Меню
Қашқадарё
Мактаб энди тугаяпти, талабалик эса нақд
Таълим ва ислоҳот
Қарши шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Шаҳризода Аралова инглиз тилини билиш даражасини баҳолаш халқаро тизими (IELTS) сертификатига эга, бу борадаги синовда 5,5 балл тўплаган. Шунингдек, у умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш бўйича имтиҳонда ҳам қатнашиб, она тили ва адабиёт фанидан миллий сертификат олган.
Демак, бу иқтидорли ўқувчида IELTS сертификати учун келгусида ОТМга ўқишга киришда Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида белгиланган имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд. Яъни у инглиз тилидан тест синовида қатнашмасданоқ, ушбу фан бўйича тўплаш мумкин бўлган максимал баллни олади.
Яна унга ҳукуматнинг абитуриентларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тест синовини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган "Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарорига кўра, олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида она тили ва адабиёт фани бўйича сертификатидаги ўзлаштириш фоизига мос равишда ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.
- Қувонарлиси, Шаҳризода Аралова сингари ўқувчиларимиз сафи йилдан-йилга кенгайиб бораяпти, - дейди мактаб директори Лазиз Холов. - Жорий йилги битирувчиларимиздан тўққиз нафари айни пайтда инглиз тилини билиш даражасини баҳолаш тизими бўйича тегишли сертификатларни қўлга киритгани бунга яққол далил бўла олади. Бундан ташқари, тўрт нафар 11-синф ўқувчимиз аллақачон ОТМга кириш масаласини ҳал қилиб қўйганини алоҳида мамнуният билан қайд этишни истардим. Улардан уч нафари онлайн имтиҳонлар асосида бирваракайига пойтахтдаги Британия менежмент университети (British Management University) ва АҚШнинг Вебстер (Vebster) университети Тошкент филиалида ўқиш учун таклиф олган бўлса, бир нафари Халқаро рақамли университет (International Digital University) талабаси бўлиш имкониятини қўлга киритди.
Албатта, юртимиз ёшлари мукаммал таълим олиши, иқтидорларини намоён қилиши учун имкониятлар ортиб бораётгани кейинги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мевасидир. Улардан унумли фойдаланаётган ўғил-қизлар эса буюк келажакка ишонч билан боқаётган шу мустақил юрт фарзандлари.
- Келгусида таълимни Жаҳон тиллари университетида давом эттиришни ният қилганман, - дейди мактабнинг битирувчи синф ўқувчиси Моҳинисо Иботова. - Шу мақсадимга эришиш учун ҳаракатни аввалроқ бошладим. Инглиз тилини билиш даражасини баҳолаш халқаро тизими талаблари асосида имтиҳон топшириб, 7,5 балл тўплаган ҳолда IELTS сертификатини олдим. Демак, танлаган йўналишимдаги асосий фан бўйича масала ҳал. Қолган фанлар бўйича ҳам тайёргарликни давом эттираяпман.
Муболағасиз, бу ёшларга ҳавасинг келади. Уларнинг замонавий шароитларда, жаҳон стандартлари асосида билим олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бераётган Юртнинг эса, шубҳасиз, келажаги буюк.
Ўз мухбиримиз