Меню

Қашқадарё

23.08.2019 2026

МАКТАБ ВА БОҒЧАЛАРДА "САРИҚ КАСАЛ" ТАРҚАЛИШИГА ҚАНДАЙ ОМИЛЛАР САБАБ БЎЛМОҚДА?

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида "Фарзандларимизни вирусли гепатит А касаллигидан асрайлик!" шиори остида ўтказилган брифингда шу ҳақда маълумот берилди.

Унда соҳа мутахассислари, вилоят халқ таълими, мактабгача таълим бошқармалари вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Брифингда вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Ш.Шеров, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ж.Раҳмонова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Ш.Нурматов ва бошқаларнинг вирусли гепатит А касаллигининг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш чоралари ва даволаш усуллари ҳақидаги маърузалари тингланди.

Таъкидландики, вирусли гепатит А билан касалланишнинг 60 фоизи болаларга тўғри келади, кўпинча 3-7 ёшдаги болалар касалланади. Вирусли гепатит А билан оғриган беморларда турғун ва бир умрлик иммунитет ҳосил бўлади. Юқиш омилларининг 54,7 фоизини маиший мулоқот, 39,5 фоизини озиқ-овқат ва 5,8 фоизини сув ташкил қилади.

Мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда касалликнинг келиб чиқиш сабаблари - синф ва гуруҳларда болалар сонининг ортиқлиги, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш учун шароитларнинг қониқарли эмаслиги, яъни ошхона ва ҳожатхоналарда қўл ювиш имкониятининг етарлича эмаслиги, муассасалар қайнатилган сув ва шахсий идиш-товоқлар билан таъминланмагани, эрталабки фильтр ишларининг сифатсиз ўтказилиши, дезинфекцион воситалар билан етарли миқдорда таъминланмагани, касаллик аниқланган синф ва гуруҳларда профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар қўл учида ўтказилишидир.

Брифинг савол-жавоблар асосида ўтди.

Худди шундай тадбир Шаҳрисабз шаҳри ва Ғузор туманида ҳам ташкил этилди.

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Ш.БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!