Меню
Қашқадарё
МАХСУС ИШ ПОЙАБЗАЛЛАРИ ЭКСПОРТГА ЧИҚАРИЛАДИ
Қарши шаҳридаги "Premium capital group" масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган пойабзаллар рақобатбардошлиги ва харидоргирлигини ошириш борасида эришилаётган натижалар фикримизнинг тасдиғи бўла олади. Асосан махсус иш оёқ кийимлари тайёрлашга ихтисослашган ушбу тадбиркорлик субъекти маҳсулдорликни кўтаришни бош мақсад қилиб олган. Биргина ўтган йили корхона томонидан ички бозорга 25 минг жуфт пойабзал етказиб берилди. Мамлакатимиздаги нефть-газ ва электр энергетикаси саноати корхоналари мазкур маҳсулотларнинг асосий харидорлари ҳисобланади.
- Бироз аввал корхонамизда кенг истеъмолчилар учун мўлжалланган пойабзал - эркаклар туфлиси ишлаб чиқаришни бошлаб юбордик, - дейди ишбилармон Дилшод Муфтиллаев. - Айни вақтга қадар 500 жуфт пойабзал тайёрланиб, аҳолига тақдим этилди. Модель йўналишида тикилаётган бу маҳсулотларнинг тури 20 хилга етади. Улар барча ёш тоифалари учун мўлжалланган. Мавжуд талабни ҳисобга олиб, ишлаб чиқариш кўламини ошириб борамиз. Яна бир янгилик шуки, 2018 йилдан эътиборан илк бор махсус иш пойабзалларини экспортга чиқаришни ташкил этамиз. Россиядаги нефть-газ соҳаси корхоналари биздан маҳсулот сотиб олиш истагини билдиришди. Айни пайтда муҳим келишувларга эришиш арафасидамиз. Албатта, бу биз учун муҳим аҳамиятга эга.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, тадбиркор бундан икки йил илгари фойдаланилмай ётган бинони "ноль" харид қийматида олиб, жами 1 миллиард 800 миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан замонавий қувватларни ишга тушириш мажбуриятини қабул қилганди. Ўтган даврда мазкур бўш турган бинода қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди ва бу ерга Хитойдан келтирилган қиймати 400 минг долларлик ускуналар ўрнатилди. Эътиборлиси, мазкур линия ишлаб чиқариш жараёнларини алоҳида-алоҳида ташкил этиш имконини беради. Чармни бичиш ва тикишдан тортиб, ярим тайёр пойабзални пресслаш ва пардозлашгача бўлган ишлар махсус замонавий дастгоҳларда бажарилади. Маҳсулотнинг муҳим қисми саналган тагчармни ҳам шу ернинг ўзида қуйиб тайёрлаш имкони яратилган. Мавжуд технологиялар асосида бир йилда 500 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқариш мумкин. Лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши натижасида 80 та янги иш ўрни яратилди. Ходимларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади.
Вилоятимиз чарм-пойабзал саноатида рўёбга чиқарилаётган бу каби лойиҳалар ички бозорни маҳаллий хомашёдан тайёрланган сифатли ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга қаратилгани билан ҳам муҳимдир.
М.ЖЎРАЕВ
Ж.НОРҚОБИЛОВ олган сурат.