Меню

Қашқадарё

22.02.2018 1857

МАКТУБЛАРДА ҲАЁТ НАФАСИ

Қарши тумани Лаганди қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси, техника фанлари номзоди Баҳриддин Абдуллаев бизга йўллаган мактубда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг мангу хотираси ҳақида ҳикоя қилинади. “Мен у киши билан юзма-юз учрашмаган бўлсам-да, шундай бахтга мушарраф бўлган кишилар сўзлаб берган воқеалар орқали Ислом Каримовнинг узоқни кўра билган раҳбар эканига амин бўлганман”, деб ёзади муаллиф. Мактуб давомида эса ҳамқишлоқларининг Биринчи Президентимиз ҳақидаги хотиралари келтирилган:

“ – Бу воқеа 1987 йил ёз ойида бўлган эди, - деб хотирлайди 85 ёшли Ражаб бобо Қодиров. – Ўғлим Шералига атаб пахсадан уй кўтараётгандик. Девор тепасига ёғочларни қўйиб, пардевор ураяпмиз. Айни туш пайти, кун роса қизиган палла. Кўчамизга машина келиб тўхтади, ундан тушган киши биз томонга яқинлашиб, “ҳорманглар”, деди. Салом-аликдан сўнг ўзини вилоят раҳбари Ислом Каримов деб таништирди ва иморатни айланиб кўрди. “Биз келажакда уйларни лойдан эмас, пишиқ ғиштдан мустаҳкам қилиб, набираларимиз ҳам яшайдиган қилиб, узоққа мўлжаллаб қурамиз, қурилиш бригадалари тузамиз. Даладан чарчаб, уйда лой қилишим керак, деб эмас, дам олиш учун келасизлар”, деган эдилар...”

Буюк Йўлбошчи билан боғлиқ бу каби хотиралар юртдошларимиз дилидан мустаҳкам ўрин олган. Бу хотиралар, таассуротлар унинг ёдига бағишланган тадбирларда кенг эсга олинади. Китоб туманидаги 2-мактаб ўқитувчиси Дилором Ҳамраева бизга юборган мактубида ўзи фаолият юритаётган таълим муассасасида бўлиб ўтган шундай тадбир ҳақида ҳикоя қилган. Унда шундай дейилади:

“Мактабимизда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбир “Ислом Каримов – мустақиллигимиз асосчиси” деб номланди. Тадбирда 9-синф ўқувчилари томонидан Биринчи Президентимиз ҳаёт йўли ҳақида слайдлар ёрдамида маълумотлар бериб ўтилди. Буюк Юртбошимизнинг фаолияти, асарлари ҳақидаги маърузалар тингланди...”

Албатта, бу каби тадбирлар ёш авлод қалбида Буюк Йўлбошчи хотирасига эҳтиром туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

Яккабоғлик ижодкор Карим Султонов эса Биринчи Президентимизга аталган дил сўзларини шеърга солибди:

Озод, обод Ватан қолди сиздан бизга,

Табаррукдир ҳар бир босган изларингиз.

Қалбимизда мангудирсиз, Ислом бобо,

Унутмаймиз асло доно сўзларингиз...

Умуман, ўзбек халқининг шундай улуғ фарзандлари борки, улар номи тоабад миллатимиз қалбида ёлқинланиб туради. Улуғларимиздан бизгача етиб келган илмий-адабий мерос эса маънавиятимиз хазинасини тўлдириб турган ноёб бойликдир. Бу йил таваллудига 577 йил тўлган буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий руҳига эъзоз-эҳтиром намунаси сифатида ўтказилаётган тадбирларда шоир ижоди, унинг фалсафий қарашлари, юксак инсоний ғоялари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида Қарши тиббиёт коллежида ўтказилган бўлиб, бу ҳақида партия вилоят кенгаши мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими бошлиғи Умиджон Жабборов бизга йўллаган хатда сўз боради.

