Меню

Қашқадарё

24.08.2017 2076

МАКТУБ – КЎНГИЛ ОЙИНАСИ

“Адолат” социал-демократик партияси фаоли Гулноза Ражабова электрон манзилимизга йўллаган “Муаммога ечим топишнинг самарали усули” сарлавҳали мактубда мазкур партия фаоллари томонидан ҳудудларда ўтказилаётган мулоқот ва учрашувлар ҳақида сўз юритилган. Партиянинг Муборак туман кенгаши фаоллари, депутатларнинг аҳоли билан ўтказган очиқ мулоқоти ва унда кўрилган масалалар юзасидан қуйидагилар келтирилган:

“Туман ҳокимлиги тасарруфидаги бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар вакиллари ва партия фаолларининг ҳамкорликда Қорақум маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан юзма-юз мулоқоти ғоят самарали кечди. Шу ҳудудда яшовчи Сайёра Сайимова хонадонида бўлишганида оила аъзолари паррандачиликни йўлга қўйиш учун кредит ололмай сарсон бўлишаётганини маълум қилишди. Депутатлар томонидан ТИФ “Миллий банк”нинг туман филиали раҳбари номига депутатлик сўрови юборилди ва банк томонидан Сайёра Сайимовага 7 миллион сўм миқдорда кредит  ажратилишига эришилди...”

Албатта, бу каби тадбирлар жорий “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлайди. Одамларнинг партияга, қонунларга ишончини янада мустаҳкамлайди.

Маълумки, истиқлол миллатимизга ҳурлик, озодлик нашидасини суриш имконини берди, Ватанимизнинг бошқа давлатлар қаторидан муносиб жой олиб, эркин сиёсат юритиш, тараққиётга эришиш учун кенг йўл очди. Шунинг учун юртимиз мустақиллигини энг бебаҳо неъмат деб биламиз. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали директор ўринбосари Комилжон Султонов бизга юборган хатда шу ҳақида сўз боради. Ватан меҳри билан яшаш, унинг эртанги куни, ёруғ келажаги учун ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги таъкидланади. “Мустақиллик – энг улуғ, энг азиз неъмат” сарлавҳали мақолада, жумладан, шундай дейилади:

“Қачонки, Ватан тараққиётига тўсқинлик қилаётган, унинг тинчлиги ва осойишталигига рахна солаётган ҳасадгўй ғаним кучларга ва миллий ғоямизга ёт иллатларга қарши курашда ўзимизни масъул сезиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, келажаги буюк давлат қурилишига озгина бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Бунинг учун эса, албатта, лоқайд ва бепарво бўлмаслигимиз, халқимиз, айниқса, мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларимиз маънавиятини янада  юксалтиришимиз лозим бўлади...”

Мазкур мактубда таъкидлангани каби ёшлар маънавиятини турли таҳдидлар, ёт ғоялардан асраш шу куннинг долзарб вазифаларидандир. Бинобарин, бугун кўпгина зарарли диний оқимлар, ёвуз ниятли гуруҳлар ўзларининг миллий маънавиятимизга зид бўлган ғояларини интернет орқали ёшлар онгига сингдиришга, мажбурлаб тиқиштиришга уринмоқда. Қарши давлат университети талабаси Шаҳзода Валиеванинг “Интернетдан фойдаланишда адашмайлик” сарлавҳали хатида шундай кучлар таъсиридан огоҳ бўлиш лозимлиги, виртуал оламдаги бошқа хатарлар ҳақида мулоҳаза юритилган. “Олимларнинг фикрича, замонавий рақамли технологияларнинг ишлаб чиқариш кучи инсон миясининг ахборотни қабул қилиш имкониятларидан ҳам илгарилаб кетган, - деб ёзади мактуб муаллифи. - Биргина клавиатура тугмасини босиш орқали биз Ер сайёрасида кун давомида содир бўлган воқеалардан хабардор бўлишимиз мумкин. Бахтсиз ҳодисалар, табиий офат оқибатлари, янги эпидемиялар ҳақидаги ўнга яқин ахборот 3-5 дақиқа ичида онгимиздан жой олади. Оқибатда биз кимларнингдир бошига тушган дарду ҳасратлар, кулфатларни ҳиссиётларсиз, бир нафасда ўқиб ёки эшитиб кетишга одатланамиз. Ахборотнинг кўплиги воқеа-ҳодисаларни юзаки, тез ва чала идрок этишга сабаб бўлади. Фақат ҳиссиётларгина эмас, интеллектуал салоҳият ҳам “ўтмас”лашади...”

