Меню
Қашқадарё
Маймун чечаги: тарқалиш ҳудуди кенгайиб, касалланиш ҳолатлари ортмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесуснинг маълум қилишича, 75 та мамлакатда 16 мингдан ортиқ маймун чечаги инфекцияси билан зарарланиш ҳолатлари аниқланди.
"Айни вақтда 75 та мамлакат ва ҳудудларда 16 мингдан ортиқ касалланиш ҳолатлари аниқланди, шунингдек, маймун чечагидан бешта ўлим қайд этилган", деган Гебрейесус ЖССТ фавқулодда ҳолатлар қўмитасининг иккинчи йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжуманида.
Аввал, аниқроғи ўтган шанба куни у маймун чечаги тарқалишини соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат, деб эълон қилганди. Ваҳоланки, июнь ойи охирида ЖССТ тегишли қўмитасининг биринчи йиғилиши ўтказилиб, якунда маймун чечаги тарқалиши ўзида соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолатни ифодаламаслиги қайд этилган эди. Шу билан бирга қўмита ушбу касаллик тарқалишининг фавқулодда хусусиятларини тан олган ва унинг ёйилишини назорат қилишга чақирган.
Маймун чечаги - одамдан одамга ҳам юқадиган камдан-кам учровчи вирусли инфекция. У қўзғатадиган касаллик одатда енгил кечади, кўпчилик беморлар бир неча ҳафтада тузалиб кетади, бироқ айримларда асоратлари бўлиши мумкин. Иситма, бош, мушаклар ва бел оғриғи, лимфа тугунлари катталашиши, титроқ ва ҳолсизлик дастлабки белгилари ҳисобланади. Беморда юздан бошланиб, тананинг бошқа қисмларига тарқалувчи тошма тошиши мумкин.