Меню

Қашқадарё

03.08.2017 2226

МАКТУБЛАРИНГИЗ – ЭЪТИБОРИМИЗДА

"Адолат" СДП вилоят кенгаши ходими Шаҳло Ҳалимова бизга партия вилоят кенгаши томонидан "Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш - барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти"  мавзусида ўтказилган давра суҳбати ҳақида ёзиб юборибди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

"Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 июнь куни видеоконференцалоқа режимида ўтказилган суд органлари ходимлари йиғилишида қилган маърузасида муҳим ҳамда кўп янги гапларни айтди. "Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик бўлиши керак". Албатта, давлатимиз раҳбарининг бу гапни алоҳида таъкидлаётгани бежиз эмас. Тарихий маъруза бугун Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят партия ташкилотларида ҳам чуқур ўрганилмоқда. Партия вилоят кенгаши, Ўзбекистон судьялари ассоциацияси вилоят бўлими, вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди..."

Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши сектор мудири Шаҳло Худойқулова электрон манзилимизга йўллаган мақола эса мазкур партиянинг вилоят кенгаши "Фаол аёллар" қаноти ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори ташаббуси билан ўтказилган амалий семинар ҳақида. "Вилоятда партиямиз аъзолари сони 37 минг 691 нафар бўлиб, шундан 14 минг 335 нафари ёки 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда, - дейилади унда. - Вилоятдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2 нафар, вилоят кенгашида 5 нафар ҳамда халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларида 24 нафар Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутат аёллар самарали фаолият олиб бормоқда...

Семинарда хотин-қизларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда айрим қонунларга қўшимчалар киритиш, оила ва тарбия масалаларининг муҳокамасида депутат хотин-қизларимизнинг фаол иштироки масалаларига алоҳида эътибор қаратилди..."

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши раиси Шомурод Сатторов бизга юборган мақола "Хулоса ва янги режалар ҳақида" деб номланган. Унда муаллиф жорий йилнинг 30 июнь куни ўтказилган "Камолот" ЁИҲ нинг IV қурултойидан олинган таассурот ва хулосаларини баён қилган. Бундан буёғига янгича ишлаш лозимлиги ва бунинг учун кўпгина ишлар режалаштирилганини таъкидлаган.

Дарҳақиқат, халқимиз ўзининг ёруғ келажагини, эртанги порлоқ истиқболини ёшлар қўлида деб билади, улар камолида кўради. Шунинг учун бизда азалдан ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор билан ёндашилади, бир бола учун бутун    маҳалла жавобгар саналади. Қарши туманидаги 20-мактаб ўқитувчиси Шаҳодат Аслонованинг "Бола тарбиясига бефарқ бўлмайлик" мақоласида шу ҳақида сўз боради.

Оила - кичик бир давлат. Одоб оиладан бошланади. Қуш уясида кўрганини қилади. Ота-оналаримиз эътиборсизликка йўл қўйишса, бу пировардида ёмон оқибатларга олиб келиши тайин. Кузатувларим натижасида амин бўлдимки, айрим ўқувчиларнинг ота-онаси, афсуски, уларнинг эртасига бефарқ", деб куйиниб ёзади муаллиф. Шундан сўнг у ўқувчиларининг қуйидаги иқрорларини келтиради:

"Ота-онам менга эътиборсиз, уларнинг менга озгина бўлса ҳам вақт ажратишларини истардим...

Уйимизда ҳамма шарт-шароит етарли,  лекин ютуқларимни сўзлаб берай десам, эшитишга ота-онамнинг вақти йўқ...

Уйимизда ҳар куни жанжал: ота-онам бизга ўрнак бўлиш ўрнига бизни ўзларидан бездиришади, яхшиям, овунчоғим мактаб бор, уйга боргим келмайди..."

Албатта, юқоридаги каби ҳолатлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир ўтказади, улар маънавиятини кемтик қилади. Маънавиятдаги бўшлиқ, кемтиклик эса бутун жамиятни таназзулга етаклаши тайин.

Деҳқонободлик газетхон Шерзод Боллиев жамиятимизда ўзи кузатган айрим маънавиятга зид ҳолатлар ҳақида куйиниб ёзади. Муаллиф яқинда бир дўстининг 80 га кирган отаси оламдан ўтгани ва унинг дафн маросимида қатнашишига тўғри келгани, аммо у ерда ўзи гувоҳ бўлган воқеалардан таажжубга тушганини ҳикоя қилган.

"Отахоннинг обрўси, таниш-билишларининг мавқеи ҳисобга олинди ва маросимга келган ҳар бир одамга 6 минг сўмдан пул тарқатиш кераклиги, будан ташқари, ҳар икки кишига ярим килодан тўғри келадиган яхна гўшт, икки қозон ош, икки қозон қайнатма шўрва, хуллас, ҳаммаси бўлиб, 15 миллион сўмдан ортиқроқ харажат қилиниши лозимлиги аниқланди...

Бу гап-сўзни эшитиб, ҳеч нарсага тушунолмай қолдим. Бу нимаси?! Марҳумни сўнгги йўлга кузатиш тадбирини дабдабабозликка айлантиришнинг нима кераги бор?.."

Мақола сўнгида муаллиф бу каби зарарли одатларга қарши курашиш лозимлигини, маҳалла фаоллари бу ишга бош-қош бўлиши кераклигини таъкидлайди. Чиндан ҳам, ортиқча дабдабабозлик,керагидан ортиқ сарф-харажат, исрофгарчилик охири вой бўлган одатдир.

