Меню
Қашқадарё
МАКТУБЛАР ГУЛДАСТАСИ
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари(Омбудсман) бўйича минтақавий вакили Муродулла Нормурадов бизга юборган “Ҳамкорлик – муваффақият гарови” сарлавҳали мақола Олий Мажлис Сенати ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш ҳақида.
“Маҳаллий Кенгашлар депутатлари юқоридан Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари билан, қуйида эса ўзини ўзи бошқариш органлари билан алоқада бўлади. Давлат ва аҳоли ўртасидаги боғловчи бўғин сифатида ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бориши масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, нафақат маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари, балки маҳаллий Кенгашларнинг барча депутатлари учун махсус ўқув курслари ташкил этиш борасида ҳам мулоҳаза қилиб кўриш фойдадан холи бўлмайди. Истиқболда шу йўсиндаги ўқув курсларини маҳаллий Кенгашлар томонидан ўзини ўзи бошқариш органлари учун ташкил қилиш тўғрисида ҳам ўйлаб кўрилиши мақсадга мувофиқ келади”, дейилади мақолада. Албатта, бу каби тадбирлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили давлат дастурининг ҳаётга кенг татбиқ этилишида муҳим роль ўйнайди.
Маълумки, бугунги кунда олий таълим тизимини янада ривожлантириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти доценти Рустам Хўжақуловнинг “Фан ва таълим тизимида янги босқич” сарлавҳали мақоласи шу ҳақида.
“Президентимизнинг мазкур қарори билан олий таълим муассасалари олдига олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг мақсадли кўрсаткичларини шакллантириш, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш истиқболлари, реализация қилинадиган ҳудудий ва тармоқ дастурлари эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда ўқув йўналишлари ва ихтисосликларини оптималлаштириш, магистратура илмий-таълим жараёнини ташкил қилишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш вазифалари қўйилганини ҳам қайд этиб ўтиш керак”, дейилади унда. Шунингдек, бу борада амалга ошириладиган истиқболли ҳаракатлар ҳақида фикр юритилади.
Китоб мутолааси инсон маънавиятининг юксалишида муҳим ўринга, таъсирга эга машғулотдир. Аммо китоб ўқишнинг ҳам ўзига яраша қоидалари бор. Шунингдек, барча китобни ҳам бирдек яхши деб бўлмайди. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси Равшан Чоршанбиевнинг “Шахс камолотида китоб ва китобхонликнинг ўрни” сарлавҳали мақоласида шу хусусида сўз юритилади.
“Китоб, умуман, бадиий асар кишиларнинг дунёқараши, ижтимоий-сиёсий салоҳиятини, маънавий баркамоллигини таъминлаши лозим. Бундай асарлар яратилмоқда, халқимиз, ёшларимиз уларни ўқияпти. Аммо асарларнинг барчасига ҳам шундай баҳо бериб бўлмайди. Бугунги баъзи асарлар яхши ниятда яратилаётган бўлса-да, уларда турли салбий кўринишлар: зўравонлик, фаҳш, иллатларни тарғиб этиш каби ҳолатларнинг акс эттирилиши ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатмоқда”, деб ёзади муаллиф.
Китоб туманидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Ғолибжон Хидировнинг фикрлари ҳам юқоридагилар билан уйғун. Муаллиф ўзининг “Жавондаги жавоҳир” деб номланган мақоласида шундай ёзади:
“Шиддат билан ривожланаётган ахборот асрида ёшларимиз маънавиятида турли тўсиқлар учрамаслиги, айрим муаммолар бўй кўрсатмаслиги учун ҳам китоб билан ҳамнафас бўлиб бориш ҳар жиҳатдан муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, баъзи ёшларнинг китоб билан муомаласи ва яқинлиги борасида жиддий муаммолар учраб турибди. Жадаллашган ушбу даврда интернет, ижтимоий тармоқлар, компьютер, телефон ва шунга ўхшаш тараққиёт маҳсули бўлмиш техникавий қурилмалар сабабидан ҳам китобдан йироқлашиш кузатилмоқда...”
Мақола муаллифи бу ҳолатнинг сабабини оилавий муҳитда деб билади. Ота-она китобга ошно бўлган муҳитда бола, албатта, унга меҳр қўйишини таъкидлайди. “Болаларни оиладан тортиб барча таълим муассасаларида китоб мутолаасига қизиқтириш тўғри ва мақсадли йўлга қўйилса, учраши мумкин бўлган ҳар қандай нохушликнинг олди олинади”, дея ўз фикрини тўлдиради у. Дарҳақиқат, китоб мутолаасига одатланиш ёшликдан, болаликдан бошланади. Буни ҳар бир ота-она билиб, фарзандларини шу гўзал одатга ўргатиб боришлари келажакда етук инсонни тарбиялашда муҳим омил бўлади.
