Меню

Қашқадарё

03.03.2018 2067

МАКТУБЛАРДАН САТРЛАР

Қарши шаҳридаги Равоқ маҳалласида яшовчи Номурот Жомуротов йўллаган мактубда жаҳон иқлимида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида фикр юритилган бўлиб, хат муаллифининг мустақил тадқиқотчи сифатидаги хулосалари баён этилган. Иқлим ўзгариши, дунё уммони сувининг буғланиш даражаси ортиши, айрим минтақалардаги қурғоқчилик ва шу каби бошқа табиий ҳодисаларнинг сабабини муаллиф ўз нуқтаи назаридан баҳолайди:

“Планеталарнинг бир-бирини тўсиб қўйиши оқибатида ерда уларнинг соялари пайдо бўлади. Менинг фикримча, ана шу ҳодиса ҳам қурғоқчиликка сабаб бўлади. Бундай ҳодиса тахминан ҳар 10 йил  ичида 6 марта содир бўлади. Мазкур ҳодисалардан келиб чиқувчи қурғоқчиликни мен 2-даражали қурғоқчилик, деб атадим. Бундай ҳодиса 2015 йилда Атлантика океанида, 2016 йили Ҳинд океанида юз берди. Оқибатда Канадада ёнғин кўп бўлди. Европада ҳаво исиб кетди...”

Албатта, бу ёзилганлар ҳозирча тахмин, холос. Уларнинг қанчалик илмий қарашларга мос келиш-келмаслигини аниқлаш эса шу соҳа мутахассисларига тан. Биз учун эса юртдошимизнинг глобал масалада мустақил изланишларга чоғлангани муҳимроқдир. Зеро, бугун бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари ҳар бир инсонни ташвишга солиши табиий.

Шу билан бирга, шундай хасталиклар ҳам борки, уларга нисбатан озгина лоқайдлик, бепарволикка йўл қўйилса, инсон ҳаётига жиддий хатар туғдириши мумкин. Вилоят давлат санитария-эпидемиологик назорати марказининг врач-эпидемиология Н.Кўчкинов бизга юборган хатда шундай хавфли касалликлардан бири ҳисобланган қутуриш хасталиги ҳақида сўз юритилган. Унда, жумладан, шундай дейилади:

“Қутуриш касаллигининг оқибати муқаррар ўлим билан тугайди. Уни тузатиш имконсиз. Бироқ олдини олиш мумкин. Хўш, бу бедаво хасталикдан сақланиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Бунинг ўзига яраша муҳим қоидалари бўлиб, ҳар биримиз шу олтин қоидаларга оғишмай амал қилишимиз шарт. Яъни эгасиз, дайди итларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, хонадонларда сақланаётган итларни ҳудудий ветеринария хизмати идорасига ўз вақтида ҳисобга қўйиб, қутуришга қарши эмлатиш, ит сақлаш қоидаларига қатъий амал қилиш, ит ва бошқа ҳайвонлар тишлашидан сақланиш, агар бирор жонивор тишласа, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозимдир...”

Албатта, бу каби қоидаларни ҳар бир киши билиши ва уларга амал қилиши шарт. Бу – ўзи ва атрофдагиларнинг ҳаёти, соғлиги учун муҳим тадбир эканлигини унутмаслик керак.