Китоб туманилик Гулжаҳон Ҳайитованинг бизга юборган мақоласи тўйлардаги ортиқча дабдабалар, бемаъни одатлар ҳақида. Муаллиф бундай кераксиз дабдабаларнинг оилалар иқтисодигагина эмас, балки жамият маънавиятига ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини хавотир билан қаламга олади. Ўз фикрларини кайвони, кўпни кўрган кишиларнинг фикр-мулоҳазалари билан тўлдиради:

" - Яқинда маҳалламиздаги зиёли оилаларнинг бири қиз узатди, одамлар таъбири билан айтганда, "келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр". Қизга қилинган сарпою сеп ёшларимизнинг айтишича, "модалар коллекцияси" бўлибди, - дейди биз билан суҳбатда 71 ёшли онахон Муяссар Рўзиқулова. - Атрофдагиларга ибрат бўлиши керак бўлган бу хонадоннинг қилган иши бўйи етган қизларнинг тинчини қочирди-қўйди. Улар аллақачон қилинган сепларини бошқатдан тўплашга киришиб кетишган. Ноилож қолган ота-оналар ҳам қизим бировдан кам бўлмасин, дея дилбандлари айтганини қилишдан бошқа чоралари қолмаяпти. Айниқса, тўйдан кейин келин бўлмишга қизлик хонадони томонидан олиб бориладиган қирқ кун таом ташиш одати ҳаммасидан ошиб тушди..."

Албатта, бу каби ўйлаб топилаётган "одат"ларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш кўпчиликнинг зиммасидаги вазифа. Агар кексалар, маҳалла  фаоллари бир бўлиб, одамлар орасида тушунтириш ишларини олиб боришса, юқоридаги каби  "одат"ларга барҳам бериш мумкин.

Инсон учун саломатликдан қимматлироқ бойлик йўқ. Бу бойликни асраш эса ҳар кимнинг ўз қўлида. Бугун бутун дунёни ташвишга солаётган муаммолардан бири - ОИТС балоси инсон саломатлиги, жамият соғломлиги, келажак давомийлигига жиддий путур етказадиган хатардир. Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи ўринбосари Ш.Мадатовнинг мақоласи мазкур касаллик, унинг келиб чиқиш сабаблари ва профилактикаси, шунингдек, республикамизда унга қарши курашиш мақсадида олиб борилаётган ишларга бағишланган. Унда шундай дейилади:

"ОИТСнинг жинсий йўл билан юқишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори асосида никоҳланувчи шахслар ОИВ инфекцияси бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига қарамасдан ҳозирги вақтда ҳам шаҳар ва туманларда 10 фоизгача ёшлар тўйдан кейингина тиббий кўрикдан ўтишмоқда. Бу эса куёвдан келинга ёки келиндан куёвга ОИВ инфекцияси юқиши каби ҳолатларга ҳам сабаб бўлмоқда..."

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш барча касалликларга қарши курашишнинг энг тўғри ва осон йўли эканлигини мутахассислар кўп бора таъкидлашади. Дарҳақиқат, ОИТСга қарши ҳам шу усул билан самарали курашиш мумкин. Фақат буни ҳар бир киши онгли равишда англаб етмоғи лозим. Соғлом турмуш тарзига амал қилган киши эса узоқ умр кўриши, улуғ ёшда ҳам бардам ва тетик, ақли тиниқ бўлиши ҳаёт исботлаган ҳақиқатдир.

Косон саноат-транспорт коллежининг инглиз тили ўқитувчиси Дилнавоз Муродова бизга юборган "Қарияларга хорижий тил ўқитиш йўллари" сарлавҳали мақолада келтирилишича, кексалар ҳатто энг яхши тил ўрганувчилар бўлишлари мумкин экан. Бу ҳақда мақола муаллифи қуйидаги фикрларни келтиради:

"Қариялар диплом олиш учун ёки университет талабаси бўлиш учун тил ўрганишмайди, улардаги тил ўрганишга бўлган қизиқиш ички завқдан. Қариялар ҳатто ёш ўрганувчилардан ҳам кўпроқ қизиқишади. Бундай қизиқиш тил ўрганиш жараёнининг муваффақиятли кечишида энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Шу қизиқиш қарияларни тил ўрганиш дарсларида тўлиқ иштирок этишларини таъминлайди..."

Агар юртимизда умргузаронлик қилаётган кекса авлод вакилларидан "Энг севимли хонандангиз ким?" деб сўрасангиз, уларнинг аксари "Хоразм булбули" деган эътирофга сазовор бўлган машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзов номини тилга олишади. Ўзбек санъатининг атоқли дарғаларидан бири бўлган ҳофизнинг дардли нолалари, оташ наволари ҳали-ҳануз одамлар қалбида, шогирдлари ижодида барҳаёт. Миришкорлик Сафармамат Бўтаев бизга юборган "Ўзбекистон булбули" сарлавҳали мақолада машҳур ҳофизнинг ҳаёт йўли, унинг ўлмас санъати ҳақида ҳикоя қилинган. "Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Ватанимиз гўзаллигини, юксак инсоний туйғуларни авж пардаларда куйлаган беназир овоз соҳиби Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигини ҳақиқий санъат ва нафосат байрами сифатида ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси санъатсевар халқимизни мамнун этди", деб ёзади муаллиф. Шундан кейин моҳир санъаткорнинг ҳаёт йўли, ўзбек миллий санъатининг шуҳратини оламга ёйиш йўлида чеккан заҳматлари, улкан истеъдоди ҳақида сўз боради. Ва бу беназир ҳофизнинг санъати ҳамиша қадрланишини таъкидлайди.

Хуллас, таҳририятимизга келаётган ҳеч бир мактуб эътиборимиздан четда қолмайди. Улар билан танишамиз, ҳар бирида айтилган фикрлар биз учун муҳим. Зеро, улар сиз азизларнинг газетамизга бўлган эътиборингиздан дарак беради.

ТАҲРИРИЯТ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!