Бунинг таъсирида келиб чиқадиган хатарли ҳолатларга қарши курашишда энг маъқул йўл – интернет фойдаланувчиларида маънавий иммунитет ҳосил қилиш. Номада таъкидланганидек:

“Агар интернет тармоғидаги сайтларни кўздан кечираётган кишида Ватан туйғуси, ўз халқига нисбатан эътиқоди мустаҳкам бўлса, ҳар қандай бўҳтон ва тўқималарга ишонмайди. Мустаҳкам маънавий иммунитетга эга, иймони бақувват, ғурури баланд, сиёсий маданияти етук инсонларга ёт ғоялар таъсир ўтказа олмайди”.

Маънавий иммунитетни тўғри тарбия воситасида мустаҳкамлаш мумкин. Тарбиянинг энг яхши воситаси – яхши китоб мутолааси эканлиги шубҳасиз. Китоб туманидаги 59-мактаб ўқитувчиси Мусурмон Содиқов таҳририятимизнинг электрон манзилига юборган хатлар китоб мутолаасидан олинган таассуротлар ҳақида. “Марваридлар жилоси” сарлавҳали мақолада муаллиф таниқли ҳуқуқшунос ва ижодкор Абдушукур Омоновнинг “Ҳаёт кузатувларидан қайдлар” китобини ўқиш асносидаги фикрлари, хулосалари билан ўртоқлашади:

“Умуман олганда, “Ҳаёт кузатувларидан қайдлар” номи билан чоп этилган туркум китоблари орқали Абдушукур Омонов ижтимоий ҳаётимизнинг барча қатламларини кенг қамровли, чуқур ўргангани кўриниб турибди. Чунки ҳар бир қаламга олинган мавзу ўйлаб топилмаган. Уни муаллифга кундалик турмуш тарзимиз, тўғрироғи, ҳар биримиз берганимиз ёрқин намоён бўлган...”

Газетамиз саҳифаларида кўп бора эълон қилинган қайдлар, дарҳақиқат, ихчам, лўнда, сермаъно ҳаётий кузатувлар, хулосаларни ўзида жамлагани билан кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Бу эса ижодкорни янги ижодий марралар сари ундаши шубҳасиз.

Қашқадарё азалдан ижодкорлар, шоиру адиблар етишиб чиққан замин сифатида маълуму машҳур бўлиб келган. Унинг ўтмишида номлари юлдуздек порлаб турган кўплаб номдор шоирлар, адиблар, олиму фозиллар борки, бу улуғларимиз қолдирган ноёб ижодий мерос биз учун бебаҳо хазина бўлса, ҳаётлари ибрат, сабоқдир. Шундайлардан бири – асли Шаҳрисабзда туғилиб, Қамашида яшаб ижод қилган оташнафас шоир Абдулла Гулшанийдир. Қамашилик ижодкор Ўролбой Қобил бизга йўллаган “Бир муҳаббат тарихи ёхуд Абдулла Гулшаний ким бўлган?” сарлавҳали мактубда истеъдодли шоир, аруз илмининг билимдони, таржимон сифатида баракали ижод қилган Гулшаний ҳаётининг айрим қирралари, шоир ижодий мероси ҳақида ҳикоя қилинган. ХХ аср бошларида Бухорога борган Абдулла Гулшаний Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, каби маърифатпарварлар билан танишган, “Ёш бухороликлар” ташкилоти ва жадидлар ҳаракатининг фаол аъзосига айланган. Бунинг оқибатида шоир 1919 йил баҳорида бир муддат зиндонбанд этилади. Душманлари унинг рафиқаси Ҳаётхонга шоирнинг осиб ўлдирилгани ҳақидаги сохта хабарни етказишади, ёш келинчак бу хабарга ишониб, жонига қасд қилади.