Таҳририятимизга келган мактубларда айни кунларда жойларда ўтказилаётган турли тадбирлар ҳақида ҳам хабар берилган. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги академик лицей ёшлар етакчиси Аббос Полвонов бизга мазкур ўқув муассасасида ўтказилган тиллар фестивали ҳақида ёзибди. 21 февраль – халқаро она тили куни муносабати билан ташкил этиладиган бу анъанавий тадбирга ҳар йили юртимиздаги халқаро ташкилот ва элчихоналар вакиллари таклиф этилади. Улар лицейда хорижий тилларни ўргатиш жараёни билан яқиндан танишадилар. “Лицей ўқувчилари томонидан ўқилган русча, инглизча, немисча ва французча шеърлар тадбир меҳмонларининг олқишига сазовор бўлди. Байрамнинг бадиий қисмидан ўрин олган Александр Пушкиннинг янги талқиндаги “Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак” асари, француз ёзувчиси Проспер Мерименинг “Матео Фалконе” ҳикояси асосида саҳналаштирилган саҳна кўринишлари, қўшиқ, рақс ва бошқа чиқишларда ўша миллатнинг маданияти, урф-одати, характер-хусусияти ва турмуши яққол акс эттирилди”, деб ёзади хат муаллифи.

Вилоят ахборот-ресурс марказида ўтказилган тадбир эса “Ижодни англаш бахти” деб номланиб, унга вилоятимиз ижодкорлари ва Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернат ўқувчилари таклиф этилган. Марказнинг маълумот-библиография ва ўлкашунослик бўлими мудири Муяссар Нуруллаева йўллаган мактубда шу тадбир ҳақида сўз борган. “Кеча давомида тадбир меҳмонлари Қашқадарё адабий жараёнида камол топиб бораётган ижодкорларнинг ижоди ҳақида сўз юритишди. Тадбир сўнгида  ўқувчилар ижод машқларидан намуна ўқишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди”, деб ёзилади хатда.

Қарши маданият ва туризм коллежи ўқитувчиси Бахтиёр Зиёдов томонидан юборилган мақола “Мусиқа. Мақом. Маънавият” деб номланган. Унда мақом санъати, унинг маънавиятимизга таъсири, миллий санъатимизда тутган ўрни борасида сўз юритилган. Мақолада келтирилган қуйидаги маълумотлар диққатимизни тортди:

“Мақомларни ўрганишни осонлаштириш мақсадида махсус нота чизиғини XIX аср охирида Комил Хоразмий ихтиро қилди. Владимир Успенский биринчи бўлиб бухоролик машҳур устозлар – Ота Жалол ва Ота Ғиёсдан “Шашмақом”ни ёзиб олиб, 1924 йилда нашр эттирди. 1934 йилда Хоразм мақомларининг чолғу қисмлари, дастлаб, Елена Романовская томонидан нотага олиниб, нашр қилинди...”

Баҳорнинг илк кунида адабиётимизнинг йирик намояндаси, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган. Миришкор туманилик Алмира Амирқулова томонидан юборилган мактубда шоира ҳаёти, ижодий фаолияти борасида сўз юритилган. Унда, жумладан, шундай   дейилади:

“Шеърият Зулфия Исроилова учун яшаш тарзи бўлиб қолган эди. Республикамиз миллий мустақилликка эришиши Зулфия илҳом булоғининг кўзини очди. Босиб ўтган йўлига янги назар билан қаради. 1995 йилда ёзилган “Шарқнинг ўзи Она бўлган ҳамиша!”, “Иқрорга вақт етди” шеърлари, “Хотира синиқлари” достони шоира ижодининг янги саҳифаси, янги босқичи, ютуғи, дейиш мумкин...”

Таҳририятимизга қалби ижодга ошно юртдошларимиздан ҳам кўплаб шеърлар, ижодий машқлар келади. Шаҳрисабзлик Зулайҳо Норова бизга ўзининг “Яшанг, ўзбекнинг чемпионлари” сарлавҳали ижод намунасини юборган. Шеър шундай сатрлар билан бошланади:

Майдонда одамлар кетишди тўлиб,

Бизникилар тўп сурар елиб-югуриб,

Ютуғимиз халқники, дерлар суюниб,

Яшанг, ўзбекнинг чемпионлари!

Хуллас, таҳририятимизга келаётган бу каби мактублар, мақолалар уларда ифодаланган фикр-мулоҳазалар бизнинг эътиборимизда.

ТАҲРИРИЯТ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!