Меню

Қашқадарё

03.08.2023 3082

Махсус хизматлар ордер олмасдан одамларни шахсий маълумотлари асосида кузатиш имкониятини сақлаб қолмоқчи

АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги компаниялардан фойдаланувчилар маълумотларини олишни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши чиқди. Бу ҳақда ArsTechnica манбаси хабар берган.

Агентлик ижтимоий тармоқлар, мобиль алоқа операторлари ва бошқа технология компанияларидан фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни сотиб олишдан манфаатдор. Махсус хизматлар Америка қонун чиқарувчиларига тайёрланган тузатишларга қарши чиқиш илтимоси билан мурожаат қилган. 

Миллий хавфсизлик агентлиги улар учун суддан ордер олмасдан одамларни турган жойи ва бошқа шахсий маълумотлари асосида кузатиш имконияти сақланиб қолиши керак деб ҳисоблайди.

Тузатишлар вакиллар палатаси аъзолари Уоррен Дэвидсон ва Сара Жейкобс томонидан киритилган. Улар "Фуқаролар маълумотлари махфийлиги тўғрисида"ги қонунга "АҚШ агентликлари қўлга киритиш учун ордер, суд қарори ёки чақирув қоғози талаб этиладиган маълумотларни сотиб олиши"ни бевосита тақиқловчи бандни киритишга чақирган.

Вакиллар палатасининг ҳуқуқ қўмитаси тегишли қонунга тузатиш киритишни маъқуллаб овоз берган. Бироқ, ҳозирча уни якуний қабул қилиш миллий хавфсизлик агентлиги ва умуман Америка разведка жамиятининг тузатишни кун тартибидан олиб ташлаш борасидаги уринишлари туфайли тўхтаб қолган.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!