Меню
Қашқадарё
Мактаблар куз-қиш мавсумига тайёрми?
Матбуот анжумани
Вилоят халқ таълими бошқармасига қарашли 356 та таълим муассасасининг иссиқлик тизимида муаммолар мавжуд. Бунда 151 та мактаб қўлбола, “буржуйка” печлари ёрдамида иситилади, 205 та мактабнинг иситиш қозонлари маънан эскирган. Уларни янгисига алмаштириш учун 47,8 миллиард сўм маблағ зарур.
Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ОАВ ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.
Анжуманда кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходимлари атрофлича тушунтиришлар бериб ўтишди.
Таъкидландики, бугунги кунда вилоят халқ таълими бошқармаси тизимида 1235 та муассаса мавжуд бўлиб, уларнинг 152 таси табиий газ, 27 таси табиий газ ва кўмир, 1053 таси фақат кўмир ёрдамида, яна 3 таси эса марказлашган тизим орқали иситилади.
2022-2023 йилги куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида кўмир билан иситиладиган таълим муассасаларига жами 30 минг тонна ёқилғи жамғариш режалаштирилган бўлиб, ушбу ёқилғи жорий йил 5 сентябрь кунигача жойларга етказиб берилди. Айни пайтда янги ва реконструкция қилиниб, қўшимча қурилган бинолар ва кўмир маҳсулоти етишмайдиган мактаблар ҳисобидан яна 2070 тонна кўмир ёқилғисига эҳтиёж бор.
Матбуот анжуманида “Миллий рейтинг” натижалари ҳам кўриб чиқилиб, битирувчиларнинг олий таълимга ўқишга кириши ва ўртача тўпланган баллари бўйича 2021 йилда вилоят миқёсидаги юқори кўрсаткичлар Қарши шаҳрида 25,64 фоиз, Шаҳрисабз шаҳрида 22,13 фоиз, Китоб туманида 21,57 фоиз, Нишон туманида 19,70 фоиз, Шаҳрисабз туманида 19,36 фоизни, қуйи кўрсаткичлар эса Қамашида 15,03 фоиз, Косонда 14,50 фоиз, Деҳқонободда 14,06 фоиз, Миришкорда 12,39 фоиз ва Чироқчида 10,46 фоизни ташкил этди.
11-синф битирувчиларининг бандлиги 10 баллик тизимда баҳоланганда вилоятда топ ўнталикка Чироқчи 8,26, Миришкор 8,23, Деҳқонобод 7,35, Муборак 7,25, Ғузор 7,21, Шаҳрисабз 7,16, Қарши 7,13, Касби 6,76, Нишон тумани 6,58 балл, Қарши шаҳри 6,47 баллга, умумий ҳисобда 72,39 баллга баҳоланди. 2020 йилда бу кўрсаткич ўртача 64,24 баллни ташкил этган.
Анжуманда айтилганидек, 2021 йилда ўқувчилар ўртасида содир этилган жиноятлар сони 76 тани ташкил этди. Бу кўрсаткичнинг 2020 йилдагига нисбатан 29 тага ошгани вилоят халқ таълими тизимига ярашмайдиган ҳолатдир.
Матбуот анжуманида, шунингдек, маънавий-маърифий ва ўқув-тарбиявий муҳит (беш ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар асосида) борасида олиб борилаётган ишлар бўйича ҳам маълумот берилди.
Мутасаддилар журналист ва блогерларни қизиқтирган қатор саволларга жавоб беришди.
Шоҳиста БОЗОРОВА