“Адабий кечада ҳазрат Алишер Навоий ўз асарларида ҳалоллик, поклик, камтарлик, ростгўйлик, ҳаё ва ибо каби ахлоқий сифатларни улуғлагани, унинг асарлари инсонларни хуштавозелик, юксак дид, илму маърифатга ундаши эътироф этилди. Тиббиёт коллежи ўқувчиларининг саҳна кўринишлари, шоир ижодидан ўқилган ғазаллар, “Истеъдод чорлови” клуби ёш ижодкорлари шеърлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди”, дейилади мактубда.

Китоб туманидаги 59-мактаб ўқитувчиси Мусурмон Содиқов томонидан бизга юборилган хат эса “Навоийнинг суюк сиймоси” деб номланган. Унда Алишер Навоийнинг мусаввирлар томонидан чизилган портретлари ва охирги мукаммал нусха ҳақида сўз боради. Муаллиф рассом Ибодулла Дадажонов томонидан чизилган улуғ шоир портретининг яратилиш тарихи ва унда ўзининг иштироки борасида, жумладан, қуйидагиларни ҳикоя қилади:

“Айни шу кунлари ҳазрат сиймоси таърифланган замондошлари, тарихчилар Мирхонд, Хондамирнинг битикларини ҳижжалаб ўқийман. Замондош рассомларимиз томонидан яратилган Мир Алишер Навоий портретларига синчковлик билан тикилиб, уни тасаввуримдаги Навоийга қиёслайман. Бу портретларнинг бирида пахмоқ соқол устунлигини, кейингисида бетартиброқ ўралган салладан кўнглим тўлмайди. Навбатдагисида шоир Ҳамид Олимжон суратига салла ва соқол қўндирилиб, Навоий сиймоси дея халқимизга тақдим қилинади. Кўнглим, барибир, унчалик тўлмайди... Қарашларимни Ибодулла Дадажонов билан ўртоқлашаман...”

Хат давомида шу фикрлашиш натижаси ўлароқ дунёга келган асар шоирнинг энг мукаммал портрети сифатида шуҳрат топгани айтилади.

Таҳририятимизга келаётган мактублар орасида саломатликни мустаҳкамлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилганлари ҳам бор. Жумладан, биология фанлари доктори, профессор Шониёз Қурбонов ҳамда Қарши давлат университети магистри Гулноза Бўронова ҳаммуаллифлигида ёзилган хат шу мавзуда. Унда шундай дейилади:

“Йилнинг ҳар бир фаслида тетик, бардам ва соғлом бўлиш кўп жиҳатлари билан овқатланиш омилига боғлиқ. Бу ҳақида олим ва мутафаккирлар қадим замонларданоқ хабардор бўлган, ҳар фаслнинг ўзига хос таомлари бўлишига эътибор беришган. Йил фаслларининг алмашиниши билан юз берадиган ўзгаришлар организм саломатлигига салбий таъсир этмаслиги учун истеъмол қилинадиган озиқ моддаларнинг миқдори, таркиби хилма-хиллиги, ҳарорати ва бир-бирига нисбати муҳим аҳамият касб этади...”

Албатта, соғлом овқатланиш қоидаларига амал қилиш саломатлигимизни мустаҳкамлашда муҳим ўринга эга. Шу билан бирга, инсон соғлигига ташқи омилларнинг ҳам таъсири катта эканлигини унутмаслик керак. Масалан, шундай хасталиклар борки, жониворлардан одамга юқиши ва оқибати аянчли якун топиши мумкин. Вилоят ички ишлар бошқармаси ППХ ва ЖТСБ карантин гуруҳи командири Нурбек Қулмуродов томонидан йўлланган мактубда қутуриш касаллиги ҳақида фикр юритилган. “Тўрт оёқли дўстингиз “ажал қуроли”га айланмасин” сарлавҳали хатда, жумладан, шундай дейилади:

