Меню

Қашқадарё

14.03.2017 2338

МАКТУБЛАРИНГИЗНИ ЎҚИДИК

Ижод – сирли, сурурли олам. Қўлига қалам тутиб, унга ошно бўлган кўнгил мулкидан тўкилган сатрлар  назмий гулдастага дўнади, агар у тугал бир асарга айлана олса, ўқиган кишининг ҳам дил жавоҳирига айланади. Қамашилик фахрий ўқитувчи Эштўхтар Элмуродовнинг бизга йўллаган шеърлари ўзининг содда, халқона услуби билан эътиборимизни тортди:

Той тўқишмай от бўлмас,

Йўлгинангни топиб юр.

Қариндошдан ёт бўлмас,

Кўз кўрганни сўраб тур.

Зиёратин қилиб қўй,

Ота-онанг омонат.

Биродаринг қадрин бил,

Кўнглинг топар ҳаловат...

Ижодкорнинг “Бу дунё”, “Бўлма”, “Тилак”, “Томчи шабнам...”, “Ўзинг қўлла, муҳаббат”, “Топганим ўзинг” каби шеърлари соф инсоний туйғулар, қадр, меҳр-оқибатни тараннум этади. Яна бир шеърият мухлиси – китоблик Марҳабо Каримова ҳам бизга ўз шеърларидан юборибди.

“Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят ходимлари! – деб бошланади унинг мактуби. – Мен Китоб тумани Оёқчи қишлоғида яшайман. Уй бекасиман. Иқтидорим ва имкониятим даражасида шеърлар ёзиб тураман...”

Мактубга илова қилинган шеърлар Ватан, она, фасллар келинчаги баҳор ҳақида. Қуйидаги сатрлар қалбдаги илоҳий туйғу -  ватан меҳрини ўзида ёрқин ифода этади:

Муҳаббатим тоғдан-да юксак,

Торта олмас ҳеч бир тарози.

“Жоним сенга фидо, Ватаним!” -

Бу юрагим берган овози.

Муҳаббат – шеъриятнинг асосий мавзуси. Айниқса, Шарқ адабиётида гўзал аёллар мадҳида битилган шеърлар асосий ўринни эгаллайди. Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Яраш Бўриев бизга йўллаган “Қоши ёсинму дейин...” сарлавҳали мақолада шундай дилрабо сатрлар саралаб олиниб, таҳлил қилинади. Мўътабар зот – аёл тимсолининг шеъриятдаги нафис тасвири ҳақида фикр юритилади:

“Момо Ҳаво зотига мансуб бўлган пари-пайкарлар таърифи замонамизнинг забардаст шоирлари эътиборидан ҳам четда эмас... Аёл зотини кўкдаги ой, оламни мунаввар этгувчи қуёш, ташна қалбларни суғорувчи дарё деб таърифлаш ҳозиргача давом этиб келади...”

Дарҳақиқат, аёл – нозик хилқат. Жамиятда унинг ўз ўрни, таъсири бор. Муборак саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Гулида Абдуллаева бизга йўллаган мактубида шу нозик хилқатни чиройли сўзлар билан таърифлабди:

“Ҳаётни ўз меҳрлари билан ёритиб турган ўзбек аёлларининг битмас-туганмас сабр-тоқати, метин иродаси, оиласи ва фарзандларига бўлган буюк муҳаббатини таърифлашга қалам ожизлик қилади... Она борки, ҳаёт давом этади. Аёл борки, тириклик мангу...”

Айниқса, уй-рўзғорини, оиласини гулдай тутгувчи, ўн бармоғи ўн ҳунар бўлган қиз-аёллар – жамият безаги. Миллатимиз аёллари шуғулланиб келадиган кўҳна ҳунарлардан бири – каштачилик бўлиб, асрлар оша сайқал топиб келаётган бу ҳунар санъат даражасига кўтарилган. Музейлардан жой олган турли-туман каштачилик буюмлари эса нафақат кўрган кўзни қувнатади, балки олис ўтмишдан бизга дарак беради. Вилоят ўлкани ўрганиш музейи илмий ходими Дилфуза Эшназарова таҳририятимизга йўллаган мақоласида шу хусусда сўз юритилган:

“Кашталардаги тасвирлар ҳам инсоннинг табиатга муносабати, атроф-борлиқ ҳақидаги тасаввурлари натижаси ўлароқ юзага келади. Матога чизилган тасвирлар ўсимликлар ёки табиат манзарасидан андаза олади. Лолагул, бодомча, олма гули, тангачагул, аноргули, чирмовуқ гул,  дасторгул, намозшомгул сингари шакл, яъни гуллар кўклам чечакларини ўзида мужассам этган. Сўзана четига  тикиладиган чок сув ёки оби деб аталади. Каштадўзлар бу  ном тоғдан оқиб келаётган ирмоқ шаклидан олинганини айтадилар...”

