Меню

Қашқадарё

29.09.2016 2625

МАКТАБ ФОРМАЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА

Ҳукуматимиз томонидан кичик бизнес ривожига бу қадар устувор аҳамият қаратилаётгани, тадбиркорларга қатор имкониятлар тақдим этилаётгани ҳам бежиз эмас, албатта. Боиси, бугун ушбу тармоқ аҳолини иш билан таъминлашда яққол етакчи ҳисобланади. Иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 70 фоиздан кўпроғи айнан шу соҳада меҳнат қилаётгани фикримизни исботлайди.

Қарши шаҳридаги “Насаф чеварлари” масъулияти чекланган жамияти ҳам яқинда рўйхатга олинган кичик бизнес субъекти ҳисобланади. Корхона томонидан бир неча турдаги тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бошланиши натижасида 40 та янги иш ўрни ташкил бўлди. Ишчиларнинг 30 нафарга яқини коллеж битирувчилари экани қувонарлидир.

- Ишни касаначилик асосида ҳам йўлга қўйганмиз, - дейди корхона раҳбари Шавкат Холмуродов. – Малака орттирган, асосан ёш тикувчиларни меҳнатга жалб қилдик. Цехимизда 40 га яқин тикув дастгоҳи ўрнатилган. Фаолиятимизда сифатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Ҳозиргача қарийб 500 миллион сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга улгурдик. Мактаб ўқувчилари учун 5,5 минг донадан кўп махсус форма тикиб бердик. Бу борада вилоятимиздаги бир қанча таълим муассасалари билан шартномаларимиз бор.

Ишбилармоннинг сўзларига кўра, маҳсулотларни тайёрлашда асосан маҳаллий хомашёдан фойдаланилаётгани унинг таннархини анча арзонлаштиришга имкон бермоқда. Тадбиркор келгусида маҳсулот турини кўпайтиришни мақсад қилган. Хусусан, корхонада мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган қишки устки кийимлар тикишни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

М.ЖЎРАЕВ

Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!