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва жаҳон эпизоотик бюроси маълумотига қараганда, одамлар ўртасида қутуриш касаллиги дунёнинг 150 дан ортиқ давлати ҳудудида рўйхатга олинмоқда. Касалликнинг 95 фоизи Африка ва Осиё давлатларида қайд этилади. Ҳар йили дунё бўйича 1 миллионга яқин ҳайвон ва 50 минг нафардан ортиқ одам шу касалга чалинади. Ҳар йили 15 миллиондан ортиқ киши ҳайвон тишлашидан жабрланиб,  тиббий ёрдамга мурожаат қилади. Шуларнинг 10 миллионга яқини қутуришга қарши эмланади, 5 миллиондан кўпроғи эса эмланмай қолади. Ўзбекистонда ҳар йили ўртача 50-55 минг одам ҳайвон тишлаши оқибатида қутуришга қарши эмланади...”

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими Б.Ҳамидов йўллаган хатда ҳам эпизоотик касалликларга қарши курашиш борасида сўз юритилган. “Шуни таъкидлаш жоизки, республикамиздаги барча вилоятлар қўшни давлатлар, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон билан чегарадош бўлгани учун ҳар бир вилоят иккига: умумий ва касаллик кириши хавфи юқори бўлган чегара – буфер ҳудудларга бўлинган. Умумий ҳудудларга нисбатан буфер ҳудудларда эпизоотик касалликларга қарши асосий тадбирлар олиб борилади”, дейилади унда. Давомида эса фермер хўжаликларидаги жониворларни эпизоотик касалликларга қарши 90-100 фоизгача мунтазам эмланса, ветеринария-санитария тадбирлари ўз вақтида ўтказиб борилса, касалликлар деярли учрамаслиги қайд этилган. Дарҳақиқат, бу каби тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши турли нохуш ҳолатлардан асраши баробарида катта иқтисодий зарарнинг ҳам олдини олиши мумкинлигини унутмаслик лозим.

Таҳририятимизга келаётган мактублар орасида юртдошларимизнинг мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларга муносабати ҳам акс этган. “Муборак газни қайта ишлаш заводи” МЧЖ хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулсара Сиддиқованинг “Ташаккур сизга, Юртбошим!” сарлавҳали  хатидан бугун юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган кўмакдан миннатдор ҳамюртларимизнинг дил изҳорлари ўрин олган. Муборак туманида яшовчи, қарамоғида ногиронлиги бор фарзанди бўлган Мақсудахон Убайдуллаеванинг сўзларини муаллиф шундай ифодалайди:

“Янги йил арафасида кутилмаган бахтдан қувончим ичимга сиғмади. Муборак туманида қад ростлаган замонавий, арзон кўп қаватли уйлардан бири бизга насиб этди. Шунча йиллик изтиробларимиз Президентимизнинг меҳр-муруввати билан унутилиб кетгандай бўлди, яшашга бўлган иштиёқимизни оширди...”

Мақсудахон Убайдуллаева каби бундай рағбатдан баҳраманд бўлган яна кўплаб юртдошларимизнинг қалбида ҳам шу каби туйғулар кечаётгани шубҳасиз. Зеро, биргина эътибор кишига беқиёс таъсир кўрсатиб, унинг кўнглини тоғдек кўтаради.

Ижодга ошно юртдошларимиз ҳам ўз шеърларидан намуналарни бизга йўллашган. Шулардан бири шаҳрисабзлик Дамир Ҳуснияровдир. Унинг “Шаҳрисабзда қиш” сарлавҳали шеъри шундай мисралар билан бошланади:

Қувноқ қор айланиб қўнар гумбазга,

Шўх шамол тортқилар байроқларни.

Қиш бобо кезади бизнинг шаҳарда –

Шаҳрисабзда қиш, Шаҳрисабзда қиш...

Хуллас, таҳририятимизга келаётган ҳар бир мактубни ўқиймиз, уларда билдирилган фикрлар билан батафсил танишамиз. Зеро, уларда бугунги кун нафаси, юртдошларимизнинг фикру ўйлари акс этган.

ТАҲРИРИЯТ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!