Меню
Қашқадарё
МАКТАБЛАР БОЛАЛАР САЛОМАТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА КЎМАКЛАШАДИ
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда халқ таълими ва соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи мактаб” лойиҳаси доирасида Қарши шаҳридаги 25-сонли ва Деҳқонобод туманидаги 85-сонли умумтаълим мактабларида дастлабки семинарлар ўтказилди.
Бу ҳақда маълум қилган Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур лойиҳанинг асосий мақсади юртимизда саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи мактаблар тармоғини кенгайтириш, ўқувчилар соғлиғини яхшилаш орқали таълим сифатини ошириш, шунингдек, болаларда тиббий таълим кўникмаларини шакллантириб, мактабларда соғлом муҳитни яратишдан иборат. Ушбу кенг қамровли ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги фармони билан тасдиқланган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида назарда тутилган.
Халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимлари ҳамда пилот (тажриба-синов) мактаблари ходимлари учун ЖССТнинг маслаҳатчиси Л.Утемисова иштирокида ўтказилган семинарларда “Саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи мактаб” лойиҳаси бўйича Россия, Қозоғистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижаси ҳақида сўз юритилди. Шу билан бирга ўқув муассасалари мутахассислари учун лойиҳани рўёбга чиқариш йўналишларини танлаш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Ташкилотчилар томонидан таъкидланганидек, худди шундай семинарлар “Саломатликни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи мактаб” лойиҳаси амалга ошириладиган яна иккита ҳудуд – Ташкент шаҳри ва Фарғона вилоятидаги умумтаълим мактаблари ва нодавлат таълим ташкилотида бўлиб ўтган.
Ўз мухбиримиз