Меню

Қашқадарё

07.02.2017 2260

МАКТУБЛАРНИ ЎҚИГАНДА...

Мана, шундай хатлардан бир дастаси. Уларни бирма-бир ўқиб, хат муаллифининг дилидаги фикрлар, уни ўйлантираётган ёки ҳаяжонга солган, шунинг таъсирида қоғозга тўкилган жиҳатларни кўргандай бўламиз.

Жумладан, Қарши шаҳрилик ижодкор Олимжон Ҳайдаров бизга йўллаган ҳикоясини “Наврўзда” деб номлабди. Ҳикояда олис юртга пул топиш учун кетган одам кечинмалари тасвирга олинади. Онаси ўлим тўшагида ётганини эшитиб, қарз-ҳавола билан ўз юртига етиб келган Наврўз муаллим кекса онасини фироққа ташлаб кетганидан қаттиқ афсус чекади. Онанинг ғанимат экани, тириклигида қадрига етиш кераклигини кеч англаган қаҳрамоннинг пушаймони ифодаси шундай берилади:

“Ўн йил бурун “уч кунда қайтаман, онажон”, деб Хоразмга жўнаган, бир-иккита устозлари – ҳофизларга эргашиб, бир ойдан кўпроқ вақт ўша ерда қолиб кетганди. Уйига қайтгач, дарвозадан киришда, дераза тагидаги тахта курсида ўтириб, йўлига кўз тиккан мунис онасини тезда таний олмаган ўшанда. Онажони озиб, юзлари япроқдай сарғайиб қолганининг гувоҳи бўлган. Ўша чоғлари онасини не кўйларга солганини билган Наврўз домулла кейинчалик Сибирга йўл олганини сира кечиролмас эди...”

Касби туманидаги 10-мактабнинг   9-синф ўқувчиси Элинур Худойбердиева шеърлар машқ қилар экан. Элинурнинг бизга йўллаган мактубида Биринчи Президентимизнинг вафотидан  таъсирланиб ёзилган шеъри ҳам бор. Шеър шундай мисралар билан бошланади:

Бир оғир тонг отди, қайғу уйғотди,

Қуёш хира тортди, эл ғамга ботди,

Бутун ўзбек халқи йиғлаб кузатди,

Улуғ Йўлбошидан айрилган куни.

Яккабоғлик Ортиқали Беҳутовнинг “Истиқлол меъмори” шеъри ҳам Буюк Йўлбошчимиз хотирасига бағишланган. Унда Ислом Каримовнинг юрт учун қилган хизматлари, фидойилиги қаламга олинади:

Миллат майдонида улкан чинорим,

Ўзбек кўксидаги олтин туморим,

Буюк давлат қурган улуғ Меъморим,

Токи биз ҳаётмиз, қалбимиздасиз!

Қарши тумани Қовчин қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Худойберди Назаров юборган мақола буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тилшунос сифатидаги фаолиятига бағишланган. Муаллиф Бобурнинг мемуар асари - “Бобурнома”да жой номлари, киши исмларига берган изоҳи унинг тил илмида беназир эканидан далолат беришини таъкидлайди:

“Бобурнома”ни тилшунослик асари деб қараш мумкин. “Вақоеъ” муаллифи тил илмининг энг қизиқарли соҳалари – этимология, фонетика  хусусида ўта жозибали ва теран илмий кузатишларини баён қилади”.

Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Яраш Бўриевнинг электрон манзилимизга юборган “Устоз отангдек улуғми ё устоз отангдан улуғми?” сарлавҳали мақоласида машҳур нақлнинг қай шакли тўғрилиги борасида фикр юритилган. Устозни отага тенглаштирилгани бежиз эмаслиги, устоз инсоннинг ҳаёт йўлларини ёритувчи маёқ экани турли мисоллар, улуғларнинг фикрлари асосида далилланади. Зеро, ҳар иккаласи ҳам мўътабар.

Вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти доценти Т.Қурбонов ҳамда Қарши педагогика коллежининг директор ўринбосари Шаҳноза Жалилова бизга жўнатган мақолаларида миллий қадриятларимиз ва маънавият масалаларига урғу берилган.

“Миллий қадриятлар миллатнинг равнақи ёки инқирози билан бевосита боғлиқ бўлади. Бошқача айтганимизда, миллий қадриятлар миллатнинг ўтмиши ва бугуни билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам “миллий қадриятлар миллат ривожланиши билан ривожланади, инқирозга учраши билан қадрсизланади”, дея таъкидланади Т.Қурбоновнинг “Миллий қадриятларни мустаҳкамлаш – “оммавий маданият”нинг шахсга салбий таъсирини камайтириш омили” сарлавҳали мақоласида. Шу билан бирга,   муаллиф миллий қадриятларни тарғиб қилиш, ёшлар онгига сингдириш орқалигина ёт ғоялар таъсиридан уларни асраш мумкинлигини уқтиради. Бу эса устоз-мураббийлар, ота-оналар зиммасига улкан масъулият юклайди. Бу каби фикрлар Ш.Жалилованинг “Инсон маънавияти билан гўзал” сарлавҳали мақоласида ҳам баён этилади.

“Ёшларни маънавий баркамол қилиб тарбиялашда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Негаки, инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, маънавиятининг юксалиш жараёнлари оила бағрида юз беради. Шунинг учун ёш авлоднинг маънавий камол топишида оилага муҳим маскан сифатида қаралади”, дейди муаллиф.

Хуллас, таҳририятимизга келган ҳар бир хат бизнинг эътиборимизда. Улар билан танишиб, юртдошларимизнинг кечинма-туйғулари, воқеа-ҳодисаларга муносабатидан бохабар бўламиз, уларни кўпроқ нималар ўйлантираётгани, ташвишга солаётганини биламиз. Бу эса биз учун энг муҳими.

ТАҲРИРИЯТ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!