Кейинчалик Гулшаний бир неча жойларда турли лавозимларда хизмат қилган, адабиётшунослик соҳасига катта ҳисса қўшган:

“Абдулла Гулшанийни 1962 йилда Тошкентга, Ўзбекистон Фанлар академиясининг тил ва адабиёт институтига ишга таклиф қилишган. У қисқа муддат ичида Жомийнинг “Рисолаи манзума” асарини форсчадан ўзбек тилига таржима қилди. Шунингдек, Навоий қаламига мансуб “Мажолис ун-нафоис” асаридан минг байтли, “Хазойин ул-маоний” асаридан 600 сатрли муаммони ечади. Бундан ташқари, Нишопурийнинг “Муаммо фани қоидалари ҳақида” рисоласидан 1340 сатр, “99 номли муаммо”  китобидан 650 сатр муаммоли шеърни ўзбек тилига ўгирган...”

Мақола сўнгида муаллиф Гулшанийнинг ижодий меросини ўрганиш, тадқиқ қилиш, бугунги кун ўқувчисига етказиш адабиётшуносларимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлайди.

Албатта, Гулшаний сингари истеъдодли ижодкорлар ҳаёти, қолдирган бой адабий мероси бугунги ижод аҳли, ёш қаламкашлар учун ўзига хос ибрат, намуна мактабидир.

Таҳририятимизга юртдошларимиз ўзларининг ижодий ишларини ҳам йўллашган. Улардан бири шаҳрисабзлик Абдураим Абдусамадовдир. Унинг шеърлари Ватан меҳри, юрт васфи, шу юрт одамлари ва уларнинг дарду ташвишлари, қувончи-бахтини тараннум этади. Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига бағишланган шеърда қуйидаги сатрлар бор:

Мисли юрагимга  гуллаган бўстон,

Ҳали ёзилмаган ғазал, куй-достон.

Шукрона ҳар тонги кумуш ранг нурга,

Бу менинг юртимдир - ҳур Ўзбекистон!

Косон туманилик Гулшода Дилмуродованинг шеърларида ҳам Ватанга меҳр-муҳаббат туйғулари ўз аксини топганини кўриш мумкин. “Она Ватан” сарлавҳали шеърида муаллиф шундай ёзади:

Етти иқлим кезсам ҳамки тополмасман қиёсинг,

Улкан мақсад сари юрдинг, мен ҳам бўлай сафдошинг.

Ўзингга хон, ўзингга бек, ўз эркингдир қўлингда,

Жоним қалқон қилай ғовлар бўлса агар йўлингда.

Шу туманлик яна бир шеърият ихлосманди Рауф Сайфуллаевнинг шеъри анъанавий мавзу – муҳаббат ҳақида. Унда ошиқнинг изтироблари ифодаланган:

Шифо бера олмас юракка жарроҳ,

Қушга айлантиргин, Яратган Оллоҳ!

Булутлар бағрида топайин паноҳ,

Азоблар ювилсин чекмайин бир оҳ.

Хуллас, таҳририятимизга келаётган юқоридаги каби мактубларнинг ҳар бири билан танишиб бораяпмиз. Муаллифларнинг ҳар бир фикри, мулоҳаза ва таклифлари, ижодий ишлари эса бизнинг эътиборимизда.

ТАҲРИРИЯТ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!