“Етук инсон” дейилганида, энг аввало, кўз ўнгимизда ўтмишимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз гавдаланади. Уларнинг ҳаёт йўлидан ибрат оламиз, ўгитларига амал қилишга интиламиз. Қарши шаҳридаги 10-мактаб ўқитувчиси Зебо Ҳайдарова таҳририятимизга йўллаган мақоласида улуғ саркарда Соҳибқирон Амир Темур ҳақида сўз юритилган. Унда, жумладан, шундай дейилади:
“Соҳибқироннинг хислатларидан бири шу эдики, у бирор масалани ҳал этишдан олдин шу соҳанинг билимдон одамлари, олимлари билан маслаҳатлашар эди. Амир Темур тиббиёт, математика, астрономия, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек, дин соҳасидаги машҳур одамлар билан шахсий суҳбатлар ўтказарди. Бу суҳбатларда ҳаётнинг муҳим масалалари тўғрисида Мовароуннаҳр ва Хоразмдан ташқари, Олтин ва Оқ Ўрдаларни, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Туркия, шунингдек, бутун Ғарб-Мағрибни ўз ичига олган подшоҳликка оид ишлар ҳақида гап борарди...”
Мақоланинг давомида Амир Темурга хос кўпгина хислатлар саналади ва улар авлодларга ўрнак, намуна эканлиги таъкидланади. Буюк Соҳибқирон ҳаёти-фаолияти, у ҳукмронлик қилган давр маданияти билан таълим муассасаларидаги дарслар мобайнида ўқувчиларни кенгроқ, батафсилроқ таништириб бориш зарурлиги таъкидланади.
Касби туманидаги Денов қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари Бахтигул Жавлиева, Шоҳиста Мадатова, Ҳасан Рўзиев муаллифлигида бизга жўнатилган мақолада коллеждаги таълим жараёни, ўтказилаётган очиқ дарс ва турли тадбирлар ҳақида сўз юритилган. Жумладан, мазкур таълим масканида фан ҳафталикларини мунтазам ўтказиш яхши йўлга қўйилгани таъкидланади.
“Коллежимизда дарслар ноанъанавий тарзда инновацион технологиялар асосида, интерфаол методларни татбиқ этган ҳолда ўтилади. Жумладан, физика, кимё ва биология фанларидан очиқ дарс ва интеллектуал ўйинлар ташкил этилди. Очиқ дарсларда ахборот-телекоммуникация воситаларидан самарали фойдаланилди. Таълим жараёнида “кластер”, “балиқ скелети” каби методлар қўлланди”, дейилади унда. Дарҳақиқат, бу каби очиқ дарслар ўқувчининг фанга қизиқишини ошириб, фаоллигини кучайтиради.
Таҳририятимизга йўлланган яна бир мактуб эътиборимизни тортди. Қарши туманида яшовчи фахрий ўқитувчи Олим Ҳалимов томонидан жўнатилган бу мактуб саломатлик посбонлари – шифокорларга миннатдорлик ҳислари билан тўлиб-тошган.
“Мен 2014 йил 4 февраль куни инсульт ўтказдим, - деб ёзади мактуб эгаси. – Маҳалламиз ҳамшираси Қизларой Имомова биринчи тиббий ёрдам кўрсатди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига келтиришди. Бу ерда менга қўли енгил шифокорлар ёрдам кўрсатишди. Шифокорлар Санжар Жўраев, Миршод Халилов, Ботир Тўраев, бош ҳамшира Кларахоннинг фаолиятини кузатиб, улар ибн Сино бобомизнинг “табиб ширин сўзи билан - табиб”, деган шиорига амал қилишига гувоҳ бўлдим...”
Албатта, саломатлик – туман бойлик, дейилгани бежиз эмас. Касалликка қарши курашадиган, инсон соғлиғи учун жавобгар бўлган шифокорлар касби ҳам шарафли, ҳам машаққатли. Улар қўлидан шифо топганларнинг миннатдорлик сўзлари эса бу касб эгалари учун олий мукофотдир.
Таҳририятимизга кўплаб газетхонларимиз ўзларининг ижод намуналарини ҳам йўллайдилар. Шулардан бири Қарши давлат университети физика-математика факультети талабаси Наргиза Чориевадир. У бизга ўзининг “Устозимга меҳрим ошади”, “Юртбошимизга” сарлавҳали шеърларини юборган. Кейинги шеърда шундай сатрлар бор:
Дилга жодир ҳикматларингиз,
Дўст-ёр бўлган миллатларингиз,
Буюк неъмат бизга борингиз,
Сиз-ла юксак юртимнинг шаъни...
Хуллас, юқоридаги каби мактублар, мақолалар доимий эътиборимизда. Уларни ўқиймиз, сатрларда акс этган сиз азиз газетхонлар фикрлари билан танишамиз. Ва уларнинг ҳар бири биз учун муҳим.
ТАҲРИРИЯТ