Меню
Қашқадарё
Мактабларнинг 855 ходимида коронавирус аниқланди, расмий статистикага кўра Қашқадарёда атиги 63 бемор бор
Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдуғани Ҳимматовга таяниб daryo.uz нашри ёзмоқда.
Айтилишича, вилоятдаги 1151 та мактаб ҳамда 191 та филиалда фаолият юритувчи 75 минг 427 нафар ходимнинг 32 минг 261 нафари коронавирусга тест топширган бўлиб, 855 ходимда коронавирус аниқланган. Шунга кўра, вирус аниқланмаган мактабларда анъанавий дарслар бошланишига рухсат берилган, қолганлари машғулотларни онлайн кўринишда олиб бормоқда.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Собир Муродов коронавирус билан касалланган ўқитувчиларнинг 41 нафари кеча аниқланганини қўшимча қилган.
Маълумот ўрнида, Касби, Деҳқонобод ва Китоб туманларидаги мактабларда дарс машғулотлари тўлиғича онлайн шаклда ўтилмоқда.
Шуниси эътиборлики, Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилаётган расмий статистикага кўра, шу йилнинг 14 сентябрь 23:30 ҳолатида Қашқадарёда жами вирус юқтирганлар сони 1034 нафарни ташкил қилмоқда. 13 бемор вафот этиб, 958 киши тузалган, деган маълумотларга ишонсак, айни пайтда Қашқадарёда коронавирусдан даволанаётганлар сони 63 нафар бўлади.
Биргина умумий ўрта таълим тизимида аниқланган 855 ҳолат ҳақида эса соғлиқни сақлаш тизими томонидан лом-мим дейилгани йўқ.