қолдирган бой мерос эса сизу биз учун энг қадрли хазинадир. Ғузор туманилик Бердиёр Абдуғаниев бизга ўтмишда яшаб ўтган улуғ олим, шоир ва ҳакимларнинг ҳикматли сўзларини тўплаб юборибди. Ҳусайн Воиз Кошифий, Беруний, Огаҳий, аз-Замахшарий, Маҳмуд Кошғарий, Бобур сингари улуғларимизнинг айтган ибратли сўзлари ёш авлод тарбиясида қўл келиши тайин. Шу билан бирга, хат муаллифи буюк ҳаким Абу Али ибн Синонинг саломатликка доир тавсияларини ҳам келтириб ўтган:
“Рангларнинг кўзга фойдалироғи – қора бўлгани ёки яшил бўлганидир. Оқ ва сариқ ранглар ёғдусини сочса, зарар бўлади, чунки уларнинг ёғдуси кўзнинг кўриш қувватини пасайтиради.
* * *
Агар сен хомсемизликдан омон бўлмоғингни истасанг, ичингни учга тақсим қил. Унинг учдан бири нафас олиш учун, яна учдан бир қисми ғизо учун ва қолмиши эса сув учун жой бўлсин...”
Бундан ташқари, муаллиф Пифагор, Сухомлинский, Тургеенев, Гоббс, Рабле, Шекспир каби Европа машъалларининг қадр-қиммат тўғрисида айтган фикрларига ҳам эътибор қаратганки, уларнинг ҳар бири маънавий озуқа беради, кишини ўйлашга, фикр юритишга ундайди.
Газетхонларимиз орасида бадиий ижодга ошно тутинган юртдошларимиз анчагина. Шулардан бири – Шаҳрисабз туманидаги Чоршанбе қишлоғида яшовчи Дамир Ҳуснияров бизга “Мессига аталган асал” деб номланган ҳикоясини юборибди. Ҳикояга футбол ишқибозининг кўрган туши асос қилиб олинган. У шундай бошланади:
“Хушмат ака кампири билан тушликка келини тайёрлаган маставани ичиб, бироз ёнбошлаб дам олиш учун ичкари хонага кириб кетди. У анча ҳориган эди. Эрта саҳарлаб қўйларни ўтлатиб келди, кейин асалари қутиларидаги рамкаларни кўздан кечирди, қуёнларга ўт ўриб берди, шундан бироз толиққанди. Боши ёстиққа теккан заҳоти хуррак ота бошлади...”
Сўнг ҳикоя қаҳрамонининг туш кўриши, тушида машҳур футбол юлдузи Лионель Месси билан учрашиши ва унга ўзи олган асални пешкаш қилиши тасвирланади. Футбол ишқибозининг ўз орзусига етиши, таниқли футболчи билан бирга Тошкент кўчаларини айланиши ишонарли ва содда услубда тасвирланган.
Таҳририятимизга келган бир қанча хатлар вилоятимизнинг турли ҳудудларида бўлиб ўтаётган тадбирлар, кечаётган жараёнлар ва уларга муносабат ҳақида ёзилган. Жумладан, ИИВ академияси катта ўқитувчиси Ҳожиакбар Баҳромов Қарши давлат университети қошида ташкил этилган ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг малакасини ошириш ўқув курсларида олиб борилаётган машғулотлар ҳақида ёзган. “Ўқув машғулотлари давомида профилактика инспекторларининг кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлиги, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этилганлиги ҳақида хабар келганда қандай ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда қандай қарор қабул қилиш лозимлиги, ваколати доирасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳамда расмийлаштириш тартиби, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда бошқа хизматлар билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш ва амалга ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, дейилади мақолада.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси Р.Чоршанбиев бизга юборган мақола “Ҳаракатлар стратегияси – таълим ва фан соҳаси ислоҳотларининг асосий омили” деб номланган ва унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси борасида сўз юритилган. Мазкур стратегиянинг мамлакатимизни ривожлантиришдаги роли, халқимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилган. Жумладан, шундай дейилади:
“Ҳаракатлар стратегияси мактабгача таълим тармоғини кенгайтириш ва такомиллаштириш, умумий ўрта таълим сифатини тубдан юксалтириш, касб-ҳунар коллежлари фаолиятини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш, олий таълим муассасалари илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилганлиги билан таълим ва фан соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий омили бўладиган ҳужжатдир, дейишга тўла асосимиз бор...”
Қарши давлат университети талабаси Шоҳруҳ Фахриддинов таҳририятимизнинг электрон манзилига йўллаган бир нечта мақолалари огоҳлик, мафкуравий таҳдидлардан ҳимояланиш, эзгуликка интилиш ҳақида. Муаллиф “Огоҳлик – давр талаби” мақоласида шундай сўз юритади:
“Биз мамлакатимизни “диний бағрикенглик ўлкаси” деб атаймиз. Дарҳақиқат шундай. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Шунингдек, 16 конфессияга тааллуқли бўлган диний ташкилотларнинг бирдамликда баҳамжиҳат фаолият олиб бориши, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, диний бағрикенглик тамойилларининг ривожланиб бориши ҳукуматимиз томонидан бу борада барча шароитларнинг яратиб берилганидан далолат беради...”
Давомида муаллиф шундай тинч-тотув ҳаётимизни бузиш истагида бўлган ёт ғоялардан, вайронкорликни тарғиб этувчи, ўз ғаразли манфаати йўлида миллатлар манфаатларини топташдан тоймайдиган оқимлар таъсиридан огоҳ бўлиш, уларга қарши мустаҳкам ирода билан курашиш лозимлигини уқтиради.
Шаҳрисабз хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи экология фани ўқитувчиси Ҳулкар Жалилова электрон манзилимизга “Табиатни муҳофаза қилиш – доимий эътиборда” сарлавҳали мақоласини йўллаган. Унда атроф-муҳит муҳофазаси, табиатни асраш ҳақида сўз боради:
“Соҳага доир қонунлар, меъёрий ҳужжатлар табиат ва инсон муносабатларини тартибга солиш ҳамда экологик муҳитни соғломлаштиришда муҳим омил бўлмоқда. Сўнгги йилларда саноат корхоналарини реконструкция қилиш ва модернизациялаш, экологияга зарар етказмайдиган янги илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш натижасида атмосферанинг ифлосланиши 20 фоизга қисқарди. Сўнгги 15 йил ичида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб, йўқолиб бораётган турларини муҳофаза қилиш, кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида “Қизил китоб”дан ўсимлик ва ҳайвонларнинг 70 тури чиқарилди...”
Албатта, бу каби чора-тадбирлар хайрли натижаларга йўл очади. Аммо ҳар бир инсонда табиатга тўғри муносабатни шакллантирибгина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Мақолада шу жиҳат алоҳида таъкидланган.
Хуллас, шу каби мактубларнинг барчасини ўқиймиз, ҳаммаси билан батафсил танишиб борамиз. Гарчи уларни тўлиғича газета саҳифаларида эълон қилишнинг имкони бўлмаса-да, эътиборимиздан четда қолмаслигини, газетхонлар фикри ҳамиша биз учун муҳимлигини таъкидлашни истардик.
ТАҲРИРИЯТ