Меню
Қашқадарё
МАКТУБЛАРДА ҚАЛБ ИФОДАСИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Касби туманидаги Халқ қабулхонаси мудири А.Холов томонидан жўнатилган мактубда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унда белгиланган инсон ҳуқуқлари, бурч ва мажбуриятлари ҳақида, хусусан, мурожаат этиш ҳуқуқи борасида сўз боради. “Конституциямизда инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, Конституциянинг 35-моддасига кўра, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга”, дейилади мақолада. Давомида эса муаллиф қонунчилигимизга киритилган ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида фикр юритади. Жумладан, шундай ёзади:
“2017 йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинишига барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш лозимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинганлиги сабаб бўлди. Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилган бўлиб, янги таҳрирдаги Қонунда мазкур қабулхоналарнинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди...”
Қарши давлат университети талабаси Хуршид Хидиров юборган мақола ҳам Асосий қонунимизнинг қабул қилиниши билан боғлиқ воқеликлар, унинг ҳаётимизда тутган ўрни тўғрисида. Унда шундай дейилади:
“Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 8 та конституциявий қонун, 15 та кодекс, 600 дан зиёд қонун қабул қилди, 200 дан ортиқ кўп томонлама халқаро шартномаларни ратификация қилди ва шу тариқа Асосий қонунимиз нормаларини амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг самарадорлигини вақт ўзи кўрсатиб турибди ва бу бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда...”
Албатта, Бош қомусимиз ўзининг ҳаётбахшлиги, адолатли қонунлиги билан дунё мутахассис ва сиёсатчиларининг юксак баҳосига эга бўлгани барчамизда ғурур туйғусини жўш урдиради. Унинг тажассумини эса ҳар қадамимизда кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Журналист Пўлат Гадоев томонидан йўлланган мактубда жорий йилда 100 йиллик юбилейи кенг нишонланаётган буюк сиймо – ўзбек халқининг оташқалб фарзанди Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти хусусида сўз юритилган. “Инсоният тарихида шундай одамлар бўладики, улар ҳаёти, иш фаолияти ўз халқининг, эл-юртининг тарихи билан чамбарчас боғланиб кетади, - деб бошланади “Авлодларга мактублар йўллаган инсон” сарлавҳали ушбу мақола. – Бундай сиймоларнинг фаолиятини тарихдан, халқдан узиб қўйиш, уни айрича талқин қилиш асло мумкин эмас. Ўз халқининг жонкуяр фарзандлари бўлган буюк инсонлар тарихдан муносиб ўрин олиши, уларнинг фаолияти ҳар томонлама ўрганилиши алоҳида аҳамиятга молик”.
Мақоланинг давомида Шароф Рашидовнинг ижодий фаолияти, сиёсий арбоб сифатида амалга оширган ишларига кенг ўрин берилган. Жумладан, бу буюк сиймо республикамизга бош бўлган кезларда юз берган ижтимоий-иқтисодий ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида шундай дейилади:
“Ўша йилларда барпо этилган осмонўпар қурилишлар, янгидан тикланган ўнлаб шаҳарлар ва туман марказлари, маъмурчилик манбаига айланган чўллар томон оқизилган, минглаб километрларга чўзилган ҳаётбахш каналлар, минг-минглаб километр янги йўллар қурилди, Мирзачўл, Қарши, Жиззах, марказий Фарғона, Сурхон-Шеробод, Қорақалпоғистон, Бухоро ва Навоий вилоятлари ўртасида ястаниб ётган Ўртачўл кенгликлари ўзлаштирилди. Ўзбек халқининг гуллаб-яшнаши, фаровон ҳаёти учун зарур бўлган қўриқ ва бўз ерлар экинзорларга айлантирилди. Ўнлаб йирик, кўплаб катта-кичик сув омборлари қурилиб, ишга туширилди. Йирик завод-фабрикалар фаолияти тикланди. Буларнинг ҳаммаси халқимиз ҳаётининг тубдан ўзгариб кетишида катта омил бўлди...”
Мақолада муаллиф Шароф Рашидов шахси ва вилоятимиздаги йирик сув иншоотларидан бири – Ҳисорак сув омбори қурилиши билан боғлиқ бир воқеага эътиборини қаратади:
“Шароф Рашидов олдиндан тайёрлаб қўйилган “14 июнь 1976 йил – Ҳисорак сув омбори қурилиши бошланди” деган ёзувлар битилган мармар лавҳа рўпарасида тўхтади. Мутахассислардан бири республика раҳбарининг қўлига қизил тугмачали қурилмани келтириб берди. Шароф Рашидов олдинлари ҳам бундай қурилмаларни кўп кўрган, ишлатишни яхши билган, шекилли, бироз тин олиб, атрофдагиларнинг диққатини ўзига қаратган ҳолда қизил тугмачани босди. Узоқда портлаш овози эшитилди, чанг-тўзон кўтарилди. Бу сув омбори тўғони қурилишининг бошланиши эди. Сўнгра мармар лавҳа ёнида турган Шароф Рашидов кимдир узатган бир варақ қоғозни капсула ичига солиб, мармар лавҳанинг таг қисмидаги чуқурчага жойлаб қўйди. Қоғозда 1976 йил 14 июнь куни халқимиз фаровонлигини яхшилаш мақсадида Ҳисорак сув омбори қурилиши бошланганлиги ҳақида авлодларга ёзилган мактуб бор эди...”
Дарҳақиқат, авлодлар қилинган бундай муҳим ва улкан ишни, буюк сиймонинг жасоратини ҳеч қачон унутмайдилар. Шароф Рашидов номи унинг амалга оширган ишларида, одамлар хотирасида мангу яшайди.
Ғузор туманилик Бердиёр Абдуғаниев йўллаган мактубга ҳикматли сўзлар, буюклар хулосалари, латифалар илова қилинган. Улар орасида айниқса, Лутфий, Жалолиддин Даввоний, Абу Райҳон Беруний, Саъдий Шерозий каби буюкларнинг фикрлари диққатга сазовордир:
“Маъмур бўлур адл ила ҳар қайда вилоят”, деб ёзади Лутфий. Маҳатма Гандининг эса “Жазолашдан кўра кечирмаклик мардликдир. Ожиз одам кечиролмайди. Афв этиш кучлилар фазилатидир”, деган...”
Хуллас, бу каби мактублар билан танишар эканмиз, улардаги фикрлар, таассурот ва мулоҳазалар, муносабатлар диққатга сазовор. Уларнинг ҳар бири бизнинг эътиборимизда.
ТАҲРИРИЯТ