Меню
Қашқадарё
Мактаб бўйича 12, бир синфдан эса 8 нафар битирувчи олтин медаль олди
Катта орзулар, мақсадлар йўлида тинимсиз ҳаракат, меҳнат қилаётган ёшларнинг фаолиятида рағбатнинг аҳамияти юқори. Шу маънода, ҳукуматнинг 2019 йил 22 февралдаги тегишли қарори билан умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда академик лицейларнинг энг иқтидорли битирувчиларига олтин ва кумуш медаллар топшириш тизимининг йўлга қўйилгани уларда таълим олишга бўлган интилиш, шижоатни сезиларли кучайтирди.
Жорий йилда Қарши шаҳридаги 29-умумий ўрта таълим мактабини 171 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 12 нафари олтин, яна бир нафари эса кумуш медалга лойиқ кўрилди. Эътиборга молик тағин бир жиҳати, олтин медаль олганларнинг 8 нафари бир синф ўқувчиларидир.
- Синфимиз инглиз тилини чуқур ўрганишга ихтисослаштирилгани боис ўқувчиларимиз шу йўналишда қаттиқ ишлашди, - дейди синф раҳбари Ҳадича Ғаффорова. - Турли танловларда юқори натижаларни қўлга киритган, IELTSдан яхши балл олган ўқувчиларимиз кўп. Бирйўла 8 нафар ўқувчимизнинг мактабни олтин медаль билан тамомлаётгани эса уларнинг изланиш ва интилишлари бекор кетмаётганининг яна бир эътирофи бўлди.
Ҳадича Ғаффорованинг таъкидлашича, ушбу синфни 27 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг барчаси келгусида хорижий тилларни янада пухта ўрганишни мақсад қилган ва ўқишни шу йўналишдаги олий таълим муассасаларида давом эттирмоқчи.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.