Юртимиз тупроғининг ҳар қарич ери ўзида олам тарихни жамлаган. Жумладан, кўҳна Ерқўрғон харобалари ўз бағрига жо этган сирли хазина олис мозийдан, ўша даврда яшаган аждодларимиз ақлу закосидан сўзлайди. Дилнавоз Раҳматованинг “Ерқўрғон тарихи музей экспозициясида” сарлавҳали мақоласида шу ҳақда сўз боради. Унда мазкур тарихий жойдан топилган ноёб осори атиқалар тўғрисида маълумотлар келтирилган:

“Ерқўрғондан топилган бир қанча нодир, қимматбаҳо ашёлар ўша даврларда музей захира фонди мустаҳкам бўлмаганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Тарихи Давлат Музейи фондига сақлаш учун юборилган. Масалан, милоддан аввалги IV-III асрларга оид ёқут тош – катталиги тирноқча, яъни бир сантиметрни ташкил этади. Ушбу тошда икки кишининг овга чиққан тасвири аниқ акс эттирилган”, дейилади мақолада. Бундан ташқари, муаллиф яна бошқа ашёлар номини ҳам келтириб, улар тарихига тўхталади.

Таҳририятимизга келаётган мактубларнинг аксариятида оила маънавияти, шахс камолоти муҳим масала сифатида қаралган. Қарши педагогика коллежи ўқитувчиси Дилфуза Муродуллаеванинг мақоласи ҳам шу мавзуда. “Ислом фалсафаси ва ҳуқуқининг етук билимдонларидан бири Ризоуддин ибн Фахруддин оиланинг жамият ҳаёти ва тараққиётидаги ўрни-аҳамияти ҳақида қуйидаги фикрларни айтган эди: “Инсонларнинг дину дунёларини тузатмоқ матлуб бўлса, энг аввало, гўзал хулққа эга бўлмоқ ила оилани тузатингиз. Оилалар тузалганидан сўнг дин ҳам, дунё ҳам тузалади”. Бу фикрда олам-олам маъно мужассам”, дейди  муаллиф.

Қарши шаҳридаги 27-мактаб ўқитувчиси Нодира Қаршиева эса бизга ўз хонадонидаги оилавий кутубхона ҳақида ёзиб юборибди. Кутубхона – зиё маскани. Унинг зиёси кўнгилни мунаввар айлаб, маънавиятимизни безайди. Шулар ҳақида сўз юритган муаллиф ўз хонадонидаги кутубхонанинг асосчиси – таниқли шоир, адабиётшунос Чори Ҳамро тўплаган китоблар ҳақида кўплаб маълумотларни келтирган:

“Ҳозирги кунда кутубхонада 2800 га яқин тарихий, бадиий, энциклопедик, шеърий китоблар, 200 га яқин қўлёзма, 2 мингдан ортиқ журналлар сақланмоқда...”

Чиндан, китоб – маънавият хазинаси, энг доно устоз. Ўтмиш аждодларимиз яратган дурдона асарлар эса биз учун энг ноёб бойликдир. Қарши тиббиёт коллежи ўқитувчиси Мавжуда Очилова бизга жўнатган мақоласида Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида сўз юритилган қаноат фазилати мавзусини қаламга олган. “Қаноат – кўплаб шоирлар мурожаат этган мавзу. Чунки қаноат инсонга хос муҳим хусусиятлардан биридир. Улуғ шоир “Ҳайрат ул-аброр”нинг 34-боби, 7-мақолотида қаноатни моҳирона таърифлайди. Шоир қаноатни барча бойликдан устун қўяди”, дейилади мақолада.

Китоб туманидаги 88-мактабнинг мусиқа фани ўқитувчиси Одилжон Қодиров мақоласи эса мусиқанинг инсон маънавиятида тутган ўрни хусусида. “Куй-қўшиқда миллат руҳи яшайди. У халқнинг ички қиёфаси, маънавий дунёси, ўзлиги ва қадриятларининг ажралмас қисми сифатида эстетик дидни тарбиялайди, ижодкорлик, бунёдкорлик ва ватанпарварликка ундайди. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг мусиқий дунёқарашини шакллантириш билан бирга уларни маънавий баркамол инсон қилиб тарбиялашда мактаблардаги мусиқа фанининг роли катта”, дейди муаллиф. Сўнг эса мусиқа дарсларининг замон талаблари доирасида ўтилиши ва ўқувчиларда унга қизиқиш уйғотиш учун зарур чора-тадбирлар ҳақида сўз юритади.

Хуллас, шу каби мактубларнинг барча-барчаси, гарчи улар газетамизда тўлиқ чоп этилмаган бўлса-да, бизнинг эътиборимизда. Хатларнинг ҳар бири билан танишамиз, уларда ифодаланган фикр-мулоҳазаларнинг бари биз учун бирдай аҳамиятли. Қолаверса, дил ойнаси бўлмиш хатлар газетхонларимизнинг бизга бўлган эътибори, ҳурмати рамзидир.

ТАҲРИРИЯТ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!